Хозирда мазкур сайтнинг янги версияси яратилмокда

Logo

Шавкат Мирзиёев Юнусобод туманига ташриф буюрди

17222 15 Июл, 2017 Чоп этиш Юклаб олиш (PDF 217 Kb)


Президентимиз Шавкат Мирзиёев 15 июль куни пойтахтимизнинг Юнусобод туманига ташриф буюрди. 

Давлатимиз раҳбари туманда жойлашган Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасининг Қўриқлаш бошқармаси фаолияти билан танишди. 

Мамлакатимизда ички ишлар тизими тубдан ислоҳ қилинмоқда. Президентимиз ташаббуси билан профилактика инспекторлари ўзи хизмат қилаётган ҳудудда яшайдиган, фуқаролар йиғинлари билан бирга ишлайдиган янги тизим яратилмоқда. Ички ишлар ходимлари уй-жой, автомобиль ва замонавий техника воситалари билан таъминланмоқда. 

Соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилаётгани тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, жамоат тартибини сақлашда муҳим ўрин тутмоқда. Мамлакатимиздаги барча милиция таянч пунктларини ўзаро боғловчи оптик толали тизим барпо этилмоқда. 

Президентимиз 8 июль куни Наманган шаҳридаги "Орзу" маҳалла фуқаролар йиғини профилактика инспектори хизмат хонасида ўрнатилган компьютер орқали Хоразм вилояти Хива тумани ички ишлар бўлими ходимлари билан видеомулоқот қилган эди. 

Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасининг Қўриқлаш бошқармасида ҳам жамоат хавфсизлигини таъминлашда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланилмоқда. Бош бошқармада "Хавфсиз шаҳар" бошқарув ситуацион маркази ташкил этилмоқда. Марказ йўл ҳаракати хавфсизлиги, ёнғин хавфсизлиги, қўриқлаш хизмати, пост-патрул хизмати ва бошқа тармоқларни геоинформацион тизим орқали бошқаради. Бозорлар, таълим ва тиббиёт муассасалари, меҳмонхоналар, йўллар ва бошқа жамоат жойларига ўрнатилган видеокузатув ускуналари, замонавий сигнал узатиш техникаси бунда қўл келади. Бу жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этилишининг олдини олиш, уларни тез фурсатларда бартараф этишда муҳим аҳамиятга эга. 

Тинчлик-осойишталикни таъминлаш тизими бугунги ҳаётимиз талабларига мос бўлиши керак, деди давлатимиз раҳбари. Янги замонавий тизим самарали ишлаши учун уни мукаммал ўзлаштириш, босқичма-босқич амалиётга татбиқ этиш зарур. 

Президентимиз мазкур бошқарув тизимини икки йил давомида синовдан ўтказиш, ички ишлар ходимларининг ахборот технологиялари бўйича билимини ошириш, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ва Тошкентдаги Инҳа университетида ихтисослашган кадрлар тайёрлаш, тизим пухта ўзлаштирилганидан кейин уни мамлакатимизнинг барча шаҳарларида жорий этиш зарурлигини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари Юнусобод туманидаги "Shifo Nur" кўптармоқли тиббиёт марказида бўлиб, шифокор ва беморлар учун яратилган шароитларни кўздан кечирди. Катталар ва болаларни консерватив ва жарроҳлик йўли билан даволаш ишларини йўлга қўйиш, ушбу йўналишда хорижнинг нуфузли клиникалари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, малакали мутахассисларни жалб этиш лойиҳаси билан танишди. 

Мамлакатимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, тиббиёт муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда. Тиббиёт соҳасида хусусий секторга кенг ўрин берилаётир. Бу борада Президентимизнинг 2017 йил 1 апрелдаги "Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори муҳим дастуриламал бўлмоқда. 

"Shifo Nur" кўптармоқли тиббиёт маркази 2013 йилда ташкил этилган. 36 ўринли марказда 60 дан ортиқ малакали шифокор офтальмология, пластик жарроҳлик амалиётлари, педиатрия, кардиология, неврология, гинекология, отоларингология, стоматология, физиотерапия ва оптика йўналишлари бўйича аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатмоқда. 

Тиббиёт муассасаларини замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлаш, тиббий хизмат сифатини янада ошириш керак, деди Президентимиз. Амалиётга энг замонавий технологияларни жорий этиш билан бирга, улардан самарали фойдаланишни ҳам таъминлаш, шифокорлар билими ва малакасини муттасил ошириб бориш зарур.


Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Юнусобод туманидаги Исломобод маҳалласида яшовчи Тоҳир ва Шоҳиста Тўлагановлар хонадонида меҳмон бўлди. 

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг самаралари, фарзандлар тарбияси ҳақида сўз юритилди. Оиладаги барча фарзандлар ҳаётда ўз ўрнини топган. 

Оила фахри ва фариштаси Шоҳайдар ота Шоисмоилов мамлакатимизга тинчлик-осойишталик, халқимизга янада фаровонлик, Президентимизга соғлик-омонлик тилаб дуо қилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Бўзсув канали бўйида барпо этиладиган ушбу боғ лойиҳаси билан танишди. 

Боғда китоб ўқиш учун махсус жойлар, фавворалар, амфитеатр, кўргазма павильонлари, спорт ва соғломлаштириш зоналари, камончилар ва ҳаваскор балиқчилар клублари ташкил этилади, замонавий аттракционлар ўрнатилади. Боғ ҳудудга туташ Шаҳидлар хотираси хиёбони билан ўзаро уйғунлик касб этади. 

Шавкат Мирзиёев бу ерни маданият ва маънавият масканига айлантириш, ёшлар, китобхонлар учун барча шароитлар яратиш бўйича кўрсатмалар берди. Боғни барпо этишда табиий рельефдан оқилона фойдаланиш, турли дарахт ва гулзорларни кўпайтириш зарурлигини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари Юнусобод туманидаги Исломобод маҳалласида бўлди. 

Маҳалла ҳудудидаги Юнусобод компьютер технологиялари касб-ҳунар коллежида 11 йиллик мактаб таълимини ташкил этиш лойиҳаси тақдимоти ўтказилди. Унда маҳалла фаоллари, ота-оналар иштирок этди. 

Юртимиздан дунё илм-фани тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган буюк мутафаккирлар етишиб чиққан. Ёшларимизни уларга муносиб маърифатли, илмли қилиб тарбиялашимиз лозим, деди Президентимиз. Бунда мактаб тарбияси алоҳида ўрин тутади. Мактабда ўқувчи маълум муҳитда шаклланади. Ўқитувчи ва ота-онасининг доимий назоратида бўлади. Мактабдан сўнг коллеж ёки лицейда – бошқа муҳит. Шунинг учун ота-оналар, кенг жамоатчилик фикри, таклифи асосида 11 йиллик мактаб таълими қайта йўлга қўйилмоқда. 

11 йиллик мактабларда ўқув дастурларини пухта ишлаб чиқиш, уларни сифатли адабиётлар билан таъминлаш зарурлиги таъкидланди. Ўқувчилар мактаб қошида ёки яқин атрофдаги касб-ҳунар коллежида ташкил этиладиган ўқув ишлаб-чиқариш мажмуаларида ҳафтасига бир марта турли мутахассисликларни ўрганиш имкониятига эга бўлади. 

Мактабда ўқишни давом эттириш ёки касб-ҳунар коллежига ўтиш ўқувчининг ихтиёрида. Ўзи танласин, муҳими, уларни тарбияли, ота-онасини ҳурмат қиладиган, ватанпарвар қилиб вояга етказишимиз керак, деди Шавкат Мирзиёев. 

Исломобод маҳалласида 3 минг 165 аҳоли истиқомат қилади. Лекин маҳалла ҳудудида мактаб йўқ. Ёшлар бошқа маҳаллалардаги мактабларга қатнашга мажбур. Учрашувда маҳалла фаоллари, ота-оналар ҳудуддаги Юнусобод компьютер технологиялари касб-ҳунар коллежини 11 йиллик мактабга айлантириш таклифини билдирди. Президентимиз ушбу таклифни кўриб чиқиш учун мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди. 

Давлатимиз раҳбарига 11 йиллик мактаб таълими, Мудофаа вазирлиги ҳузурида "Темурбеклар мактаби"ни ташкил этиш бўйича ишлаб чиқилган таклифлар ҳақида ҳам маълумот берилди. 

Президентимиз шу ерда Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг бир гуруҳ фаоллари билан учрашди. Унда истеъдодли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уй-жой билан таъминлаш, пойтахтимизда ёш композиторлар уйини ташкил этиш ва бошқа масалалар ҳақида сўз борди.

ЎзА

Интерактив xизматлар

Ягона интерактив давлат xизматлари портали