Шавкат Мирзиёев ва Сооронбай Жээнбеков ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдилар
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бишкек шаҳрида Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбеков билан учрашди.
Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари Қирғизистон Президентини Шанхай ҳамкорлик ташкилотидаги муваффақиятли раислиги билан табриклаб, кўрсатилаётган самимий қабул учун миннатдорлик билдирди.
Президентлар мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва стратегик шериклик муносабатлари тобора мустаҳкамланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этдилар.
Ўзаро савдо ҳажми изчил ортмоқда, иқтисодиётнинг турли тармоқларида кооперация йўлга қўйилмоқда, маданий-гуманитар алмашинув кенгаймоқда.
Учрашувда икки томонлама ҳамкорликка доир ва минтақавий аҳамиятга эга масалалар кўриб чиқилди.
Томонлар кўп қиррали шерикликни кенгайтиришга қаратилган биргаликдаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштиришга келишиб олдилар.