Хозирда мазкур сайтнинг янги версияси яратилмокда

Logo

Тинч ва фаровон ҳаётимизнинг ҳуқуқий асоси

9510 8 Декабр, 2015 Чоп этиш Юклаб олиш (PDF 104 Kb)


"Ўзбекистон" халқаро анжуманлар саройида 5 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган куннинг 23 йиллигига бағишланган тантанали йиғилиш бўлиб ўтди. 

Унда давлат ва жамоат арбоблари, фан, маданият ва санъат намояндалари, пойтахт жамоатчилиги, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган хорижий давлатлар элчихоналари ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналари вакиллари иштирок этди. 

Йиғилишни Тошкент шаҳар ҳокими Р.Усмонов очди. 

Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов тантанали йиғилишда маъруза қилди. 

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси мамлакатимизда суверен демократик давлат барпо этиш, инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, иқтисодиётимиз ривожи ва турмушимиз фаровонлигини юксалтиришнинг асосий ҳуқуқий кафолати бўлиб келаётганини таъкидлади. 

Ушбу тарихий санани байрам қилар эканмиз, мустақиллигимизнинг мустаҳкамланиши, ижтимоий-иқтисодий соҳаларнинг изчил ривожланиши, аҳоли турмуш даражасининг юксалиши, мамлакатимизнинг халқаро ҳамжамиятдаги нуфузи ортиши – барча ютуқ ва имкониятларимизда Асосий қонунимизнинг аҳамияти юксак эканлигини янада теран англаймиз. 

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси байрамининг яна бир муҳим жиҳати, шу куни халқимизнинг эзгу интилишларини ифода этадиган, жамиятимиз ривожига хизмат қиладиган энг устувор йўналишлар белгилаб олинади ва келгуси йилга шунга мувофиқ ном берилади. 

Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 2015 йил Кексаларни эъзозлаш йили деб эълон қилинган эди. 

"Кексаларни эъзозлаш йили" Давлат дастури асосида ёши улуғ инсонларнинг ҳаёт даражаси ва сифатини оширишга қаратилган меъёрий-ҳуқуқий база такомиллаштирилди. Кексаларнинг кўнглини кўтариш, саломатлигини мустаҳкамлаш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш, тиббий ва ижтимоий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Фахрийларнинг ҳаёт фаолияти ва дам олишини мазмунли ташкил этиш, юртимиздаги тинчлик-осойишталик ва меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлашда уларнинг тажрибасидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилди. 

Ватанимизни ҳар томонлама ривожлантириш, халқимиз фаровонлигини янада ошириш йўлидаги бундай ишлар изчил давом эттирилмоқда. 

Президентимиз Ислом Каримов кириб келаётган янги – 2016 йилни мамлакатимизда Соғлом она ва бола йили деб эълон қилишни таклиф этди. Давлатимиз раҳбарининг бу таклифини йиғилганлар гулдурос қарсаклар билан қўллаб-қувватлади. 

Тантанали маросим санъат усталари ва ёш ижрочиларнинг байрам концерти билан якунланди. 

ЎзА 

Интерактив xизматлар

Ягона интерактив давлат xизматлари портали