Халқаро автокарвон иштирокчилари – Ўзбекистонда
Жорий йилнинг 21-26 август кунлари мамлакатимиз автомобиль йўллари орқали Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги Ҳукуматлараро кенгаши томонидан ташкиллаштирилган "Хавфсиз йўллар" – МДҲ давлатлари автомобиль йўлларидаги юклар ва йўловчилар ташишнинг кўпайиши йўлида" деб номланган автокарвон ўтади.
Алоҳида таъкидлаш лозимки, бу каби тадбирнинг Ўзбекистонда илк бор ўтказилаётгани – мамлакатимизнинг барча соҳаларда, жумладан, йўл-коммуникация тармоқларида ҳам очиқ ва шаффоф сиёсатни қўллаётгани, шу билан бирга жаҳон ҳамжамиятига тобора кўпроқ интеграциялашаётганининг яна бир далилидир.
МДҲ халқаро автомобиль йўллари тармоғи Ҳамдўстликнинг 1998 йил 11 сентябрдаги Халқаро автомобиль йўллари бўйича қабул қилган баённомасига биноан белгиланган бўлиб, ўз ичига – ғарбий-шарқий ва шимолий-жанубий йўналишлардаги шахобчаларга бўлинган ва бирлаштирадиган – асосий ва оралиқ йўллар тизимини қамраб олади. Ҳамкорлик, интеграция ва дўстлик – дунё, жумладан, МДҲ минтақаларидаги иқтисодий, ижтимоий-сиёсий, маданий ва бошқа соҳалардаги ривожланишнинг муҳим омилларидан бўлиб қолмоқда.
Автокарвон ташкил этилишидан кўзланган асосий мақсад – халқаро ташувларда барьерлар ва тор ўтиш жойларидаги йўлларнинг шарт-шароитларини, халқаро тоифадаги автомобиль йўлларининг техник-фойдаланиш ҳолатини ўрганиш, ёрдамчи инфратузилмалар, жумладан, чегаралардаги ўтказув пунткларига техник баҳо бериш, шу билан бирга давлатлараро аъзо давлатларнинг соҳага тегишли вазирлик ва идоралари раҳбарлари билан учрашув ва маслаҳатлашувлар ўтказишдан иборат.
Жорий йилдаги автокарвон 6 августдан 26 августга қадар ўтказилиши мўлжалланган бўлиб, Россия Федерацияси, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон Республикалари ҳудудидан ўтиши кўзда тутилган эди. Карвоннинг бу йилги финал қисми Ўзбекистондан ўтади. Иштирокчилар 21 август куни Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги "Дўстлик" чегара постида тантанали кутиб олиндилар.
Автокарвон қуйидаги манзилларни ўз ичига олади:
Москва – Қозон – 830 км;
Қозон – Уфа – Челябинск – Курган – Петропавловск – Кокшетау – Шучинск – Остона – 2000 км;
Остона – Олмаота – 1200 км;
Олмаота – Каракол – 380 км;
Каракол – Чўлпонота – Баликчи (Қирғизистон) – 230 км;
Баликчи – Норин – Жалолобод – Ўш – 550 км.
Шунингдек, автокарвоннинг Ўзбекистон ҳудудидан ўтиши кўзда тутилган қисми узунлиги – 980 километрни ташкил этиб, у Андижон – Тошкент – Самарқанд – Навоий – Бухоро йўналишида кузатилади.
2018 йилнинг 6 августида Москва шаҳрида старт олган Халқаро автокарвон 26 августда кўҳна Бухорода якунига етади.
Автомобиль йўллари давлат қўмитаси
матбуот хизмати