Хозирда мазкур сайтнинг янги версияси яратилмокда

Logo

"Тошкентдан Хоразмгача..."

25235 3 Декабр, 2016 Чоп этиш Юклаб олиш (PDF 1734 Kb)


Бугунги кунда шу машҳур қўшиқни хиргойи қилганингизда, беихтиёр бу икки юрт ўртасидаги йўлнинг неча километрлиги ёдингизга тушади. Йўлни эслагандан кейин эса, уларнинг бугунги ҳолатини ҳам кўз олдингизга келтиришингиз табиий. Дадил айтиш мумкинки, бу йўллар бугун замон талабларига мос ҳолда – ҳам қурилмоқда, ҳам таъмирланмоқда. 

Фактлар ва мисоллар келтирамиз. Айни пайтда вилоятда "Хоразмавтойўл" ташкилоти қарамоғидаги йўл хўжалиги корхоналарига қарашли жами 2210 км умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари мавжуд бўлиб, шундан 113 км - халқаро, 706 км - давлат ва 1391 км - маҳаллий аҳамиятдаги йўллардир.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 27 апрелдаги 126-сонли қарорига асосан 4р156 "Урганч–Хонқа–Ҳазорасп–Тошсоқа орқали Амударё" автомобиль йўлининг 50-62 км қисмида, 4р158 "Урганч–Хива" автомобиль йўлининг 13-28 км қисмида, 4р160 "Урганч–Гурлан–Манғит–Туркманистон Республикаси чегараси" автомобиль йўлининг 0-5 км қисмларида йўл қуриш ва таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.


Кўприклар тўғрисида алоҳида тўхталиш керакки, уларни қайта қуриш бўйича "Хоразмкўприк" корхонаси ва бошқа пудратчилар томонидан, вилоятдаги 5 та кўприкда ишлар қизғин олиб борилмоқда. Шундан Хива туманидаги кўприкда ишлар тўлиқ тугалланди, Урганч, Қўшкўпир, Хазорасп ва Гурлан туманидаги кўприкларни қайта қуриш ишлари жорий йил охирига қадар якунланади. Бундан ташқари 4р161 "Урганч–Чолиш–Беруний" автомобил йўлини 13-километрида қурилаётган Амударё устидан ўтувчи кўприкнинг таъмирлаш ишлари ҳам бошлаб юборилган.


"Хоразмавтойўл" ҲЙФТ директори Ф.Салаевнинг маълумот беришига қараганда, вилоятдаги шаҳар кўчаларида ҳам қурилиш ва таъмирлаш ишлари давом эттирилмоқда. Хусусан, Урганч шаҳридаги "Ёшлик", "Хонқа", "Маърифатчи", "Байналминал", "Шовот", "Тинчлик", "Шерозий", "Ғ.Ғулом", "Пахлавон Махмуд", "Амударё", "Беруний",  "Янги Урганч" кўчалари хамда Шовот канали бўйи йўлида қайта қуриш ишлари бажарилди.


Юқоридагилардан ташқари йўлларда вилоятдаги харакат хавфсизлиги таъминлаш бўйича ҳам талай ишлар амалга оширилди. Жумладан, 22 та кўприкда панжара, йўлак ва ён тўсиқлари ўрнатилди, 1000 дан ортиқ йўл белгилари ва 500 км дан зиёд йўл чизиқлари янгиланди, 30 км атрофида йўл ёқаси тош билан қайта мустаҳкамланди. Йўловчиларга қулай шароит яратиш мақсадида 40 та замонавий енгил типдаги ойнабанд автобус бекатлари қурилди, 27 та мавжуд автобус бекатлари таъмирланди.


Бир сўз билан айтганда, бугун Хоразм томонларга йўлингиз тушса, янгиланаётган ва қурилаётган йўлларни кўриб, худди бу санъатсевар юрт одамлари сингари – қувнаб, ҳатто куйлаб кетишингиз аниқ...

"Ўзавтойўл" АК матбуот хизмати

Интерактив xизматлар

Ягона интерактив давлат xизматлари портали