Хозирда мазкур сайтнинг янги версияси яратилмокда

Logo

Тадбиркор ва инвесторлар мурожаатларини ҳал этиш бўйича янги тизим жорий этилади

5636 28 Май, 2019 Чоп этиш Юклаб олиш (PDF 111 Kb)


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 27 май куни тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналарини ишга тушириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди. 

Тадбиркорликни ривожлантириш – мамлакатимиз иқтисодий сиёсатининг муҳим йўналиши этиб белгиланган. Кейинги йилларда бизнес муҳитини яхшилаш, аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш бўйича фармон ва қарорлар қабул қилинди. Рухсат берувчи ҳужжатларни олиш тартиби сезиларли даражада соддалаштирилди, тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятини текширишлар қисқартирилди. "Ҳар бир оила – тадбиркор", "Yoshlar – kelajagimiz" дастурлари тадбиркорлик истагидагиларни қўллаб-қувватлашда муҳим омил бўлмоқда. Натижада янги ташкил этилган субъектлар сони 2,3 бараварга кўпайгани бунинг тасдиғидир. 

Бироқ жойларда бюрократия, таъмагирлик ва тадбиркор фаолиятига тўсқинлик қилиш ҳолатлари ҳали ҳам учраб турибди. Мисол учун, жорий йилнинг биринчи чорагида Президент Халқ қабулхоналарига тадбиркорлардан 16 мингта мурожаат тушган. Улар асосан ер ажратиш, газ, электр ва сув таъминоти, қишлоқ хўжалиги, кредит, солиқ масалаларига тааллуқли. Икки мингга яқин мурожаатда мансабдорларнинг хатти-ҳаракатларидан норозилик билдирилган. 

Бу муаммоларни тизимли ҳал этиш, тадбиркорларга чинакам кўмак бериш мақсадида жорий йил 14 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони қабул қилинди. Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ташкил этилиши белгиланди. 

Йиғилишда мазкур қабулхоналар фаолиятини йўлга қўйиш чора-тадбирлари муҳокама қилинди. 

Президентимиз адлия вазири ва Савдо-саноат палатаси раиси раҳбарлигида Республика ишчи гуруҳи тузиб, жойларда тадбиркорлар билан очиқ, амалий учрашувлар ўтказиш зарурлигини таъкидлади. Аниқланган муаммоларнинг ҳудудга тааллуқлиси вилоят ҳокимига, республика аҳамиятига молик бўлгани эса Бош вазирга берилиши, улар ҳафтада бир кун қабулхона масалалари билан шуғулланиши кўрсатиб ўтилди. 

Қайд этилганидек, қабулхоналар иши уч босқичда олиб борилади. Аввало, қабулхонада тасдиқланган кунлик жадвал асосида ҳокимликлар, Савдо-саноат палатаси, инвестиция бошқармаси, прокуратура, адлия, солиқ органлари, қурилиш, кадастр, банк ва бошқа ташкилотлар вакиллари тадбиркорларни қабул қилади. 

Ўз ечимини топмаган мурожаатлар вилоят қабулхоналарига юборилади. Натижа бўлмаса, Вазирлар Маҳкамасининг котибиятида Бизнес омбудсман, Савдо-саноат палатаси ва ваколатли идоралар иштирокида кўрилади. 

Мурожаатлар шунда ҳам ўз ечимини топмаса, тадбиркорларни Бош вазирнинг шахсан ўзи қабул қилади. Бош вазир қабулхонаси мурожаатларни таҳлил қилиб, бу борада вазирлик ва идоралар фаолиятини мувофиқлаштириб боради. Президент Администрацияси ва Олий Мажлисга тадбиркорларга шароитларни янада яхшилаш бўйича таклифлар киритади. 

Хорижий инвесторларга кўмаклашиш Бош вазир қабулхоналарининг асосий вазифаларидан бири бўлади. Шу боис уларга хорижий тилларни биладиган ва инвесторлар билан ишлаш салоҳиятига эга кадрлар ишга олинади. 

Инвестицияларни жалб этишга тўсқинлик қилаётган муаммоларни мониторинг қилиш, инвесторларнинг турли идоралардаги муаммосини ҳал қилиб бериш бўйича вазифалар белгиланди. 

Йиғилишда секторлар ва давлат идоралари раҳбарлари тадбиркорларга ҳар томонлама кўмаклашиши, халқ депутатлари Кенгашлари мажлисларида уларнинг бу борадаги фаолияти муҳокама қилиниши зарурлиги таъкидланди. 

Мурожаатларни кўриб чиқишда шаффофлик ва тезкорликни таъминлаш масаласига ҳам эътибор қаратилди. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига мурожаатлар ҳаракатини назорат қилишнинг ягона электрон порталини жорий қилиш вазифаси юклатилди. 

Янги тизимнинг мазмуни ва моҳиятини тадбиркорларга етказиш, жумладан, қабулхоналар фаолиятини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб бориш бўйича ҳам тавсиялар берилди. 

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддиларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди.

ЎзА

Интерактив xизматлар

Ягона интерактив давлат xизматлари портали