Хозирда мазкур сайтнинг янги версияси яратилмокда

Logo

Ташқи ишлар вазирлигида учрашув

6924 21 Апрел, 2017 Чоп этиш Юклаб олиш (PDF 107 Kb)


Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 20 апрель куни Ўмон Султонлиги Ташқи ишлар вазирлиги Бош котиби Бадр бин Ҳамад ал-Бусаидий бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашди. 

Томонлар ўзаро ҳамкорлик тарихидаги муҳим сана – мамлакатларимизда 22 апрель куни нишонланадиган Ўзбекистон билан Ўмон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги билан бир-бирини табрикладилар. 

Мулоқот чоғида барча соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтиришдан икки томон ҳам бирдек манфаатдор экани, бунинг учун зарур салоҳият мавжудлиги қайд этилди. Бу масалалар Ўмоннинг мамлакатимиздаги элчихонаси ва тез орада Маскат шаҳрида очиладиган Ўзбекистон элчихонаси фаолиятининг асоси бўлиши лозимлиги таъкидланди. 

Ўмон молиявий ва консультатив кўмаги асосида қурилиб, жиҳозланаётган Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг янги биноси маданий-гуманитар соҳадаги самарали алоқаларнинг ёрқин намунаси экани қайд этилди. 

Халқаро сиёсатнинг долзарб жиҳатлари юзасидан фикр алмашилди. 

Шу куни Ўзбекистон – Ўмон вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг бешинчи раунди бўлиб ўтди. Унда мамлакатларимиз ҳамкорлигини ривожлантириш истиқболлари, томонларни қизиқтирган кўплаб масалалар муҳокама қилинди. 

Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Ўмон транспорт коридори механизмларининг ишга туширилиши нуқтаи назаридан транспорт-коммуникация соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. 

Ўмон делегацияси мамлакатимизнинг қатор вазирлик ва идораларида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан музокаралар ўтказади.

Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати

Интерактив xизматлар

Ягона интерактив давлат xизматлари портали