Хозирда мазкур сайтнинг янги версияси яратилмокда

Logo

ШҲТнинг Остона саммити

8355 9 Июн, 2017 Чоп этиш Юклаб олиш (PDF 114 Kb)


Саммит 9 июнь куни Остона шаҳрининг Мустақиллик саройида давлат раҳбарларининг тор доирадаги учрашуви билан бошланди. Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев раислигида ўтган учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин, Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоев, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон иштирок этди. 

Музокарада ШҲТ ва унинг органлари фаолиятини янада такомиллаштириш, ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш, терроризм, диний экстремизм, наркотик моддалар ва қурол-яроғ контрабандасига қарши биргаликда курашиш, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. 

Давлат раҳбарлари ШҲТнинг сўнгги саммитида келишилган масалалар – ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, ижтимоий-маданий, гуманитар ҳамда транспорт соҳаларидаги алоқаларни ривожлантиришга доир кенг кўламдаги масалаларни кўриб чиқдилар. 

ШҲТнинг 2025 йилгача ривожланиш стратегиясини амалга ошириш бўйича 2016-2020 йилларга мўлжалланган ҳаракатлар режасини тасдиқлаш тўғрисидаги қарор, ШҲТга аъзо давлатларнинг туризм соҳасидаги ҳамкорлигини ривожлантириш дастури ва бошқа ҳужжатлар ижросига эътибор қаратилди. 

ШҲТ нисбатан қисқа вақт ичида нуфузли халқаро ташкилотга айланди. ШҲТ тузилганидан кейин кўплаб давлатлар унга аъзо бўлиш истагини билдирди. Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Тошкент саммитида давлат раҳбарлари Озарбайжон, Арманистон, Камбоджа ва Непалга ШҲТнинг мулоқот бўйича шериклари мақомини бериш тўғрисида келишиб олган эди.  

Бундан ташқари, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, АСЕАН каби халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик ШҲТ нуфузи ошиб бораётганидан далолат беради. 

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари мажлисни кенгайтирилган таркибда давом эттирдилар. Уларга кузатувчи давлатлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари ҳам қўшилди. 

Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев раислигида ўтган йиғилишда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин, Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоев, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон, кузатувчи мақомидаги мамлакатлар делегациялари раҳбарлари – Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани, Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко, Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди, Мўғулистон Республикаси Президенти Цахиагийн Элбэгдорж, Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Навоз Шариф, Эрон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавад Зариф иштирок этди. Мажлисда ШҲТ Бош котиби Рашид Алимов, ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси ижроия қўмитаси директори Евгений Сисоев қатнашди. 

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедев, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти Бош котиби ўринбосари Аманжол Жанқулиев, АСЕАН Бош котиби Ле Лионг Мин иштирок этди. 

Ўтган йиллар давомида ШҲТ нуфузли давлатлараро ташкилот сифатида халқаро майдонда мустаҳкам ўрин эгаллади, кўп томонлама ҳамкорликнинг самарали механизмига айланди. 

Ташкилотнинг 2016 йилги Тошкент саммитида Ҳиндистон Республикаси ва Покистон Ислом Республикасининг ШҲТга аъзо давлат мақомини олиш йўлидаги мажбуриятлари тўғрисидаги меморандумлар имзоланган эди. 

Саммитда Ҳиндистон ва Покистон ташкилотга аъзо сифатида қабул қилинди. 

Ҳиндистон ва Покистоннинг ШҲТ аъзоси мақомига эга бўлиши ташкилот имкониятларини кенгайтириб, халқаро майдонда долзарб муаммоларни ҳал этиш, минтақа ва дунёда хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлашда кўп томонлама механизм сифатида ташкилот ролини янада оширишга хизмат қилади. 

ШҲТга аъзо давлатлар халқаро терроризм, сепаратизм ва экстремизм, трансмиллий уюшган жиноятчилик, наркотик ва психотроп моддалар ва уларнинг прекурсорлари ноқонуний айланишига, ахборот хавфсизлигига таҳдид солаётган хавфларга қарши фаол, изчил курашмоқда. 

Саммит иштирокчилари ШҲТ Ишбилармонлар кенгаши ва Банклараро бирлашмаси фаолиятига оид ахборотларни тинглаб, уларнинг фаолиятини ижобий баҳолади. Ушбу тузилмаларга Ташкилот доирасида барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишни таъминлаш борасида, хусусан, макроиқтисодий ва молиявий барқарорликни таъминлаш, иқтисодиётнинг юқори технологик тармоқларини жадал ривожлантириш, саноат инфратузилмаларини модернизациялаш, сармоявий лойиҳаларни молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш, ишбилармон доиралар ва молиявий тузилмалар ўртасида бевосита алоқаларни ривожлантириш орқали амалий кўмак беришга йўналтирилган фаолиятни кенгайтириш бўйича ўзаро алоқаларни фаоллаштиришни тавсия этди. 

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўз нутқида саммит иштирокчилари эътиборини Афғонистондаги вазиятни яхшилаш зарурлигига қаратиб, у ерда содир этилаётган давомли терактлар дунёнинг барча мамлакатлари учун хавф солаётганини алоҳида таъкидлади. Ушбу таҳдидларга ҳамкорликда, жаҳон ҳамжамияти ҳаракатларини бирлаштирган ҳолда қарши курашиш зарурлигини қайд этди. 

Ёшларни турли ёт ғоялардан асраш, уларнинг замонавий таълим-тарбия олиши, комил инсон бўлиб вояга етишида давлатлараро ҳамкорликнинг аҳамияти катта. 

Самарқанд шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилоти кўмагида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг ташкил этилиши миллатлараро, маданиятлараро муносабатларни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлади, деди давлатимиз раҳбари. 

Ўзбекистон ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, "Бир макон, бир йўл" лойиҳаси доирасида транспорт-коммуникация соҳасини жадал ривожлантириш тарафдори эканини қайд этди. 

Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлининг қурилиши мамлакатимизнинг жаҳон бозорига чиқишида алоҳида аҳамиятга эга. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ШҲТ давлатлари темир йўл соҳаси раҳбарларининг учрашувларини ташкил қилиш зарурлигини таъкидлади. 

ШҲТнинг доимий фаолият юритувчи халқ дипломатияси марказини ташкил этиш ғоясини илгари сурди. 

Ўзбекистон Президенти Ҳиндистон ва Покистоннинг ШҲТ аъзолигига қабул қилиниши ҳамкорликни ривожлантириш учун буткул янги имкониятларни яратишини таъкидлади.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислик Хитой Халқ Республикасига ўтди. 

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг Остона саммити якунланди. 

Давлат раҳбарлари кенгаши мажлиси якунлари бўйича қабул қилинган Остона декларациясида амалий ҳамкорликни янада ривожлантиришга оид асосий ёндашувлар, кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш учун барча саъй-ҳаракатларни йўналтиришга қаратилган муштарак интилишлар ўз ифодасини топган. 

Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда мажлис самарали бўлгани, имзоланган ҳужжатлар ШҲТ мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланди. 

Давлат раҳбарлари ШҲТ саммити юксак савияда ташкил этилганини таъкидлаб, Қозоғистон томонига самимий меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирдилар. 

ЎзА

Интерактив xизматлар

Ягона интерактив давлат xизматлари портали