Тошкент ҳокими кўп қаватли автотураргоҳларни қуриш тўғрисидаги қарорни имзолади
Тошкент ҳокими қарори билан пойтахтда кўп қаватли автотураргоҳларни қуриш тасдиқланди.
Тошкент ҳокими Раҳмонбек Усмоновнинг 1 июндаги қарори (PDF) билан биринчи қаватида савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси бўлган кўп қаватли автотураргоҳлар қурилиши маъқулланди.
Апрель ойи ўрталарида "шаҳарсозлик қоидалари ва санитар меъёрларга жавоб бермайдиган" автомобиль гаражлари ўрнида кўп қаватли автотураргоҳлар қуриш режалаштирилаётгани тўғрисида маълум қилинган эди. Ўша вақтда автомобилларни сақлаш учун икки,уч ва олти қаватли тураргоҳларнинг дастлабки лойиҳалари тақдим этилганди.
Ҳоким қарорида Ўзбекистон пойтахтида автомобиллар сони икки йил ичида 20 фоизга ошгани (1 март ҳолатига кўра 420,1 мингта), савдо марказлари ва зиёфат заллари яқинида автомототранспорт воситаларини қўйиш учун жой етишмаслиги, натижада кўчаларда тирбандликлар кузатилаётгани кўп қаватли автотураргоҳлар қурилишига зарурат борлиги келтириб ўтилади.
Ҳужжатда туман ҳокимлари раҳбарлигида махсус ишчи гуруҳларни тузиш, улар томонидан талабларга жавоб бермайдиган автомобиль сақлаш жойларини ўрганиш, уларни бузиш, янги тураргоҳлар қурилишига тадбиркорларни жалб қилиш ҳамда аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш масалалари билан шуғулланишга жалб қилиш кўзда тутилган.
Ишчи гуруҳларга 2017 йил сўнгига қадар супер- ва гипермаркетлар, зиёфат заллари яқинида автотураргоҳлар қуриш бўйича чоралар кўриш топширилди. Бунда яқинида автотураргоҳлар ташкил этиш учун шароитлар бўлмаган объектлар эгаларига фаолият турини қайта кўриб чиқиш тавсия этилади.