Хозирда мазкур сайтнинг янги версияси яратилмокда

Logo

Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятига ташриф буюрди

14697 17 Май, 2017 Чоп этиш Юклаб олиш (PDF 435 Kb)


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, йирик лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 17 май куни Сирдарё вилоятига ташриф буюрди.

Ўзбекистонда гидроэнергетика соҳасида янги компания тузилади. Бу ҳақда Президентимиз Шавкат Мирзиёев Сардоба сув омбори билан танишуви чоғида маълум қилди. 

Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2010 йилда Жанубий Мирзачўл каналининг марказий тармоғи оқиб ўтган ҳудудда сув омбори бунёд этила бошланган эди. Жорий йилда қурилиши якунланадиган гидроиншоотда 922 миллион куб метр сув тўпланади. Бу Сирдарё ва Жиззах вилоятларидаги унумдор ерлардан фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини ошириш имконини беради. 

Кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантирмоқдамиз, одамлар такрорий экин экиб, қўшимча даромад топсин. Сардоба сув омбори ҳудуддаги деҳқон ва фермерларга бу борада катта имкониятлар яратади, деди давлатимиз раҳбари. 

Президентимизнинг Хитой Халқ Республикасига давлат ташрифи чоғида гидроэнергетика соҳасида ҳам муҳим келишувларга эришилди. Ушбу мамлакат билан ҳамкорликда сув омбори ёнида қуввати 15 мегаватт бўлган мини гидроэлектростанция  қурилади. 

Давлатимиз раҳбари мамлакатимизда муқобил энергетикани ривожлантириш бўйича истиқболли чора-тадбирлар ишлаб чиқилаётгани, гидроэнергетика соҳасида янги компания тузилиши режалаштирилаётганини таъкидлади. 

Сув омбори атрофида дам олиш зонаси ташкил этилади. 

Шу ерда Мирзаобод туманида амалга оширилиши режалаштирилган қишлоқ хўжалиги соҳасидаги истиқболли лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. 


"Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамиятига қарашли "Сардоба темир йўл агросаноат мажмуаси" унитар корхонаси томонидан балиқчилик, чорвачилик, мева-сабзавотни қайта ишлаш, сут маҳсулотлари ва омихта ем ишлаб чиқаришга ихтисослашган лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган. 

Сардоба сув омбори ва Мирзаобод тумани ҳудудида ташкил этиладиган балиқчилик мажмуаси инкубацион цех, интенсив ҳовузлар, балиқни қайта ишлаш заводи, маҳсулотларни сақловчи музлаткични ўз ичига олади. Балиқ учун омихта ем ҳам шу ернинг ўзида ишлаб чиқарилади. Ушбу корхоналарда 150 иш ўрни яратилади. Мажмуа "Ипотека-банк" билан ҳамкорликда ташкил этилаётган "Сирдарё балиқ саноат" корхонаси учун асосий база бўлиб хизмат қилади. 

Сардоба мева-сабзовотлар логистика маркази ҳам кўп тармоқли бўлади. Бу ерда мева-сабзавотлар етиштириш, саралаш, қайта ишлаш, қадоқлаш, музлатиш, сақлаш, қуритиш ва етказиб бериш ташкил этилади. Корхонада 220 киши иш билан таъминланади. 

Мирзаобод туманида ташкил этиладиган чорвачилик комплексида зотдор қорамоллар кўпайтириш орқали аҳолига гўшт ва сут етказиб бериш йўлга қўйилади. 100 иш ўрни яратилади. 

Ушбу тумандаги яна бир корхонада сут маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. 3 минг 500 тонна сут қайта ишланиб, кенг турдаги маҳсулотлар тайёрланади ва қадоқланади. 25 кишининг бандлиги таъминланади. 

Тармоқдаги корхоналарни омихта ем билан таъминлаш мақсадида шу йўналишда корхона ташкил этиш мўлжалланган. 3 минг тонна омихта ем ишлаб чиқариладиган корхонада 25 иш ўрни яратилади. 

Давлатимиз раҳбари Сирдарё вилоятига ташрифи давомида Гулистон шаҳридаги "Sirdaryo Best Fashion" корхонасида бўлди. 


Жорий йил март ойида фойдаланишга топширилган мазкур корхонада 500 га яқин одам иш билан таъминланган. Бу ерда ишлаб чиқарилаётган трикотаж маҳсулотлари тўлиқ экспорт қилинмоқда. 

Давлатимиз раҳбари корхона фаолияти билан танишди. 

Замонавий ва энергиятежамкор технологик ускуналар билан жиҳозланган корхона бугун нафақат вилоятда, балки мамлакатимиз миёсида ҳам ўз ўрнига эга. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёевга 2017-2018 йилларда вилоятда енгил саноат соҳасини ривожлантириш бўйича манзилли дастур ҳақида маълумот берилди. Дастурда болалар спорт кийимлари, трикотаж ва момиқ матолар, тайёр газлама, ип-калава ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган. 

Корхоналар 72 минг тонна пахта толасини қайта ишлаш қувватига эга бўлиб, уларда 3 мингдан ортиқ иш ўрни яратилади. 

Шавкат Мирзиёевга вилоятда ташкил этилаётган фармацевтика ва тиббиёт буюмлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналар лойиҳалари ҳақида ҳам сўзлаб берилди. 

Янги ташкил этиладиган корхоналарда ишлаб чиқариладиган фармацевтика ва тиббиёт буюмлари импорт қилинаётган маҳсулотлар ўрнини босади. 

Шавкат Мирзиёев яратиладиган иш ўринларига коллеж битирувчиларини кенг жалб қилиш кераклигини алоҳида қайд этди.

Президентимиз Мирзаобод туманидаги "Абдуғани Турдибоевич" кўп тармоқли фермер хўжалиги фаолияти билан танишди. 

Сирдарё вилоятида қишлоқ хўжалиги изчил ривожланиб, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва бошқа тармоқларда юқори натижаларга эришаётган кўп тармоқли фермер хўжаликлари сафи кенгайиб бормоқда. Улар томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар аҳоли фаровонлигини ошириш, сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш имконини бермоқда. 

2014 йилда ташкил этилган "Абдуғани Турдибоевич" кўп тармоқли фермер хўжалиги 34 гектар ер майдонига эга. Шундан 16 гектарида пахта, 15 гектарида ғалла, 3 гектарида соя етиштирилмоқда. 

Президентимизнинг 2017 йил 14 мартдаги "2017-2021 йилларда республикада соя экини экишни ва соя дони етиштиришни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ва давлатимиз раҳбарининг Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида берилган топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилда мамлакатимиздаги 2 минг 200 дан зиёд фермер хўжалигида шартнома асосида 21 минг гектар майдонга соя экиш кўзда тутилган. Натижада 33,7 минг тонна соя дони етиштирилиб, 6,1 минг тонна ўсимлик ёғи ҳамда 25 минг тоннадан ортиқ соя шроти ишлаб чиқарилади. 

Бундан ташқари, соя экилган майдонларда 80-100 килограмм соф азот тўпланиши ва тупроқ унумдорлиги яхшиланиши ҳисобига пахта ва ғалладан юқори ҳосил олишга имконият яратилади. 

Соя етиштиришни кўпайтириш, уни шу ернинг ўзида қайта ишлаб, экспортга ҳам йўналтириш чораларини кўриш керак, деди Президентимиз. Соя экиш орқали ер унумдорлигини ошириш, соя агротехникаси бўйича мутахассислар тайёрлаш лозим. 

Давлатимиз раҳбари вилоятда боғдорчилик, чорвачилик ва паррандачиликни ривожлантириш лойиҳаларини ҳам кўздан кечирди. Лойиҳалар бўйича фикрларини билдириб, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди. 

Президентимиз шу ерда нуроний отахонлар билан мулоқот қилди.

Мамлакатимизнинг барча шаҳарлари қатори Гулистон шаҳрида ҳам улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. 

2015-2016 йилларда Гулистон шаҳрининг Ўзбекистон ва Бирлашган кўчаларида 180 хонадонга эга 15 кўп қаватли уй қурилди. Уйларнинг биринчи қавати савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларига мўлжалланган. 

Президентимиз шу уйлар жойлашган "Намуна" маҳалла фуқаролар йиғинига ташриф буюрди. Маҳалла раиси ва фаоллари билан мулоқотда мамлакатимизда инсон манфаатларини таъминлаш, одамларнинг турмуш даражаси ва ишончини ошириш, маҳалла идораларининг имкониятларини кенгайтириш борасида амалга оширилаётан ислоҳотлар ҳақида сўз юритилди. 

Мазкур маҳалла профилактика инспектори Санжар Муродов яқинда Гулистон давлат университети талабаси Ҳурриятхон билан оила қурган. Президентимиз жорий қилган тизимга мувофиқ янги қурилган уйлардаги хонадонлардан бири С.Муродов оиласига берилган. 

Давлатимиз раҳбари Санжар Муродов хонадонида бўлди. Фуқаролар йиғини биносида маҳалла раиси, маслаҳатчилар ва профилактика инспектори ишлаши учун яратилган шароитлар билан танишди. 

Шу ерда Гулистон шаҳрининг бош режаси асосида амалга ошириладиган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари тақдимоти ҳам ўтказилди. 

Президентимиз бу иншоотларнинг ижтимоий аҳамиятига алоҳида эътибор қаратди. Лойиҳаларни такомиллаштириш, қурилиш ишларини ўз вақтида, сифатли бажариш бўйича зарур тавсиялар берди.

Давлатимиз раҳбари Ховос туманидаги "Ҳожи Гадойбой ота" хусусий корхонаси томонидан ташкил этилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга мўлжалланган иссиқхонани кўздан кечирди. 

Сирдарё вилоятида 2016-2020 йилларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш бўйича янги корхоналар қуриш, амалдагиларини реконструкция ва модернизация қилиш, ярим тайёр ва тайёр озиқ-овқат маҳсулотлари, қадоқлаш материаллари ишлаб чиқариш дастури доирасида иссиқхонага Жанубий Кореяда ишлаб чиқарилган юқори самарадорликка эга замонавий ускуналар келтириб ўрнатилган. 

Қиймати 625 минг доллар, майдони бир гектар бўлган иссиқхонада йилига 150-200 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилади. Маҳсулотларнинг асосий қисмини экспорт қилиш режалаштирилган. 


Президентимиз мазкур иссиқхонани кенгайтириш, бошқа вилоятларда ҳам шундай корхоналар ташкил этиш, мазкур соҳа вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш кераклигини таъкидлади. 

Шу ернинг ўзида вилоятда амалга оширилиши режалаштирилаётган мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, сақлаш ва қайта ишлаш лойиҳалари тақдимоти ҳам ўтказилди. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Янгиер шаҳрига ташрифи чоғида хусусийлаштирилган, аммо бугун бўш турган корхона ва объектлардан самарали фойдаланиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар билан қизиқди. 

Давлатимиз раҳбарига вилоят иқтисодиёт комплекси томонидан хўжалик юритувчи субъектларни молиявий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ҳаракатлар режаси тўғрисида маълумот берилди. 

Президентимиз мазкур ҳаракатлар режаси бўйича ҳар ойда бажариладиган ишларни аниқ белгилаш ва мутасаддиларнинг масъулиятини ошириш, Тадбиркорликка кўмаклашиш марказини ташкил этиш зарурлигини таъкидлади. 

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш борасидаги муҳим вазифалардан бири сифатида хусусий мулкнинг ролини кучайтириш ва хусусийлаштирилган объектлар негизида тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш белгиланган. 

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 18 апрелдаги "Хусусийлаштирилган корхоналар билан ишлаш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ушбу йўналишдаги ишларни янги босқичга кўтариш, хусусийлаштирилган корхоналарнинг ишлаб чиқариш салоҳиятини кенгайтириш, экспортни жадаллаштиришда муҳим омил бўлмоқда. 

Сирдарё вилоятидаги хусусийлаштирилган 1 минг 343 корхонада ўтказилган хатлов натижасида бугунги кунда бўш турган ва қурилиши тугалланмаган 237 объект аниқланган. Ушбу объектлардан 130 таси фаолиятини қайта тиклаш бўйича инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилган. Унга кўра мазкур корхоналарда саноат йўналишида қиймати 51,9 миллиард сўмлик 36, қишлоқ хўжалигида 11,8 миллиард сўмдан ортиқ 26, хизмат кўрсатиш ва сервис йўналишида 18 миллиард сўмдан ортиқ миқдоридаги 68 лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган. Натижада 1 минг 300 дан кўпроқ янги иш ўрни яратилади. 

Гулистон шаҳридаги собиқ "Восток ЛТД" корхонасининг бўш турган биносида "Record Тextil" МЧЖ томонидан қиймати 10,1 миллиард сўмлик ип-калавани бўяш, Сардоба туманидаги собиқ паррандачилик мажмуасида "Бобур" МЧЖ томонидан қиймати 1,9 миллиард сўмлик бройлер жўжалари етиштириш, Сирдарё туманидаги собиқ спорт жиҳозлари заводида "Файз" МЧЖнинг 20 миллиард сўмлик инвестицияси ҳисобидан ғўзапояни қайта ишлаш орқали ДСП ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилади. 

Вилоятда фойдаланилмаётган давлат объектлари 75 тани ташкил этади. Уларнинг 34 тасини "ноль" харид қийматида сотиш, яроқсиз бўлгани сабабли 2 тасини бузиш ва бўшаган ер майдонини тадбиркорларга бериш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган. 

Ҳар бир объектни чуқур ўрганиш ва уни ишга тушириш бўйича аниқ таклифлар тайёрлаш лозим, деди давлатимиз раҳбари. Бўш турган объектларни тадбиркорларга имтиёзли шартларда бериш ва уларда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, ички ва ташқи бозорларни топиш зарур.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Янгиер шаҳридаги "Янгиер" кичик саноат зонасида амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди. 

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 30 мартдаги қарорига мувофиқ "Янгиер" кичик саноат зонаси ташкил этилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад шаҳар саноати салоҳиятини ривожлантириш, кичик тадбиркорлик субъектлари фаолиятини рағбатлантириш, замонавий ишлаб чиқаришни ташкил қилишга инвестицияларни кенг жалб этиш ҳамда ички ва ташқи бозор учун рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун қулай шарт-шароит яратишдир. 

Ушбу саноат зонасида 2017-2018 йилларга мўлжалланган қиймати салкам 106 миллион доллар бўлган 125 лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Бунинг самарасида вилоятда тўқимачилик, чарм-пойабзал, кимё, озиқ-овқат, электротехника саноати, қурилиш материаллари, мева-сабзавотни чуқур қайта ишлаш ва бошқа йўналишларда юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. 3 минг 200 дан зиёд иш ўрни яратилади. 

Бугунги кунда саноат зонаси учун 537 гектардан кўпроқ ер майдони ажратилиб, уни йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмалари билан таъминлаш, ишлаб чиқариш қувватларини жойлаштириш юзасидан изчил ишлар амалга оширилмоқда. 

Давлатимиз раҳбари ушбу кичик саноат зонасининг имкониятлари, лойиҳаларнинг иқтисодий самарадорлиги билан қизиқди. 

Тадбиркорлар билан ўтказилган суҳбатда яратилган қулай ишбилармонлик муҳитидан самарали фойдаланиб, рақобатдош маҳсулотлар турларини кўпайтириш, хорижлик ишбилармонлар билан ҳамкорликни кенгайтириш ва экспортни ривожлантириш юзасидан тавсиялар берилди. 

Президентимиз саноат зонаси ҳудудидаги собиқ "Янгиерйўлиндустрия" унитар корхонасининг бўш турган биносини кўздан кечирди. Ҳудуди 9 гектар бўлган мазкур корхона "Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамияти таркибига ўтказилиб, унинг негизида Янгиер темир-бетон ва металл конструкциялари ишлаб чиқариш заводи ташкил этилмоқда. Мазкур заводда йилига 83 минг куб метр темир-бетон маҳсулотлари, 5,5 минг тонна металл конструкциялари ишлаб чиқариш, 15 кўприк ва йўл ўтказгични қуриш ва таъмирлаш мўлжалланмоқда. Ушбу лойиҳа учун 80 миллиард сўм миқдорида инвестиция киритилади. Натижада 1 минг 250 янги иш ўрни яратилади. 

Шавкат Мирзиёев ушбу корхона вилоятдаги муҳим саноат объектларидан бири экани, бу ерда ишлаб чиқариладиган маҳсулотларга талаб юқори бўлишини қайд этди.

ЎзА

Интерактив xизматлар

Ягона интерактив давлат xизматлари портали