Хозирда мазкур сайтнинг янги версияси яратилмокда

Logo

Тартиб-интизом ва масъулиятни кучайтириш, жиноятчиликнинг олдини олиш муҳитини мустаҳкамлаш – ҳуқуқбузарлик профилактикаси самарадорлигининг асосий омилидир

22350 16 Ноябр, 2017 Чоп этиш Юклаб олиш (PDF 121 Kb)


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 15 ноябрь куни мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида белгиланган вазифалар ижроси, бу борада мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. 

Йиғилишда парламент ва ҳукумат аъзолари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари масъул ходимлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этди. Видеоселекторда жойлардан маҳаллий ҳокимият органлари ва бошқа мутасадди идоралар раҳбарлари қатнашди. 

Қайд этиш жоизки, ўтган вақт давомида Президентимизнинг бевосита раҳбарлиги ва ташаббуслари асосида фуқароларнинг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги фаолиятни мувофиқлаштириш, диний экстремизм, терроризм ва уюшган жиноятчиликнинг бошқа шаклларига қарши курашиш бўйича ташкилий-амалий чораларни кучайтириш, коррупцияга қарши курашишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш, аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва онгини юксалтириш, бу борада давлат тузилмаларининг фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари билан ўзаро самарали ҳамкорлигини ташкил этиш билан боғлиқ аниқ вазифалар белгиланган. 

Мазкур вазифалар ижроси юзасидан "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги, "Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонунлар, Президентимизнинг "Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилиниб, давлат органлари ва кенг жамоатчилик олдида турган муҳим вазифалар аниқ ва равшан белгилаб берилди.

Давлат идоралари, зиёлилар, маҳалла фаоллари ва бошқа жамоатчилик тузилмаларининг ушбу йўналишдаги фаолиятини бирлаштириш орқали ишлар таъсирчанлигини ошириш мақсадида давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ҳар ҳафтанинг пайшанба куни – "Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни" этиб белгиланди ва жойларда бу амалиёт ўзининг ижобий самарасини бермоқда. 

Жумладан, жорий йилнинг 10 ойи мобайнида умумий жиноятлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 14 фоизга, шундан талончилик 16 фоизга, босқинчилик – 19 фоизга, қотиллик – 21 фоизга, товламачилик – 22 фоизга, безорилик – 34 фоизга камайишига эришилди. 

Шунингдек, аёллар ўртасида жиноят содир этиш ҳолатлари 16 фоизга, ёшлар ўртасида 14 фоизга, вояга етмаганлар ўртасида 17 фоизга камайди. 

Президентимизнинг жорий йил 8 августдаги қарорига асосан вилоят, туман ва шаҳарлар ҳудудлари секторларга бўлинди. Секторларда ҳокимлик, ҳуқуқ-тартибот ва бошқа давлат органлари ҳамда жамоатчилик вакиллари мавжуд муаммоларни бартараф этиш, аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, бир сўз билан айтганда, халқнинг оғирини енгил қилишга қаратилган аниқ тадбирларни амалга оширмоқда. 

Аҳоли ва жамоатчилик билан яқин ҳамкорлик ва мулоқот ўрнатилгани натижасида 1 минг 243 маҳаллада биронта ҳам жиноят содир этилишига йўл қўйилмади. 

Уйма-уй юриб аҳоли муаммоларини ўрганиш натижасида 22 минг 370 оиланинг нотинчлигига барҳам берилди, 11 минг 345 ёш оила ажрашиб кетишдан сақлаб қолинди, маҳалла посбонларининг тезкор хабарлари ёрдамида 4 минг 494 жиноят фош этилди. 

Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш фаолиятига ахборот-коммуникация технологиялари кенг татбиқ қилинмоқда. Жумладан, Тошкентда "хавфсиз шаҳар", Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларида "хавфсиз туризм", Паркент туманида "хавфсиз дам олиш" концептуал лойиҳалари жорий этилмоқда. 

Мамлакатимизда савдо-сотиқ, маданий ҳордиқ чиқариш ва бошқа жамоат жойлари, таълим муассасаларида жами 177 мингдан ортиқ видеокузатув мосламалари ўрнатилиши натижасида кўплаб оғир ва ўта оғир жиноятларни фош этишга эришилди. 

Маълумки, ҳар бир маҳаллани жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш, бу борада бефарқлик, лоқайдлик ҳолатларига барҳам бериш жамиятда тинч ва осойишта ҳаётни таъминлашнинг асосий шартларидан биридир. Бу борада ҳар бир фуқаро онгида "Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак" деган туйғуни шакллантириш ғоят муҳим аҳамиятга эга. 

Наманган шаҳрининг Орзу маҳалласидаги ижобий тажрибадан самарали фойдаланиш натижасида вилоятнинг 160 та, Хоразмда "Жамоатчилик назорат масканлари" фаолияти йўлга қўйилиши эвазига 198 та маҳаллани жиноятдан холи ҳудудга айлантиришга эришилди. 

Ҳуқуқбузарликлар ўз-ўзидан содир этилмайди. Асосий масала ҳуқуқбузарликларнинг оқибатлари билан курашиш эмас, балки барвақт олдини олиш, содир этишга имкон берган сабаб ва шарт-шароитларни ўз вақтида бартараф этишдан иборатдир. 

Бу масалада ҳудудларда янги иш ўринлари ташкил қилиш, тадбиркорлик билан шуғулланиш учун қўшимча имкониятлар яратишга энг асосий эътибор қаратилмоқда. 

Шу мақсадда мамлакатимизда 11 эркин иқтисодий зона ва 5 саноат зонаси ташкил этилди. Кичик саноат зоналарининг сони 90 тага етказилди. Бу йил янгидан ташкил этилган корхоналарда 7 минг 500 ишлаб чиқариш қувватлари фойдаланишга топширилди, 650 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди. 

Бу эса ҳудудларни жадал ривожлантириш, инфратузилмани яхшилаш ҳамда юқори технологик ва жаҳон бозорида рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш орқали аҳолининг доимий бандлигини таъминлаш, оилалар даромадини кўпайтириш, ҳалол ва фаровон турмуш шароитини йўлга қўйиш имконини бермоқда. 

Амалга оширилган ижобий ишлар билан бирга, давлатимиз раҳбари айрим ҳудудларда жиноятларни сезиларли камайтиришга эришилмагани, баъзи жиноят турлари ошгани каби камчиликларни кескин танқид қилди. 

Хусусан, Тошкент шаҳри, Жиззах, Самарқанд, Фарғона ва Тошкент вилоятлари мутасадди раҳбарларига йўл қўйилган камчиликлар кўрсатилиб, уларни бартараф этиш борасида аниқ топшириқлар берилди. 

Қатор маҳаллаларда профилактик тадбирларнинг самарадорлиги етарли даражада таъминланмагани, ҳуқуқ-тартибот идораларининг жамоатчилик билан ҳамкорлиги талаб даражасида йўлга қўйилмагани, бу эса айрим турдаги оғир жиноятлар содир этилишига сабаб бўлгани аниқ рақам ва мисоллар асосида таҳлил қилинди. 

Давлатимиз раҳбари томонидан ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусиятидан келиб чиққан ҳолда, туманлар кесимида жиноятларнинг олдини олиш борасида алоҳида чора-тадбирларни ўз ичига олган "Йўл харитаси"ни ишлаб чиқиш юзасидан кўрсатма берилди. 

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, жорий йилнинг дастлабки 10 ойида содир этилган қотиллик жиноятларининг 165 таси эр-хотин ва қайнона-келинлар ўртасида, 66 таси қўни-қўшнилар ўртасида оддийгина маиший келишмовчиликлар оқибатида келиб чиққан. 

Йиғилишда маҳаллаларда фаолият юритаётган посбонлар ҳақида сўз борар экан, кўп ҳолларда уларнинг салоҳияти, билим ва малакаси талабга жавоб бермаслиги, бундай вазифага фидойи ёшлар сафарбар этилмаётгани, рағбатлантириш механизмлари ишлаб чиқилмагани сабабли ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишда посбонлар иштироки сезилмаётгани таъкидланди. Шундан келиб чиққан ҳолда, "Маҳалла посбони" жамоатчилик тузилмаси фаолиятини танқидий кўриб чиқиб, унинг иш самарадорлигини ошириш юзасидан кўрсатмалар берилди. 

Яна бир оғриқли мавзу – кўрилаётган чораларга қарамасдан, фирибгарлик билан боғлиқ жиноятларни кескин камайтиришга эришилмаётгани таъкидлаб ўтилди. Бундай жиноятларнинг асосий сабаблари фуқаролик муносабатларини қонун доирасида амалга оширмасликка бориб тақалади. Оқибатда бу содда одамларнинг жиноят қурбони бўлишига олиб келмоқда. 

Шу сабабли давлатимиз раҳбари нотариат тизимларидаги бюрократизм ва сансоларлик ҳолатларига чек қўйиш, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш орқали нотариал хизматлар кўрсатиш жараёнини такомиллаштириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратди. 

Йиғилишда, шунингдек, аёллар томонидан жиноят содир этиш ҳолатларига барҳам берилмаётгани танқид қилинди. Шу сабабли оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни атрофлича ўрганиш, аниқланган муаммоларни жойида ҳал этиш, бу жараёнда, айниқса, сектор раҳбарлари, хотин-қизлар қўмиталари ҳамда жамоатчиликнинг масъулиятини ошириш муҳим аҳамиятга эга. 

Давлатимиз раҳбари фақат жазо қўллаш таҳдиди билан эмас, аввало, аҳоли онгига жиноятга қўл урмаслик, бировнинг ҳақига хиёнат қилмаслик, Ватанга садоқатли бўлиш, атрофдаги инсонларга юксак ҳурматда бўлиш каби фазилатларини сингдириш лозимлиги, бунда оммавий ахборот воситалари, радио-телевидение, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар матбуот хизматлари янада фаоллик кўрсатиши зарурлигини таъкидлади. 

Йиғилишда ёшлар ўртасида содир этилаётган жиноятчилик масаласи батафсил муҳокама қилинди. Бу борада аҳвол ташвишланарлидир. Хусусан, жорий йилнинг 10 ойи давомида ёшларнинг 22 минг нафари жиноятга қўл урган. Бу рақам жиноят содир этган жами шахслар кўрсаткичининг учдан бир қисмини ташкил қилади. Ачинарлиси шуки, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари томонидан 875 та, мактаб ўқувчилари томонидан эса 310 та оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этилишига йўл қўйилган. 

Тошкент юридик коллежи ўқувчилари дарс вақтида муассаса ҳовлисида ўзаро жанжаллашиб, оқибатда бу улардан бирининг ўлимига, бирининг эса оғир жароҳат олишига сабаб бўлгани каби ҳолатлар қайтарилишига йўл қўймаслик зарурлиги таъкидланди. 

Мажлисда ёшлар орасида жиноятчиликнинг олдини олиш, бу борада таълим муассасалари ва ички ишлар органларининг ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ва масъулиятини ошириш масалалари таҳлил қилинди. Шу мақсадда тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига ўқувчи-талабаларнинг дарсдан ташқари вақтларини самарали ўтказишни ташкил этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш, мактабгача ва мактабдаги таълим даврида тадбиркорлик қобилиятини шакллантиришга алоҳида эътибор бериш, бу жараёнга малакали кадрларни жалб этиш, ёшлар учун бизнес соҳасига оид адабиётлар яратиш юзасидан топшириқлар берилди. 

Йиғилишда жиноятчиликнинг олдини олишда энг муҳим омиллардан бири бўлган ишсизликни бартараф этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу муаммони бартараф этмай туриб, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича кўзланган натижаларга эришиб бўлмайди. 

Шу маънода, Президент Шавкат Мирзиёев жиноят содир этганларнинг 16 мингдан зиёди ёки ҳар тўрттадан биттаси ишсиз эканига эътибор қаратди. 

Давлатимиз раҳбари бундай нохуш ҳолатни бартараф этиш учун ҳар бир сектор раҳбари ўзига бириктирилган ҳудудларда тадбиркорлик субъектларини тўлиқ қўллаб-қувватлаши, янги иш ўринларини барпо этишга кўмаклашиши, фуқароларнинг бандлигини таъминлашга имконият яратиш бўйича аниқ ишларни амалга ошириши лозимлигини таъкидлади. 

Муҳокама қилинган яна бир долзарб масала – бу йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўрилаётган чораларнинг бугунги кун талабларига жавоб бермаслигидир. Масалан, ўтган 10 ойда содир этилган 8 мингга яқин йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 2 минг 31 нафар фуқаро ҳалок бўлиб, 7 минг 622 нафари тан жароҳати олган. Бу ҳодисаларнинг асосий сабаби фуқароларимизда йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш маданиятини ошириш, автотранспорт воситаларининг йўлларда ҳаракатланиши учун хавфсизлик чораларини кўришда жиддий муаммолар мавжудлигидадир. 

Шуни инобатга олган ҳолда, мутасадди раҳбарларга ҳайдовчи ва пиёдаларнинг йўлларда ҳаракатланиш маданиятини ошириш, йўлларни ҳаракат хавфсизлигини таъминлашнинг замонавий техник воситалари билан жиҳозлаш бўйича топшириқлар берилди. 

Ҳуқуқбузарликлар профилактикасида хизмат интизоми ва қонунчиликни кучайтириш, ички ишлар идоралари таркибига адашиб кириб қолган, масъулиятни тўла англамасдан, фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабабчи бўлаётган ходимлардан тозалаш масаласи доимо долзарб вазифадир. 

Шу нуқтаи назардан, ички ишлар органларининг кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш бўйича аниқ топшириқлар берилди. 

Йиғилишда Президентимиз ташаббуси билан ҳар бир туманда тузилган секторлар фаолияти таҳлил қилинди. Бундан буён ҳар бир сектор раҳбари жиноятчиликнинг ҳолати учун ҳам шахсан жавоб бериши қайд этилди. Сектор раҳбарларининг бу борадаги масъулиятини ошириш мақсадида Ҳудудларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш Республика комиссиясини тузиш бўйича топшириқ берилди. Унинг таркибига "Маҳалла", "Нуроний" жамғармалари, Ёшлар иттифоқи, Хотин-қизлар қўмитаси, Касаба уюшмалари федерацияси, Маънавият ва маърифат маркази раҳбарларини ҳам киритиш, Комиссия фаолиятини Олий Мажлис Сенати томонидан мувофиқлаштириш белгиланди. 

Мажлисда раҳбарлар маънавияти масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Ҳақиқий раҳбар, ҳақиқий етакчи одамларнинг бардошини синаш учун эмас, балки уларга муносиб шарт-шароит яратиб бериш, оғирини енгил қилиш учун раҳбар этиб тайинланади. Барча бўғиндаги раҳбарлар – у вазир ёки ҳоким бўладими, идора ёки ташкилот бошлиғи бўладими, ўзининг одоб-ахлоқи ва маданияти билан ҳаммага ўрнак ва намуна бўлиши зарурлиги алоҳида таъкидланди. 

Йиғилишда сўзга чиққанлар юртимизда аҳолининг тинч-осойишта ҳаёт кечиришини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш, шунингдек, бошқа ҳаётий муҳим масалаларни ҳал этиш бўйича кенг кўламли ҳаракатлар бошлангани, янги тизим яратилгани ижобий натижалар бераётганини қайд этдилар. 

Шу билан бирга, барча саъй-ҳаракатларга қарамасдан, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича камчиликлар ҳали кўплиги, уларни бартараф этиш ва соҳадаги аҳволни ўнглаш, давлатимиз раҳбари томонидан берилган топшириқларнинг қатъий ижросини таъминлашда давлат идоралари, маҳалла фаоллари ва бошқа жамоатчилик тузилмаларининг ҳамжиҳатлигини янада мустаҳкамлаш лозимлиги таъкидланди. 

ЎзА

Интерактив xизматлар

Ягона интерактив давлат xизматлари портали