Хозирда мазкур сайтнинг янги версияси яратилмокда

Logo

Солиқ ислоҳотлари натижалари таҳлил қилиниб, янги вазифалар белгиланди

4811 8 Июл, 2019 Чоп этиш Юклаб олиш (PDF 111 Kb)


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 5 июль куни биринчи ярим йилликда давлат бюджетига тушумлар натижадорлигини таҳлил қилиш ва янги вазифаларни белгилаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. 

Қарийб бир йил муқаддам, 2018 йил 29 июнда "Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида" Президент фармони қабул қилинган эди. 

Мазкур концепция амалда татбиқ этилиши натижасида жорий йилнинг биринчи ярмида давлат бюджетига 39 триллион 118 миллиард сўм ёки ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,6 баробар кўп маблағ тушди. Прогноз 8 фоиз ортиғи билан бажарилгани ҳисобига, маҳаллий ҳокимликлар ихтиёрида қўшимча 2,8 триллион сўм маблағ қолди. Жисмоний шахсларнинг даромад солиғи ва ижтимоий тўловлар ставкаси кескин камайтирилгани натижасида 570 мингдан зиёд яширин иш ўринлари легаллаштирилди.

Лекин жойларда янги солиқ ислоҳотларини тизимли жорий этиш, солиқ тушумларини кўпайтириш ва ундириш борасида айрим камчиликлар ҳам учраб турибди. 

Масалан, бўш турган объектлар ва ер майдонлари негизида янги корхоналар ташкил этиб, солиққа тортиш базасини кенгайтириш борасида сусткашликка йўл қўйилган. Айрим ҳудудларда прогноз йирик корхоналар ва аввалдан солиқ тўлаш амалиёти ҳисобига таъминланган. 

Давлатимиз раҳбари бу каби ҳолатлар оқибатида миллиардлаб маблағларни бюджетга тушириш имконияти йўқотилганини таъкидлаб, тегишли вазирлик ва ҳудудлар раҳбарларига камчиликларни бартараф этиш, белгиланган вазифалар ижросини қатъий назорат қилиш бўйича топшириқлар берди. 

2020 йил 1 январгача солиқ текширувларига мораторий эълон қилингани қайд этилар экан, Давлат солиқ қўмитасига халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда, йил охирига қадар, солиқ тўламаслик эҳтимолини баҳолаш имкониятига эга электрон дастур яратиш вазифаси қўйилди. 

Жорий йил 27 июнда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони қабул қилинди. Бу янги солиқ ислоҳотларининг ўта муҳим иккинчи босқичидир. 

Фармонга мувофиқ, айни пайтда қўлланилаётган қўшимча қиймат солиғи бўйича имтиёзлар 2019 йил 1 октябрдан бошлаб бекор қилинади. Бундан асосий мақсад – ички бозорда барча тадбиркорлар учун бир хил шароит яратиш, соғлом рақобат муҳитини шакллантириш. 

Йиғилишда бу ўзгаришларнинг мазмун-моҳиятини аҳоли ва тадбиркорларга чуқур тушунтириш бўйича Бош вазир раҳбарлигида тузилган Ишчи гуруҳ штаби ва унинг ҳудудий тузилмалари ишини янада жонлантириш вазифаси қўйилди. Қўшимча қиймат солиғини тўлашга ўтадиган тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликлари билан манзилли иш ташкил қилиб, уларнинг бухгалтериясини юритишга амалий ёрдам бериш зарурлиги таъкидланди. 

Президент тадбиркорлардан солиқ мажбуриятини тўлиқ бажаришни талаб қилиш билан бирга, уларнинг манфаатларини ҳимоялаш ҳам кераклигини қайд этди. 

Масалан, ҳозир тадбиркорлар хомашёни қўшимча қиймат солиғини тўлаган ҳолда сотиб олади. Ундан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариб, сотганидан кейингина хомашё нархидаги қўшимча қиймат солиғини камайтиради. Бунгача тадбиркор ўз айланма маблағларидан вақтинча фойдалана олмаяпти. 

Шу боис давлатимиз раҳбари мутасаддиларга қўшимча қиймат солиғини бир йўла ҳисобга олиш ва уни солиқ тўловчига қайтариш механизмини жорий этиш бўйича топшириқ берди. 

Видеоселекторда энергия ресурслари тарифларини оптималлаштириш масаласи ҳам кўриб чиқилди. 

Охирги икки йилда аҳоли, ижтимоий ва ишлаб чиқариш объектларини узлуксиз электр энергияси ва табиий газ билан таъминлаш борасида қатор ишлар амалга оширилди. Ушбу йўналишдаги ишларни янада яхшилаш мақсадида тегишли тармоқларни модернизация қилиш, энергия тежамкор технологияларни қўллаш ва харажатларни оптималлаштириш талаб этилмоқда. Буларсиз тармоқларнинг молиявий аҳволини яхшилаш ва соҳага фаол инвестицияларни жалб қилиш имконсиз. 

Шу боис, мутахассислар ва жамоатчилик вакиллари фикрларини инобатга олиб, аҳоли учун тарифларни кескин оширмасдан, инфляция даражасига яқин миқдорда ўзгартириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган. Тариф ислоҳотлари халққа енгил бўлиши учун энг кам иш ҳақини ҳам ошириш режалаштирилган. 

Йиғилишда тарифларни тартибга солиш бўйича таклиф этилаётган ислоҳотларни аҳолига тўлиқ етказиш зарурлиги таъкидланди. Солиқ ислоҳотларини тарғиб қилиш бўйича Республика ишчи гуруҳи аъзолари, шунингдек, маҳаллий кенгашлар депутатлари, иқтисодиёт ва коммунал хизмат кўрсатиш ташкилотлари мутасаддиларига жойларга бориб, ҳар бир маҳаллада аҳолига тарифлар ўзгаришининг мазмун-моҳиятини тушунтириш бўйича вазифалар топширилди.

ЎзА

Интерактив xизматлар

Ягона интерактив давлат xизматлари портали