Хозирда мазкур сайтнинг янги версияси яратилмокда

Logo

Шавкат Мирзиёев: асосий мақсадимиз – одамларга барча зарур қулайликларни яратишдир

8715 11 Июл, 2017 Чоп этиш Юклаб олиш (PDF 117 Kb)


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 10 июль куни Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди. 

Давлатимиз раҳбари жорий йил 3 февраль куни пойтахтимизнинг Сергели туманида бўлиб, замонавий уй-жойлар қуриш, транспорт инфратузилмасини яхшилаш бўйича қатор истиқболли вазифаларни белгилаб берган эди. Бу галги ташрифда ана шу ишларнинг ижросига эътибор қаратилди. 

Бугун Сергели туманининг 6-мавзеси улкан қурилиш майдонига айланган. Бу ерда 66 та 7 қаватли уй бунёд этилмоқда. Улар Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллиги арафасида фойдаланишга топширилади. 2 минг 500 дан зиёд оила янги уйга кўчиб ўтади. 

Мамлакатимизнинг барча шаҳару қишлоқларида олиб борилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари халқимизнинг ҳаётий муҳим манфаатларини таъминламоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 22 ноябрдаги "2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уй-жойлар қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига мувофиқ тизимли ишлар олиб борилмоқда. Мазкур қарор асосида қурилаётган уй-жойлар шаҳар аҳолиси, жумладан, ёш оилалар, уйга муҳтож фуқароларни арзон, қулай, замонавий уй-жойлар билан таъминлашга хизмат қилмоқда. 

Қарорга мувофиқ, 2017-2020 йилларда мамлакатимиз шаҳарларида 945 кўп қаватли уй-жой қурилиши режалаштирилган. 2017 йилда 191 кўп қаватли уй барпо этилиши белгиланган. Шундан 102 таси Тошкент шаҳрида бунёд этилмоқда. 

Сергели туманидаги қурилиш ишлари учта майдонда олиб борилмоқда. 6-мавзедаги 66 та етти қаватли уй қурилиши якунланиш арафасида. Бошқа майдонлардаги 36 та кўп қаватли уйни қуриш ишлари ҳам бошлаб юборилган. 

Уйлар мамлакатимизда ишлаб чиқарилган қурилиш материалларидан замонавий қилиб барпо этилмоқда. Шунингдек, мактаблар, мактабгача таълим муассасалари, дам олиш жойлари, поликлиникалар, болалар майдончалари, автомобиль турар жойлари ва бошқа инфратузилма объектлари қурилиши режалаштирилган. 

Президентимиз ушбу уйлардан бирига кириб, бу ерда яратилаётган шароитлар билан қизиқди. 

Мамлакатимизда аҳолини уй-жой билан таъминлаш бўйича замонавий тизим яратилди, деди Шавкат Мирзиёев. Бу одамларнинг кўп йиллик орзу-истакларини рўёбга чиқарадиган муҳим йўналиш. Бу ишларни ўз вақтида бошламаганимизда шундай натижага эриша олармидик. 

Соҳадаги ишларни яна бир бор танқидий кўриб чиқиш, одамлар ҳаёти учун яратилаётган қулайликларни янада ошириш, бунда масаланинг ҳар бир жиҳатига эътибор бериш зарурлиги таъкидланди. 

Қурилиш ташкилотларининг моддий-техник ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, шаҳарсозлик маданиятини ривожлантириш, массивларда манзарали дарахтлар, гуллар экиш масалаларига эътибор қаратилди. 

Шу ерда Сергели туманини комплекс ривожлантириш бўйича режалар намойиш этилди. 

Шавкат Мирзиёев Сергели туманида амалга оширилаётган метро қурилиши билан танишди. 

Метро жамоат транспорти турлари орасида ўзининг қулай, хавфсиз ва тезкорлиги билан ажралиб туради. 1977 йилда Тошкентда барпо этилган илк метро линиясининг узунлиги 12,2 километр бўлиб, тўққиз бекатдан иборат эди. Ўзбекистон ва Юнусобод йўналишлари билан Тошкент метрополитени ривожлантирилди ва узунлиги 39 километрга, бекатлари сони 29 тага етди. 

Мутахассисларнинг таъкидлашича, Сергели туманида метро қуриш ўта мураккаб жараён. Шу боис мазкур йўналишдаги метро ер усти бўйлаб, эстакадалар орқали ташкил этилади. Чилонзор йўналишининг Олмазор бекатидан бошланадиган Сергели йўналишида олти бекат бунёд этилади. 

2017-2020 йилларга мўлжалланган мазкур қурилишга 170,1 миллион доллар сарфланади. Узунлиги 7,1 километрни ташкил этувчи мазкур иншоот тўлиқ ишга туширилгач, йилига 14 миллиондан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатиши мўлжалланмоқда. Ўзига хос муҳандислик ечимлари асосида бунёд этилаётган транспорт йўли Чоштепа маҳалласидан ўтиб, Сергели туманининг Йўлдош мавзесидаги Мағриб кўчасигача боради. 

Шавкат Мирзиёевга Тошкент метрополитенининг Юнусобод йўналишида олиб борилаётган қурилиш ишлари ҳақида ҳам маълумот берилди. Бугун мазкур йўналишнинг Туркистон бекатида пойдевор қуйиш ишлари олиб борилмоқда. 

Янги қурилаётган метро бекатларининг дизайни, деворларига ишлатиладиган қурилиш материаллари, тасвирлардан намуналар намойиш этилди. 

Бекатлар шинам, ёруғ ва гўзал бўлиши, бу бўйича ёш дизайнерлар ўртасида танлов ўтказиш керак, деди Президентимиз. 

Сергели туманидаги Қипчоқ кўчаси аҳоли ва транспорт ҳаракатига қулайлик яратиш мақсадида замонавий қилиб кенгайтирилмоқда. Ушбу кўчанинг темир йўл билан кесишган жойида узунлиги 1011, эни 28 метр бўлган йўл ўтказгич қурилиши режалаштирилган. 

Шавкат Мирзиёев мазкур иншоот лойиҳаси билан танишди. 

Йўл ўтказгич кўчадаги тирбандликни бартараф этиб, автомобиль ва поездлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлайди. Қипчоқ кўчаси Янги Сергели айланма йўли билан Тошкент халқа автомобиль йўлини боғлаб, транспорт ҳаракати учун қўшимча қулайликлар яратади. 

Шу ерда ободонлаштириш ишларига ихтисослашган янги машиналар намойиш этилди. 

Президентимиз "Паллада инвестмент" қўшма корхонасига ташриф буюрди. 

Бу ерда Европа технологияси асосида "Имзо-Акфа" бренди остида 20 дан ортиқ турдаги ромлар ишлаб чиқарилмоқда. Маҳсулотлар Қозоғистон, Қирғизистон ва Афғонистонга экспорт қилинмоқда. Корхонада мингдан ортиқ киши меҳнат қилмоқда. 

Шавкат Мирзиёев корхона лабораторияси, ишлаб чиқариш цехларини кўздан кечирди. Корхонада ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, янги маҳсулотларни ўзлаштириш, экспорт кўламини кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берди. 

Аввал хабар қилинганидек, Тошкент шаҳри атрофида тезюрар электричка қатнови йўлга қўйилади. Давлатимиз раҳбари ушбу темир йўл қурилиши лойиҳасини кўздан кечирди. 

Электричка икки йўлли бўлади. Каналлар ва кўчалар кесишган жойдан эстакадалар орқали олиб ўтилади. 

Президентимиз мамлакатимизда бу янги соҳа экани, уни лойиҳалаштиришда илғор хориж тажрибасини ўрганиш, шу соҳага ихтисослашган мутахассисларни жалб этиш зарурлигини, энг асосийси, биронта ҳам уй бузилмаслиги кераклигини алоҳида таъкидлади. 

Асосий мақсадимиз – одамларга барча зарур қулайликларни яратиш, деди Шавкат Мирзиёев. Бу йўлни бошқа йўллар билан оқилона боғлаш орқали шаҳар транспорти юкламасини 30-40 фоизгача енгиллаштириш мумкин. Йўналиш ва бекатларни аҳолининг талаб ва эҳтиёжлари, шу билан бирга, шаҳарнинг келгуси ривожланишини инобатга олиб лойиҳалаштириш зарур. 

ЎзА

Интерактив xизматлар

Ягона интерактив давлат xизматлари портали