Хозирда мазкур сайтнинг янги версияси яратилмокда

Logo

Тинчлик ва осойишталик барқарор тараққиётнинг муҳим омилидир

10451 30 Июн, 2017 Чоп этиш Юклаб олиш (PDF 214 Kb)


Президентимиз Шавкат Мирзиёев 29 июнь куни пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, янги лойиҳалар билан танишди. 

Мамлакатимизда барча соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Кенг ва равон йўллар, замонавий кўприклар, аҳоли турар жойлари, янги ишлаб чиқариш объектлари фойдаланишга топширилмоқда. Бу аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, янги иш ўринларини яратишда муҳим омил бўлмоқда. 

Тошкент тажриба экспериментал механика заводи негизида 2008 йилда ташкил этилган "Krantas" ҳамда "Кранлар ва махсус техника" корхоналарида 60 турдан зиёд махсус техника, жумладан, автокранлар, кран манипуляторлари, ёнилғи ва кислота ташувчи автоцистерналар, коммунал техника, самосваллар, автоустахоналар, автогидрокўтаргичлар ишлаб чиқарилмоқда. Импорт ўрнини босувчи, экспортбоп ушбу техника воситалари мамлакатимиз иқтисодиёт тармоқларига етказиб берилмоқда. 

Давлатимиз раҳбари "Krantas Group" заводига ташриф буюриб, қурилиш учун махсус техника ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолияти билан танишди. 

Бугунги кунда корхоналарда 645 ишчи-хизматчи меҳнат қилмоқда. Маҳсулот ҳажмини ошириш, янги ускуналар сотиб олиш ва ишлаб чиқариш цехларини барпо этиш ҳисобига яна 150 иш ўрни яратиш мўлжалланмоқда. 

Корхоналарда 2017-2018 йилларда юк кўтариш қуввати 100 тонна бўлган автокранлар ва кўп қаватли уй-жойлар қурилишига мўлжалланган 8 тонналик кранлар ишлаб чиқариш лойиҳалаштирилган. Мамлакатимизда тадбиркорлик соҳасига қаратилаётган алоҳида эътибордан самарали фойдаланиб, жорий йилда корхонанинг экспорт ҳажмини 5 миллион долларга етказиш, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Афғонистон каби давлатларга маҳсулот экспорт қилиш режалаштирилган. 

Президентимиз корхонада ишлаб чиқарилаётган махсус техника воситалари ва ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечирди. Бу каби корхоналар мамлакатимиз саноати ривожланишининг асосий омилларидан бири эканини таъкидлади. 

Корхонада ишлаб чиқарилаётган махсус техника турларини маҳаллийлаштиришни кенгайтириш, келгуси беш йилга мўлжалланган давлат дастурини қайта кўриб чиқиб, махсус техника импортини камайтириш, маҳаллийлаштирилган махсус техникалар харидини кўпайтириш юзасидан мутасадди раҳбарларга тегишли топшириқлар берилди. 

Ихтисослашган олий таълим муассасаларида кран ва махсус техникалар ишлаб чиқариш бўйича йилига 20-25 мутахассис тайёрлайдиган факультетлар очиш ва ёшларни ўқитиш зарурлиги қайд этилди. 

Давлатимиз раҳбари шу ерда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича амалга ошириладиган лойиҳалар билан танишди. 

Туман ҳудудида жойлашган илм ва таълим муассасалари салоҳиятидан самарали фойдаланиш, аҳоли турмуши учун қулай шароитлар яратиш, мавзеларни ободонлаштириш, лойиҳаларни молиялаштириш учун маҳаллий бюджет даромадларини ошириш, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ва экспорт ҳажмини кўпайтириш масалалари муҳокама қилинди. 

Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент шаҳри сайловчилари билан учрашувида илгари сурган ташаббусига мувофиқ ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритувчи Мирзо Улуғбек инновацион марказини ташкил этиш, Ўзбекистон Фанлар академияси томонидан ишлаб чиқилган илмий-тадқиқотларни амалиётга жорий этиш бўйича комплекс дастурлар, тижорат банклари томонидан молиялаштириладиган лойиҳалар тақдимотлари ўтказилди. 

Ушбу лойиҳалар туманнинг ишлаб чиқариш, экспорт салоҳиятини ошириш, янги иш ўринлари ташкил этиш ва одамларга қулай шароитлар яратишда муҳим ўрин тутиши таъкидланди. Лойиҳа ташаббускорлари ва мутасаддилар билан суҳбатда уларни амалга оширишни жадаллаштириш, сифат ва муддатга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги қайд этилди. 

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академиясида бўлиб, у ердаги шароитлар билан танишди. 

Президентимиз жорий йил 9 февраль куни ички ишлар органлари фаолияти, соҳадаги мавжуд муаммо ва камчиликлар, истиқболдаги вазифаларга бағишлаб ўтказган видеоселектор йиғилишида ички ишлар идоралари фаолияти самарадорлигини ошириш, маҳаллий ҳокимликлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорлигини янада такомиллаштириш, профилактика инспекторлари турмуш шароитини яхшилаш, соҳани малакали кадрлар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. 

Ички ишлар тизимини тубдан ислоҳ қилишнинг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилди, тизим ходимларига янги вазифалар юклатилди. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 10 апрелдаги "Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони ва 12 апрелдаги "Ички ишлар органлари фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори қабул қилинди. 

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академияси Марказий Осиёда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари учун кадрлар тайёрлаш бўйича энг йирик олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. Академия Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 2 сентябрдаги қарори асосида ташкил этилган. 

Академиянинг тўртта замонавий ўқув биноси, тингловчилар учун иккита ётоқхона, меҳмонхона ва бошқа зарур иншоотлари бор. Тингловчилар билан ўқув машғулотлари ўтказиш учун 18 маъруза зали, 150 ўқув аудиторияси ва ўқув-методик кабинет, учта спорт зали ва сув ҳавзасини ичига олган спорт мажмуаси, теннис корти ва атлетик тайёргарлик билан шуғулланиш учун спорт майдончалари, икки галереяли ўқ отиш тири, криминалистик полигон, энг замонавий компьютерлар билан жиҳозланган 20 компьютер синфи ва бошқа иншоотлар мавжуд. 

Тингловчилар 500 мингдан ортиқ нусхадаги ўқув, илмий, ижтимоий-сиёсий, махсус ва бадиий адабиётлар, даврий нашрларни ўз ичига олган 4 кутубхона хизматидан фойдаланади. 

Ҳақиқий вазиятга яқинлаштирилган шароитларда амалий машғулотлар ўтказиш учун академиянинг ҳарбий-дала ўқув маркази бор. Бу ерда 600 кишига мўлжалланган маъруза зали, ўқув синфлари ва бошқа иншоотлар мавжуд. 

Давлатимиз раҳбари 2017-2021 йилларда ИИВ академиясини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича лойиҳаларни кўздан кечирди. Соҳада юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, шахсий таркибнинг касб маҳорати, маънавий-маърифий, ҳуқуқий билимини ошириш борасида тегишли кўрсатмалар берилди. 

Президентимиз Мирзо Улуғбек тумани ички ишлар бошқармаси қошидаги 8-шаҳар ички ишлар бўлими фаолияти билан танишди. 

Ички ишлар органлари тизимини комплекс ислоҳ қилиш, унинг таркибий тузилмаларини оптималлаштириш зарурлиги таъкидланди. Ана шу вазифалардан келиб чиқиб, ички ишларни халқимизга янада яқинлаштириш, жиноят содир этилишининг олдини олиш, профилактика тадбирларини кучайтириш мақсадида пойтахтимиз туманлари ички ишлар бошқармалари қошида шаҳар ички ишлар бўлимлари ташкил этилмоқда. 

Мирзо Улуғбек тумани ички ишлар бошқармаси қошидаги 8-шаҳар ички ишлар бўлимида вояга етмаганлар ва ёшлар бўйича инспектор, тезкор вакил, суриштирувчи, паспорт инспектори, профилактика инспектори фаолият кўрсатади. Ички ишлар бўлими соҳага оид энг замонавий компьютер ускуналари билан жиҳозланган. Бу Алишер Навоий, Бобур, Шукур Бурҳонов номидаги, "Гулзор", "Янги ҳаёт", "Катта қорасув", "Шўртепа" маҳалла фуқаролар йиғинларида яшовчи аҳоли осойишталигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олишда ўз самарасини беради. 

Президентимиз 8-шаҳар ички ишлар бўлими ходимлари билан мулоқот қилди, замонавий технологиялар бўйича амалга оширилаётган иш жараёни билан танишди. 

Ички ишлар идораларини халққа яқинлаштиришдан мақсад жиноятчиликнинг олдини олиш, унинг асл сабабларини аниқлаш, аҳолининг ҳуқуқ ва эркинликлари, тинч ва осуда ҳаётини таъминлашдан иборат, деди давлатимиз раҳбари. 

Шу ерда "Автокон" – автомашиналарнинг давлат рақамларини автоматик аниқлаш ва қоидабузарликларни қайд этиш махсус аппаратининг тақдимоти ўтказилди. Йўл ҳаракати инспектори машинасига ўрнатиладиган ушбу махсус қурилма қоидабузарлик содир этиб, жарима тўламай юрган транспорт воситаларини бевосита ҳаракат жараёнида аниқлаш имконини беради. 

Қурилмани янада такомиллаштириш юзасидан зарур кўрсатмалар берилди. 

Шавкат Мирзиёев Катта қорасув маҳалласида ҳам бўлди. 

Мамлакатимизда маҳалла институтининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, ваколати ва вазифалари кўламини кенгайтириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ўзаро муносабатларини таъминлашга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ижтимоий-иқтисодий ҳаётимиздаги ўрни ортиб бормоқда. 

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 3 февралдаги "Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони билан мазкур тизим фаолиятида янги тараққиёт босқичи бошланди, тузилма тубдан ислоҳ қилиниб, замон талаблари асосида такомиллаштирилмоқда. 

"Катта қорасув" маҳалла фуқаролар йиғинида олиб борилаётган ишлар бунга ёрқин мисолдир. 

Маҳаллада турли миллат вакиллари яшайди. Капитал таъмирланган маҳалла маркази одамларни ўзаро яқинлаштиришга, дўстлик, ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат фазилатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. 

Фуқаролар йиғинида маҳалла раиси, котиб ва маслаҳатчилар, профилактика инспектори учун алоҳида хизмат хоналари бўлиб, улар замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, тегишли адабиётлар билан таъминланган. Турли китоблар, минглаб электрон адабиётлар базасига эга кутубхона аҳолининг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, айниқса, ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини кенг ёйишда муҳим аҳамият касб этмоқда. 

Давлатимиз раҳбари маҳалла оқсоқоллари билан ёшлар тарбияси, аҳоли бандлигини таъминлаш, маҳаллада жиноятчиликнинг олдини олиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида суҳбатлашди. 

Маҳалла марказларида чойхона, новвойхона, "Гўзаллик салони", дўконлар, спорт ва болалар майдончалари бўлиши одамларнинг зарур эҳтиёжларини қондириш билан бирга, ҳудуддаги маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этади. 

Президентимиз маҳалла ҳаёти билан танишди. Маҳалла қошидаги "Кристалл" болалар рақс тўгараги иштирокчилари турли рақслар ижро этди. 


Ёш истеъдодларга мусиқа асбоблари совға қилинди. 

Уюшмаган ёшлар билан ишлашда аниқ тизимни йўлга қўйиш, уларни турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишдан асрашда маҳалла етакчи ўрин тутиши таъкидланди. 

Аҳоли билан доимий мулоқот ўрнатиш, фуқаролар осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш, вояга етмаганлар билан самарали ишлаш учун зарур шароитлар яратиш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида Мирзо Улуғбек тумани фаоллари, мутасадди ташкилотлар вакилларининг йиғилиши бўлди. Унда аҳоли турмуш фаровонлигини янада ошириш, бандлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга кўтаришга хизмат қилаётгани қайд этилди. Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ижроси, туманни янада ривожлантириш бўйича амалга оширилиши зарур бўлган ишлар муҳокама қилинди. 

ЎзА

Интерактив xизматлар

Ягона интерактив давлат xизматлари портали