Президентимиз мамлакатимизда илк ташкил этилган технологик паркига борди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 20 ноябрь куни пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки фаолияти билан танишди.
Ушбу IT-парк Президентимизнинг 2018 йилда Ҳиндистонга давлат ташрифи чоғида эришилган келишув асосида, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан Ҳиндистон Республикасининг Электроника ва ахборот технологиялари вазирлиги қошидаги Дастурий технологиялар парклари жамияти ҳамкорлигида ташкил этилган.
Бугунги кунда юртимизда АКТни ривожлантириш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, инновацияларни жорий этиш учун шарт-шароитлар яратилиб, юқори технологиялар соҳасига инвестициялар жалб этилмоқда. Мамлакатимиз аҳолисининг 60 фоиздан ортиғи ёшлар эканини ҳисобга олганда, Ўзбекистондаги илк IT-парк маҳаллий стартап-экотизимининг ажралмас қисмига айланиб, стартапчилар ҳаракатини янада ривожлантиришда қулай шароит яратиш имконини беради.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 10 январдаги қарорида технопарк фаолиятини йўлга қўйиш чора-тадбирлари белгиланди, шу мақсадда дирекция тузилди. Қурилиш ишлари жадал олиб борилиб, жорий йил июлда унинг дастлабки биноси фойдаланишга топширилди.
Технопаркларни ривожлантириш ва дастурий таъминотчилар яратувчиларини қўллаб-қувватлаш соҳасида Ҳиндистоннинг илғор тажрибасини қўллаш мақсадида маслаҳатчи сифатида Ҳиндистон Дастурий технологиялар парклари жамиятининг энг яхши мутахассислари таклиф этилди. Айни пайтда ушбу жамият Ҳиндистонда 57 та технопарк очиб, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаб келмоқда.
Давлатимиз раҳбари бу ерда яратилган шароитлар билан танишди, ходимлар билан мулоқот қилди.
Технопаркда молиявий, маркетинг, юридик, консалтинг ва бизнес-акселерация хизматлари кўрсатилади. Бу стартап соҳаси бўйича фаолият кўрсатувчилар учун бизнес-режа ва маҳсулотини тарғиб этиш стратегиясини тўғри тузиш, бозор ва рақобатчиларни ўрганиш, иқтисодий фаолиятини тезроқ бошлашига ёрдам беради. Бундан ташқари, стартап лойиҳаларни амалга оширишда венчур молиялаштириш асосида ёрдам ҳам кўрсатилади.
Бу ерда мутахассислар учун барча қулайликлар яратилган, истиқболли стартап-лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш бўйича инкубация ва акселерация дастурлари ташкил этилган. Ахборот технологиялари, молия технологиялари, логистика, электрон тижорат, электрон таълим, биотехнология ва бошқа йўналишлардаги илк лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Масалан, АҚШдаги транспорт корхоналарига логистика ҳамда кафе ва пиццерияларга аутсорсинг бўйича технологик хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган. Технопаркнинг бу каби хизматлари арзонлиги, сифати қолишмаслиги билан хорижликларга маъқул бўлмоқда.
Иқтисодиётимиз барқарорлиги, ҳар бир соҳанинг сифати ва самарадорлиги, аҳолига қулайликлар яратиш ахборот технологиялари билан боғлиқ. Шунинг учун бу соҳага янада кенг имконият, зарур инфратузилма яратиш, мутахассисларни ҳар томонлама рағбатлантириш, қобилиятли ёшларни тарбиялаш керак, деди Шавкат Мирзиёев.
Мазкур технопарк резидентлари сифатида рўйхатдан ўтган корхоналар 2028 йилнинг 1 январига қадар солиқлар ва божхона тўловларидан озод этилган. Бу соҳа мутахассисларига катта мадад бўлиб, технопаркка қизиқишни оширмоқда. Қисқа вақтда унинг резидентлари сони 300 дан ортди.
Соҳа ривожига янада кенг шароит яратиш мақсадида бу ерда яна еттита лотда қурилиш қилиниб, IT-офислар, бизнес маркази, меҳмонхона ва бошқа бинолар барпо этиш режалаштирилган. Қисқача айтганда,IT-шаҳарча бунёд этилади.
Президент Шавкат Мирзиёев ушбу янги босқич қурилишига тамал тоши қўйди.
Технопаркда йиллик ишлаб чиқариш қуввати 2020 йилда 10 миллион доллардан ортиши, 2025 йилда эса 100 миллион долларга етиши кўзда тутилган. Лойиҳанинг умумий қиймати 150 миллион доллар.
Бугун Ўзбекистон барча соҳаларда ўзини намоён этмоқда. Ўз вақтида ахборот технологияларига эътибор қаратганимиз яхши натижалар бермоқда. Битта дастурий маҳсулот давлатимизга қанча наф келтиради, коррупция, бюрократияни бартараф этади, одамларга қулайлик яратади.
Ҳар доим ёдда тутингларки, сизларнинг ишингиз жудаям муҳим, деди Президент.
Технопарк резидентларининг истиқболли лойиҳалари давлат маблағлари, хусусан, Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш фонди ҳисобидан молиялаштирилади. Бунда технопарк резидентлари учун Ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий қилишни қўллаб-қувватлаш бўйича "Mirzo Ulugbek Innovation Center" инновация марказига тақдим этилган имтиёзлар берилади. Улар 2028 йилга барча турдаги солиқлар ва мажбурий ажратмалар, жумладан, республикамиз ҳудудига дастурий таъминот ва ускуналарни олиб кирганда божхона тўловларини тўлашдан озод этилади.