"Шарқ тароналари" – турли цивилизациялар, халқлар ва миллатлар ўртасида ўзига хос маданий ҳамкорлик ҳамда мулоқот майдони
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 26 август куни "Шарқ тароналари" ўн иккинчи халқаро мусиқа фестивалининг тантанали очилиш маросимида иштирок этди ва нутқ сўзлади.
Давлатимиз раҳбари меҳмонларни мамлакатимизда кўришдан мамнунлигини билдириб, йиғилганларни мазкур айём билан муборакбод этди.
Ушбу анжуман турли цивилизациялар, халқлар ва миллатлар ўртасида ўзига хос маданий ҳамкорлик ҳамда мулоқот майдонига айланганини, Регистон майдонига қадам қўйган ҳар бир санъаткор, миллати, тили ва динидан қатъи назар, башарият фарзанди сифатида дилларни дилларга, элларни элларга боғлашини таъкидлади.
- Мусиқа санъати маданий феномен сифатида янги авлодни тарбиялаш ва камолга етказиш борасида чексиз имкониятларга эгадир. Санъат билан ошно бўлган ёшларнинг ҳаётга муносабати, миллий урф-одат ва умумбашарий қадриятларга ҳурмати баланд бўлади, - деди Президент.
ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуле ўз чиқишида фестиваль ўтаётган Самарқанд Амир Темурнинг буюк давлати, Регистон майдони эса Мирзо Улуғбек меросидан далолат беришини, бу мерос асрлар давомида олимлар, ҳунармандлар, санъаткорларни бу ерга етаклаганини қайд этди. Умумбашарий тарихни асраш, универсал тил бўлган мусиқани ривожлантириш ЮНЕСКОнинг масъулият доирасига киришини, ташкилот Ўзбекистон билан кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантириш ниятида эканини таъкидлади.
Шунингдек, маросимда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ижроия қўмитаси, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Бангладеш, Польша, Беларусь, Япония, Жанубий Корея, Буюк Британия ва бошқа мамлакатлардан расмий шахслар, фахрий меҳмонлар иштирок этди.
Бу йилги фестивалда 75 та давлатдан 340 нафар вакил қатнашмоқда. Давлатимиз раҳбари уларни санъатнинг чинакам фидойилари, тинчлик ва эзгулик элчилари деб атади.
Фестиваль доирасида "Шарқ халқлари анъанавий мусиқа санъатини ривожлантириш истиқболлари" мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция ҳам бўлиб ўтди.