Халқимиз фаровонлигини юксалтириш, турмуш шароитини янада яхшилаш – асосий вазифамиздир
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 26 май куни пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди.
Истиқлол йилларида пойтахтимиз ўзгача тароват ва замонавий қиёфа касб этди. Бир-бирини такрорламайдиган маъмурий бинолар, турар жойлар, кенг ва равон кўчалар, замонавий кўприклар, муҳташам савдо мажмуалари, бозорлар бунёд этилди.
Президентимиз Шайхонтоҳур туманидаги "Сузук ота" мақбараси ва жомеъ масжидида бўлди.
Мамлакатимизда виждон эркинлиги, диний бағрикенглик тамойилларини таъминлаш, уларнинг қонуний асосларини яратиш ва ривожлантириш масалаларига алоҳида аҳамият берилмоқда.
Президентимиз раҳнамолигида миллий урф-одат ва қадриятларимизни тиклаш, муқаддас динимизни, азиз авлиёлар ва уламоларимизнинг бой меросини ўрганиш, уларнинг қадамжоларини обод қилиш, тарихий обидаларни асраб-авайлаш йўлида улкан ишлар амалга оширилмоқда.
Сузук отанинг исми Мустафоқул бўлиб, 1140 йилда таваллуд топган. У Аҳмад Яссавий қизи Гавҳари Ҳуштожнинг кенжа ўғли бўлган. Болалик чоғида бобоси у кишини эркалаб "Менинг сузигим (суюклигим), хуш келдингиз!", дегани боис атрофдагилар ҳам уни шу исм билан чақира бошлаган. Сузук ота юзлаб шогирдларга илм бериб, ҳунарга, ҳалол меҳнатга ўргатган. 1363-1364 йилларда буюк бобокалонимиз Амир Темур Яссавийнинг набираси Сузук ота қабри устида мақбара ва масжид бунёд эттирган.
Мустақиллик йиллари бу муқаддас қадамжо қайта тикланиб, ободонлаштирилди. "Сузук ота" маҳалла фуқаролар йиғинида беш мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Маҳаллада ҳунармандлик, дурадгорлик, ўймакорлик ривожланган.
Бундай масжид ва мақбаралар маънавиятимизни янада юксалтиришга, юртимизда эзгулик нурини зиёда этишга хизмат қилиши керак, деди давлатимиз раҳбари. Бу ерда ҳам ҳунармандлар маркази ва кутубхона ташкил этиш лозим.
Президентимиз мутасаддиларга мақбара ва масжидни реконструкция қилиш, атрофини ободонлаштириш бўйича топшириқлар берди.
Мамлакатимизда амалга оширилган ислоҳотлар, миллий қадриятларимизни тиклаш, бозор иқтисодиётини ривожлантириш, тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш, келажагимиз эгалари бўлган баркамол авлодни тарбиялаш борасидаги саъй-ҳаракатлар, кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари самараси барчамизга чексиз фахр-ифтихор бахш этмоқда.
Шавкат Мирзиёев "Тошкент иссиқлик маркази" акциядорлик жамиятининг 3-иссиқлик марказида бўлди. Мазкур иссиқлик маркази 1970 йилларда қурилган бўлиб, тумандаги 937 объектга иссиқлик қуввати етказиб беради.
Бугунги кунда қозонхона ва тармоқлар техник ва маънавий эскиргани, марказий қозонхоналар истеъмолчилардан узоқ масофада жойлашгани сабабли иссиқлик етказиб беришда айрим муаммолар юзага келмоқда. Тошкент шаҳрини тўлиқ энергиятежамкор локал қозонхоналарга ўтказиш зарур, деди Президентимиз.
Шу ерда Шайхонтоҳур туманида иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда амалга оширилиши режалаштирилган истиқболли лойиҳалар тақдимоти бўлиб ўтди.
Тижорат банклари аҳолига банк хизматлари кўрсатиш билан бирга, уларни тадбиркорликка жалб қилиш, даромадини ошириш, иш билан таъминлашда ҳам самарали ишлар олиб бормоқда. Тақдимоти ўтказилган лойиҳаларда ана шундай масалалар ўз ифодасини топган. Унда тижорат банклари томонидан аҳолини тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақидаги маълумотлар келтирилди. Лойиҳаларда яратиладиган иш ўринларига қараб кредитнинг йиллик ставка фоизи пасайиб боради. Битта иш ўрни яратган тадбиркор учун 9 фоиз, иккита иш жойи яратганлик учун 8 фоиз, бешта ва ундан ортиқ иш ўрни яратган тадбиркорнинг кредит ставкаси 6 фоиз қилиб белгиланади.
Бу лойиҳалардан мақсад халқимиз фаровонлигини ошириш ва турмуш шароитини янада яхшилашдир. Шунинг учун ҳар бир лойиҳани сифатли ва ўз вақтида бажаришга алоҳида эътибор бериш керак, деди давлатимиз раҳбари.
Жорий ўқув йилида тумандаги 9 касб-ҳунар коллежини 4,5 мингдан кўпроқ ўқувчи тамомлайди. Уларнинг аксарияти билан тўрт томонлама шартнома тузилган, битирувчилар иқтисодиёт комплексига кирувчи ташкилотларда амалиёт ўтамоқда.
Тумандаги коллежларда ўқувчилар қайси соҳалар бўйича ўқишни тамомлаётгани, кредит олиб ўз тадбиркорлигини бошламоқчи бўлган ёшлар ҳақида маълумот берилди.
Давлатимиз раҳбари битирувчиларнинг биронтаси ҳам бўш қолмаслиги, уларнинг ишга жойлашишини қатъий назоратга олиш зарурлигини таъкидлади.
Туманда ташкил этилиши режалаштирилаётган кўп тармоқли саноат кластери истиқболли лойиҳа сифатида баҳоланди.
Шайхонтоҳур туманида саноатни янада ривожлантириш керак, деди Президентимиз. Бунинг учун соҳани атрофлича ўрганиш ва чет эллик инвесторларни жалб қилиш зарур.
Ташкил этилаётган кластерда трикотаж, фармацевтика, чарм-пойабзал, электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқаришга кенг ўрин берилади. 2 минг иш ўрни яратилиши кўзда тутилган лойиҳанинг умумий қиймати 250 миллион долларни ташкил қилади.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки томонидан молиялаштирилаётган қоғоз ишлаб чиқариш лойиҳасида қоғоз маҳсулотларига бўлган эҳтиёж, жорий қилинаётган замонавий ишлаб чиқариш технологияси ҳақида маълумот берилди.
Мамлакатимизда хусусий тиббиёт тармоғи ҳам жадал ривожланмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 1 апрелдаги "Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори бу борада муҳим босқични бошлаб берди. Шайхонтоҳур туманида амалга ошириладиган лойиҳаларда бу соҳага ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
"Тrust medikal centre" масъулияти чекланган жамияти очаётган тиббий марказга ривожланган давлатлардан юқори сифатли жарроҳлик ускуналари келтириб ўрнатилмоқда. Жорий йилнинг учинчи чорагида фойдаланишга топшириладиган мазкур клиникада 60 иш ўрни яратилади.
"Zangiota zam-zam" МЧЖ "Савдогарбанк" кредитлари эвазига отолорингология ва гинекология соҳасида замонавий тиббий хизмат кўрсатиш бўйича лойиҳага қўл урган. 2018 йилнинг иккинчи чорагида тўлиқ ишга туширилиши кутилаётган лойиҳада 30 кишининг бандлиги таъминланади.
Туманда 2017 йилда саноат ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш учун киритиладиган инвестициялар ҳақида ҳам маълумот берилди.
Кимё ва нефть-кимё, қурилиш материаллари, мебель ва қоғоз, озиқ-овқат, тўқимачилик, фармацевтика, чарм-пойабзал, қандолатчилик, меҳмонхона хўжалиги, электротехника соҳаларидаги лойиҳаларга ажратиладиган кредитлар миқдори, янги корхоналарда яратиладиган иш ўринлари ҳақида батафсил ахборот берилди.
Шавкат Мирзиёев Белтепа ва Жарариқ кўчалари кесишган жойда барпо этилаётган кўнгилочар истироҳат боғи қурилишини кўздан кечирди.
Мазкур боғ концепциясида миллий меъморлик анъаналари ва замонавий шаҳарсозлик талаблари уйғунлигига алоҳида эътибор қаратилган. Боғ ҳудуди 10 гектар бўлиб, бу ерда кўнгилочар масканлар, замонавий аттракционлар, қишки боғ, чархпалак, мусиқали фавворалар, скейтборд ва чанғи учиш жойлари, велосипед йўлаклари, боғ бўйлаб дор йўли, кафелар, 5 қаватли автомобиллар турар жойи қурилиши режалаштирилган.
Ушбу боғдаги ёпиқ кўнгилочар масканлар йилнинг тўрт фаслида ҳам одамлар ҳордиқ чиқариши учун кенг имконият яратади. Боғ ҳудудига қуёш энергияси ёрдамида ишлайдиган ёритиш устунлари ва замонавий соябонлар ўрнатилади.
Ҳудуд мусаффолигини таъминлаш мақсадида боққа каштан, қарағай, япон сафораси, магнолия, қайин каби ҳавони тозаловчи ва кислород билан бойитувчи дарахтлар, турли буталар экилади.
Истироҳат боғида оммавий томошалар, концерт дастурлари, кўргазма, спорт мусобақалари ва бошқа турли тадбирлар ўтказиш имконияти яратилади. Турли ҳунармандлик, спорт тўгараклари, маҳорат дарслари ташкил этилади.
Лойиҳани амалга ошириш учун биринчи босқичда 18 миллион доллар, иккинчи босқичда 22 миллион доллар маблағ ўзлаштирилиши мўлжалланмоқда.
Боғнинг биринчи босқичини 2018 йилда, иккинчи босқичини 2019 йилда фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Боғ тўлиқ ишга тушгач, 350 киши иш билан таъминланади.
Давлатимиз раҳбари боғ лойиҳаси билан танишар экан, мазкур маскан пойтахтимиз аҳолиси ва меҳмонларининг севимли даргоҳларидан бири бўлиши, одамлар ҳордиқ чиқариши учун барча зарур қулайликлар, атроф-муҳит мусаффолигини таъминлайдиган инфратузилма барпо этиш лозимлигини таъкидлади.
Бизнинг асосий вазифамиз – одамларнинг самарали меҳнати ва кўнгилли дам олиши учун муносиб шарт-шароитлар яратишдан иборат, деди Шавкат Мирзиёев. Бу ерда сайр қилиш учун имконият яратиш ва турли аттракционлар ўрнатиш билан чекланмай, бу масканни катта-ю кичик учун севимли ҳордиқ масканига айлантириш зарур.
Мутасадди раҳбарларга қурилиш ишларини сифатли амалга ошириш, ободонлаштириш ишларида манзарали дарахт ва буталарни кўпроқ экиш бўйича зарур кўрсатмалар берилди.
Президентимиз кўрсатмасига мувофиқ пойтахтимизда бунёд этиладиган Қорақамиш истироҳат боғи, "Эски шаҳар" савдо маркази, кўп қаватли турар жойлар, талабалар миллий илмий-маърифий маркази, Ислом маданияти маркази лойиҳалари янада такомиллаштирилди.
Ислом Каримов кўчасида 3,5 минг ўринли Универсал спорт саройи, Махтумқули кўчасида Ашхобод боғи, Шайхонтоҳур туманида замонавий савдо маркази, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида Ёзувчилар уюшмаси биносини қуриш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилди.
Ушбу лойиҳалар қурилишини тезлаштириш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.
Президентимиз раислигида Давлат солиқ қўмитаси биносида ўтган йиғилишда Тошкент шаҳри ва туманлар ҳокимлари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, пойтахт жамоатчилиги вакиллари иштирок этди. Унда давлатимиз раҳбари асос солган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси, жойлардаги Халқ қабулхоналари халқ билан мулоқотнинг ноёб тизимига айлангани, турли масалаларга ўз вақтида ечим топилиб, одамларни рози қилаётгани таъкидланди. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга кўтаришга хизмат қилаётгани қайд этилди.
Йиғилишда аҳолига барча зарур шароитлар яратиш, янги иш ўринлари ташкил этиш, коммуникация тизимларини янгилаш, ҳудудларни ободонлаштириш, тадбиркорликни ривожлантириш ва бошқа долзарб масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.