Хозирда мазкур сайтнинг янги версияси яратилмокда

Logo

Суд ҳужжатлари ижроси ҳолати таҳлил қилинди, янги вазифалар белгиланди

3274 18 Ноябр, 2020 Чоп этиш Юклаб олиш (PDF 108 Kb)


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида суд ҳужжатлари ижро этиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. 

Суд қарорлари – қонунийликни таъминлаш, келтирилган зарарни қоплашда ҳуқуқий асос. Жорий йилнинг 10 ойида Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросига 4 миллионга яқин ижро ҳужжатлари келиб тушган бўлиб, шундан 1 миллион 200 мингтаси бажарилмаган. Яъни, бугунги кун ҳолатига 17 триллион сўмлик ҳужжатлар ижроси таъминланмай турибди. Бунинг 7,2 триллион сўми давлат ундирувига, қолган 9,7 триллион сўми жисмоний ва юридик шахсларга тегишли. Ушбу маблағларнинг ундирилиши тадбиркорларнинг молиявий аҳволини яхшилаш, кам таъминланган фуқароларни қўллаб-қувватлаш, кўплаб ижтимоий масалаларни ҳал этишда муҳим омил бўлади. 

Йиғилишда суд ҳужжатларини ижро этиш ҳолати туман ва шаҳарлар мисолида кўриб чиқилди. Қарздорликларни қисқартириш бўйича мамлакат даражасида алоҳида, вилоят ва туманлар миқёсида алоҳида тизимда иш олиб борилиши белгиланди.  

Хусусан, Мажбурий ижро бюроси 20 миллиард сўмдан юқори қарзларни ундириш билан шуғулланади. Бюронинг вилоят бошқармалари 10 миллиард сўмдан 20 миллиард сўмгача бўлган қарзлар ундируви билан ишлайди.

МИБнинг туман ва шаҳар бўлими бошлиқлари ҳокимлар ва сектор раҳбарлари билан бирга оғир аҳволга тушиб қолган қарздорларнинг манзилли рўйхатларини тузиб, уларга кўмаклашади. Бунинг учун, ундирувчи илтимосига кўра ижро иши юритишни тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилиш ваколати судлардан давлат ижрочисига ўтказилади.

Шунингдек, Савдо-саноат палатаси ва Бизнес-омбудсманга давлат даромадига ундиришни назарда тутувчи ижро ҳужжатлари бўйича тадбиркорлик субъектларининг қарзлари юзасидан ижрони кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб ижро этиш тўғрисида мурожаат этиш ҳуқуқи берилади.

Йиғилишда қарздорнинг мол-мулки йўқлиги сабабли тўхтатилган ижро ҳужжатлари билан ишлаш масаласи муҳокама қилинди. Қарздорлар тўғрисида ягона электрон платформа яратиб, уларни нотариус, банк, солиқ, давлат хизматлари, божхона, кадастр, ички ишлар ва бошқа идоралар базасига интеграция қилиш зарурлиги таъкидланди.

Шу пайтгача мажбурий ижро таъминланишидан ҳудудларга манфаат йўқ эди. Эндиликда ундириладиган маблағларнинг бир қисми "темир дафтар", "ёшлар дафтари" ва "аёллар дафтари" бўйича жамғармаларга ўтказиладиган тартиб жорий қилиниши белгиланди.

Давлат ижрочиларининг иш ҳажми масаласи ҳам эътибордан четда қолмади. Кўп жойларда битта ижрочига тўғри келаётган ҳужжатлар сони меъёрлардан зиёд экани кўрсатиб ўтилди.

Масалан, мулкий ҳуқуқларни рўйхатга олиш, ишга тиклаш ва иш ҳақи ундириш, жарима ва коммунал тўловларни тўлаш каби 8 тоифадаги ҳужжатларни мажбурловсиз ҳам амалга ошириш мумкин. Ҳозирда МИБ зиммасида бундай ижро ҳужжатлари 1,6 миллионта, бу эса жами ишларнинг 35 фоизи. 400 минг сўмгача бўлган маблағларни ундиришга оид ҳужжатлар бўлса 60 фоизни ташкил этади.

Шу боис, суд қарорларини ижро этишнинг соддалаштирилган тартибини жорий қилиш, кам миқдордаги маблағлар билан ахборот технологиялари ёрдамида ишлайдиган махсус бўлимлар ташкил этиш топшириқлари берилди. Давлат ижрочиларини илғор методикалар асосида қайта тайёрлаш муҳимлиги таъкидланди.

Мусодара қилинган мулкларни сотиш тизимини қайта кўриб чиқиш, "Е-ижро аукцион"га қўйилган буюмларни бошқа электрон савдо платформаларига ҳам интеграция қилиш зарурлиги қайд этилди.

Таҳлилларга кўра, фуқаролар шикоятларининг қарийб 64 фоизини алимент масалалари ташкил этмоқда. Бу борадаги ижро ишлари ва тўловларнинг ягона ҳисоби йўлга қўйилмагани кўплаб тушунмовчиликларга сабаб бўлмоқда. Шу боис, алимент олувчилар ва тўловчиларнинг тўлиқ реестрини шакллантириб, автоматлашган назорат тизимини жорий қилиш вазифаси қўйилди.

Маълумки, жорий йил 1 августдан бошлаб электр энергияси ва табиий газ бўйича қарздорликни ундириш ваколати штатлари билан электр ва газ таъминоти корхоналарига ўтказилди. Электр тармоқларининг 3,5 триллион сўм, табиий газ етказиб берувчиларнинг 11 триллион сўм дебитор қарздорлиги борлиги қайд этилиб, уларни қисқартириш бўйича қатъий иш олиб бориш кераклиги айтилди.

Суд ҳужжатларини ижро этиш самарадорлигини ошириш бўйича Бош прокурор раҳбарлигида Республика кенгаши ва вилоят ҳокимлари бошчилигида ҳудудий кенгашлар тузилиб, уларга вилоят прокурорлари ўринбосар этиб бириктирилиши белгиланди.

Видеоселектор йиғилишида жойларда қишга тайёргарлик ишлари ҳам танқидий кўриб чиқилди.

Муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддилар ахборот берди.

president.uz

Интерактив xизматлар

Ягона интерактив давлат xизматлари портали