Урганчдаги кўчалар қайта қурилди
Жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида йўлсозлар томонидан Хоразм вилоятининг маркази Урганч шаҳридаги умумий узунлиги 14,1 км га тенг бўлган 11 та кўча қайтадан қурилиб, шаҳар аҳли учун қўшимча қулайлик яратилди.
Компаниянинг автомобил йўлларидан фойдаланиш ва техник ҳолатини таҳлил қилиш бошқармаси бошлиғи Нодир Ҳусановнинг сайтимизга хабар беришича, қурилиш ишлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 6 декабрдаги "Урганч шаҳри бош режасини амалга ошириш, Хоразм вилояти аҳолисининг сув таъминоти ва вилоятдаги ободонлаштириш ишларини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-1874-сонли Қарори ижроси юзасидан, "Ўзавтойўл" ДАК тизимига кирувчи "Хоразмйўлқурилиш" корхонаси томонидан амалга оширилди.
"Урганчдаги Тинчлик, Паҳлавон Маҳмуд, Ал-Хоразмий, Шовот, Байналмилалчи, Маърифатчилар, Амир Темур, Ёшлик, Хонқа, Ғалаба ва Термиз кўчаларида автомобиллар қатнов қисми ва пиёдалар йўлаклари, ёритиш, кўкаламзорлаштириш, суғориш, сув қочириш тизимлари бутунлай қайтадан қурилди. Бундан ташқари 5 мингдан ортиқ манзарали дарахт кўчатлари экилди", - деди Н.Ҳусанов.
Қўшимча тарзда шуни маълум қиламизки, Урганчдаги транспорт ва пиёдалар қатнови тизимини бутунлай яхшилаган бу тадбирлар учун Хоразм вилояти хокимлиги ҳузуридаги "Ягона буюртмачи хизмати" инжиниринг компанияси буюртмаси асосида Республика Йўл жамғармаси ҳисобидан 21,4 миллиард сўм маблағ ажратилди.
"Ўзавтойўл" АК матбуот хизмати