Хозирда мазкур сайтнинг янги версияси яратилмокда

Logo

Шавкат Мирзиёев уруш ва меҳнат фахрийларини табриклади

9438 10 Май, 2018 Чоп этиш Юклаб олиш (PDF 325 Kb)


Тошкент ботаника боғида Хотира ва Қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 73 йиллигига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди. 

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди.

Бу ерда Иккинчи жаҳон урушидаги шароит акс эттирилган. Окоп ва блиндажлар қурилган, ўша давр қурол-аслаҳалари ва ҳарбий техникалари намойиш этилган. 

Давлатимиз раҳбари ушбу кўргазмани кўздан кечирди.

Дунё тарихидаги энг даҳшатли, энг қонли қирғин бўлган Иккинчи жаҳон уруши инсониятга мислсиз йўқотишлар, талафот ва мусибатлар олиб келган. Ушбу бешафқат жангда Ўзбекистондаги меҳнатга лаёқатли аҳолининг деярли ярми қатнашган, уларнинг 500 мингдан кўпроғи жанг майдонларида ҳалок бўлган. Қанчадан-қанча инсонлар майиб-мажруҳ бўлиб қайтган, яна қанчаси бедарак кетган. 

Халқимиз фронт ҳудудларидан кўчирилган бир миллионга яқин кишини қабул қилган. Жумладан, икки юз мингдан зиёд болаларни "Сен етим эмассан" деб оиласи бағрига олган, бир бурда нонини улар билан баҳам кўриб, ўз болалари қатори вояга етказган. 

Халқимизнинг бундай бағрикенглиги ва олижаноблигини, фашизм устидан ғалаба қозонишга қўшган улкан ҳиссасини бутун дунё эътироф этади. Иккинчи жаҳон уруши тугаган 9 май куни мамлакатимизда умумхалқ байрами сифатида нишонланади.    

Байрам тадбирида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан келган уруш ва меҳнат фахрийлари иштирок этди.


Президент Шавкат Мирзиёев 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни билан, Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 73 йиллиги билан барча фахрийларни, бутун халқимизни табриклади. 

Ўзбекистон Қуролли Кучлари Марказий ашула ва рақс ансамбли, эстрада хонандалари ижросида куй-қўшиқлар янгради. Уруш йилларининг ситамли хотиралари, бугунги тинч-осойишта ҳаёт қадри акс эттирилган бадиий чиқишлар қатнашчиларда унутилмас таассурот қолдирди.

president.uz

Интерактив xизматлар

Ягона интерактив давлат xизматлари портали