Ташқи ишлар вазирлари кенгаши мажлисига бағишланди
Ўзбекистон Республикасининг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) раислиги доирасида жорий йилнинг 23-24 май кунлари Тошкент шаҳрида ушбу ташкилотга аъзо давлатларнинг ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлади.
Шу муносабат билан пойтахтимизда мамлакатимиз ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг ўринбосари А.Носиров журналистларга ушбу мажлисга тайёргарлик жараёни, йиғилиш кун тартиби, муҳокама этиладиган масалалар ҳақида маълумот берди.
ШҲТ фаолиятида ташқи ишлар вазирлари кенгаши алоҳида ўрин тутади. Ушбу кенгаш ШҲТ органлари қарорлари ижросини ва умумий мувофиқлаштиришни таъминловчи марказий бўғин ҳисобланиб, ташкилот доирасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича турли йўналишларда таклифлар киритади.
Таъкидланганидек, мажлисда ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарлари томонидан шу йил июнь ойида Тошкентда ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишининг кун тартиби лойиҳаси, саммитда имзоланиши режалаштирилаётган ҳужжатлар кўриб чиқилади.
Ташкилот доирасини кенгайтиришда ШҲТ фаолиятини янада такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш мўлжалланмоқда. Ташқи ишлар вазирлари йиғилишида Ҳиндистон ва Покистонни ШҲТга аъзоликка қабул қилиш бўйича ушбу давлатларнинг ваколатли вакиллари билан олиб борилаётган музокара жараёни кўриб чиқилади.
Мажлисда Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, ШҲТни бошқа халқаро тузилмалар билан алоқаларини кенгайтириш, ШҲТнинг кузатувчи давлатлари ва мулоқот бўйича шерикларини ташкилот доирасида амалий ҳамкорликка кенг жалб этиш масалалари муҳокама қилинади.
Ташқи ишлар вазирлари йиғилишида тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш соҳасида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти олдида турган вазифалар, ШҲТга аъзо давлатларнинг барқарор ривожланишини таъминлаш, терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича қўшма чора-тадбирларни қабул қилиш, маданий ва иқтисодий соҳаларда ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришга оид масалалар муҳокама этилиши кутилмоқда.
ЎзА
Ҳавола:http://uza.uz/oz/society/tash-i-ishlar-vazirlari-kengashiga-ba-ishlandi-20-05-2016