Владимир Путин Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтирди
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг порлоқ хотирасини ёд этиш маросимлари давом этмоқда.
Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин 6 сентябрь куни Самарқанд шаҳрига ташриф буюрди. Самарқанд халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев кутиб олди.
Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди.
Владимир Путин ва Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрига гул қўйдилар ва унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар.
Россия Федерацияси раҳбари Самарқанд шаҳридаги Форумлар мажмуасига ташриф буюриб, Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Каримова ва қизи Лола Каримова-Тиллаевага чуқур ҳамдардлик изҳор этди.
Форумлар мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг учрашуви бўлиб ўтди.
Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги ҳамкорлик 2004 йил 16 июнда имзоланган Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома, 2005 йил 14 ноябрда имзоланган Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома асосида изчил ривожланиб бормоқда.
Ўзаро ҳамкорлик кенг кўламли ва самарали бўлиб, ҳукуматлараро ва идоралараро алоқалар олий даражадаги учрашувларда эришилган келишувларни амалга оширишда муҳим омил бўлмоқда. Мамлакатларимиз БМТ, ШҲТ, МДҲ каби халқаро тузилмалар доирасида ҳам самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси Президенти Владимир Путинга халқимизнинг ардоқли фарзанди, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасини ёд этиш мақсадида мамлакатимизга ташриф буюргани учун миннатдорлик билдирди. Ушбу ташриф Владимир Путиннинг Ислом Каримовга, Ўзбекистон халқига юксак ҳурматидан далолат беришини қайд этди. Ўзбекистон Ислом Каримов ва Владимир Путин асос солган мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини давом эттириши ва янада мустаҳкамлашини алоҳида таъкидлади.
Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов Ўзбекистон учун, ўз халқининг фаровонлиги учун улкан ишлар қилгани, энг мураккаб пайтларда ҳам тинчлик ва барқарорликни таъминлагани, бу мамлакат тараққиётига хизмат қилганини алоҳида таъкидлади. Россия давлатларимизнинг ўзаро ҳамкорлигини давом эттириш ва ривожлантириш тарафдори эканини қайд этди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида турли соҳалардаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга оид масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Шу билан Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга ташрифи ниҳоясига етди.