Шавкат Мирзиёев Самарқандда
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 27 август куни Самарқандга келди. Давлатимиз раҳбари вилоятга ташрифини Биринчи Президентимиз Ислом Каримов қабрини зиёрат қилишдан бошлади.
Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов қабрига гул қўйди. Қуръон тиловат қилинди.
Президентимиз бу ерда амалга оширилаётган ишларни кўздан кечирди.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 25 январдаги "Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ Самарқанд шаҳрида Ислом Каримов дафн этилган ҳудудда ёдгорлик мажмуаси барпо этилмоқда.
Президентимиз 2017 йил 14 апрель куни Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида ушбу мақбара лойиҳаси билан танишиб, уни такомиллаштириш бўйича кўрсатмалар берган эди. Шу асосда бу ерда улкан қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Мақбара мармар ва гранитдан бунёд этилган, Қуръон оятлари билан безатилган. Айвон пештоқларига Ислом Каримовнинг ҳикматли сўзлари ўзбек, инглиз ва араб тилларида битилган. Мажмуа атрофи кенгайтирилиб, зиёратчилар учун барча қулайликлар яратилган. Биринчи Президентимиз мақбараси Ҳазрати Хизр масжиди билан уйғунлик касб этган.
Шавкат Мирзиёев мажмуадаги қурилиш ва ободонлаштириш ишларини якунига етказиш, зиёратчилар учун шароитларни янада яхшилаш, қабристонни обод қилиш бўйича тавсиялар берди.
Шавкат Мирзиёев Имом Бухорий мажмуасига ташриф буюрди. Ўтганлар хотираси ёд этилиб, Қуръон тиловат қилинди.
Президентимиз ташаббуси билан мазкур мажмуа қошида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази барпо этилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси қошида ислом маданияти, умумбашарий цивилизация ривожига беназир ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг кўп қиррали бой меросини ўрганишга ихтисослашган халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этиш ташаббуси мамлакатимиз жамоатчилиги ва халқаро ҳамжамият томонидан кенг қўллаб-қувватланди.
Тез орада мазкур лойиҳани амалга ошириш бўйича қурилиш ишлари бошлаб юборилди. Шавкат Мирзиёев 2017 йил 14 апрель куни Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида мазкур марказ қурилиши билан танишди.
Президентимизнинг шу йил 21 май куни Саудия Арабистонига ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси ва Ислом тараққиёт банки ўртасида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини тузиш тўғрисида Англашув меморандуми имзоланди.
Бугунги кунда илмий-тадқиқот маркази қурилиши жадал давом этмоқда. Давлатимиз раҳбари мазкур марказни замонавий қилиб бунёд этиш билан бирга уни маънавий мазмун билан янада бойитиш, буюк аждодларимиз меросини тарғиб этишни илмий асосда йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади.
Президентимизга Самарқанд шаҳрининг Даҳбед кўчасидан Пайариқ туманидаги Имом Бухорий мажмуасига олиб борувчи Нурафшон кўчасини ободонлаштириш, йўл бўйида замонавий турар-жойлар, савдо ва маиший хизмат иншоотлари барпо этиш лойиҳалари бўйича маълумот берилди.