Хозирда мазкур сайтнинг янги версияси яратилмокда

Logo

Халққа хизмат қилиш, одамларнинг манфаатларини таъминлаш – раҳбарлар фаолиятининг асосий мезонидир

7738 13 Апрел, 2017 Чоп этиш Юклаб олиш (PDF 123 Kb)


Президентимиз Шавкат Мирзиёев 12 апрель куни пойтахтимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, ижтимоий-иқтисодий лойиҳалар ижроси, ижтимоий объектлар фаолияти билан танишди. 

Мамлакатимизнинг барча ҳудудлари каби пойтахтимизда ҳам саноатни жадал ривожлантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг учинчи йўналишида эркин иқтисодий зоналар, технопарклар ва кичик саноат зоналари самарадорлигини ошириш, янгиларини ташкил этиш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, тармоқлараро саноат кооперациясини кенгайтириш бўйича улкан мақсад ва вазифалар белгиланган. Президентимиз раҳнамолигида бу борадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда. 

Шавкат Мирзиёев 3 февраль ва 25 март кунлари Тошкент шаҳридаги саноат объектларига ташриф буюриб, улардан самарали фойдаланиш, корхона ва тадбиркорларнинг самарали фаолият юритиши учун зарур шарт-шароит яратиш бўйича кўрсатмалар берди. Бугунги кунда ушбу объектларда янги ишлаб чиқариш қувватлари ташкил этилмоқда. 

Давлатимиз раҳбари ана шундай саноат ҳудудларидан бири – Чилонзор туманидаги "Реле ва автоматика" акциядорлик жамиятига ташриф буюрди. Заводнинг умумий ер майдони 3,91 гектар, ишлаб чиқариш майдони 2,26 гектар. Бу ерда юзга яқин турдаги металл ва пластмасса буюмлар, паст кучланишли қурилмалар тайёрланмоқда, шу йўналишда хизматлар кўрсатилмоқда. Ҳудудда ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш учун яхши имконият, зарур инфратузилма мавжуд. 

Акциядорлик жамияти ҳудудида кичик саноат зонаси ташкил этилиб, 2017-2018 йилларда 10 инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши режалаштирилган. Уларга мувофиқ бу ерда тўқимачилик ва қадоқлаш маҳсулотлари, касса ва терминал учун қоғозлар, гидравлика мойлари, пластик труба ва фитинглар, мебель, акрил ва канцелярия товарлари ишлаб чиқариш мўлжалланган. 

Масалан, "Сирдарё-қурилиш-монтаж" масъулияти чекланган жамияти томонидан бу ерда йилига 23-24 миллион дона қадоқлаш маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Полипропилендан тайёрланадиган, кимё, озиқ-овқат, тўқимачилик ва қурилиш саноатида қўлланиладиган бу маҳсулотларнинг 70 фоизи ички, 30 фоизи ташқи бозорга етказиб берилади. Корхонада 55 иш ўрни яратилади. 

"Милк импэкс" масъулияти чекланган жамияти бу ерда мева-сабзавотларни қайта ишлаш, қуритиш ва қадоқлаш корхонаси ташкил этишни режалаштирмоқда. Корхонада йилига 500 тонна мева-сабзавот қайта ишланади, 30 иш ўрни яратилади. 

Давлатимиз раҳбари ушбу ҳудудда экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган корхоналар ташкил этиш зарурлигини таъкидлади. 

Шавкат Мирзиёев Чилонзор туманидаги "Roison Home White Goods" Ўзбекистон – Буюк Британия қўшма корхонасига ташриф буюрди. 

Президентимизнинг 2016 йил 5 октябрдаги "Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони соҳада янги босқични, янги имкониятлар эшигини очмоқда. 

Собиқ "Алгоритм" заводи ҳудудида фаолият юритаётган бизнес субъектлари бунга мисол. Ҳозир бу ерда 50 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти маиший техникалар, тўқимачилик ва кимё саноати маҳсулотлари, мебель, қоғоз буюмлар, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, металлни қайта ишлаш билан шуғулланмоқда. Ушбу корхоналарда мингдан зиёд ишчи меҳнат қилмоқда. 

"Roison Home White Goods" қўшма корхонасининг умумий ер майдони қарийб 23 гектар, бино ва иншоотлар майдони 9,7 гектар. 

Шу ернинг ўзида Чилонзор туманида амалга ошириладиган 20 дан ортиқ иқтисодий лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. "1-Заргарлик корхонаси" лойиҳаси улардан бири. Қиймати 10 миллиард сўм бўлган ушбу корхонада йилига 13 миллиард сўмлик заргарлик буюмлари ишлаб чиқарилади, 100 иш ўрни яратилади. 

Сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳасининг умумий қиймати 9 миллиард сўм. Бу ерда замонавий технология асосида йилига 1 минг 150 тоннадан сут ва кефир, 400 тонна йогурт, 100 тоннадан сметана ва пишлоқ, 80 тонна творог ва бошқа маҳсулотлар тайёрланади. Юздан ортиқ киши иш билан таъминланади. 

Чилонзор туманидаги эски 2-пойабзал фабрикаси ҳудудида аёллар, эркаклар ва болалар оёқ кийимларини ишлаб чиқариш режалаштирилган. Қиймати 3 миллиард сўм бўлган ушбу лойиҳа йилига 10 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш имконини беради. Маҳсулотларни экспортга чиқариш ҳам мўлжалланмоқда. 

Бу ерда қандолат маҳсулотлари, қадоқлаш ва қурилиш материаллари, автомобиллар учун техник мой ишлаб чиқариш, "Совпластитал" акциядорлик жамияти ҳудудида кичик саноат зонаси ташкил этиш, юрак касалликларини даволаш маркази, медиамаркет ва савдо мажмуаси қуриш лойиҳалари ҳам намойиш этилди. 

Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда яратилаётган қулай ишбилармонлик муҳитидан самарали фойдаланиб, маҳсулотлар сифатини ошириш, корхоналарнинг хорижий ҳамкорлар топишига кўмаклашиш ва экспорт фаолиятини янада ривожлантириш зарурлигини таъкидлади. Мутасадди раҳбарларга тадбиркорлик фаолиятини кенг қўллаб-қувватлаш, инвестиция жалб қилиш ва кредитлар ажратиш, экспортни рағбатлантириш каби долзарб йўналишлар бўйича тегишли топшириқлар берди. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев "Катта Хирмонтепа" ва "Яккатут" маҳалла фуқаролар йиғинларида бўлди. 

Маҳалла фуқаролар йиғинлари ўзини ўзи бошқаришнинг чинакам халқона институти сифатида жамиятимиздан мустаҳкам ўрин эгаллаган. Бу халқ билан мулоқот қилиш ва инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган эзгу вазифаларни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этаётир. 

Катта Хирмонтепа маҳалласида асосан кўп қаватли уйлар жойлашган. Давлатимиз раҳбари маҳалла ҳудуди билан танишди. Кўп қаватли уйлар, мактабгача таълим муассасалари, мактаблар атрофини ободонлаштириш, йўлакларни таъмирлаш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берди. 

Мактаб – таълим-тарбия маскани. Бу жойдаги ободонлаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратиш зарур, деди Президентимиз. Таълим муассасалари олдида доимо гул экилган, саранжом-саришта бўлиши керак. 

Шавкат Мирзиёев шу ерда яшовчи аҳоли хонадонларида бўлиб, улар билан суҳбатлашди. 

Яккатут маҳалласида иккита мактабгача таълим муассасаси, иккита мактаб, иккита коллеж фаолият юритмоқда. 

Президентимиз мазкур маҳалла ҳаёти билан танишди, халқ билан мулоқот қилди. 

Шу ерда давлатимиз раҳбарига Тошкент шаҳрида қурилиши режалаштирилган намунавий маҳалла марказлари лойиҳалари ҳақида ахборот берилди. 

Жорий йилнинг март ойида Президентимиз Юнусобод тумани Увайсий номидаги маҳаллада бўлиб, фуқаролар йиғини ходимлари, профилактика инспектори ва аҳоли учун яратилган қулай шароитлар билан танишар экан, пойтахтимиз, қолаверса, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида мана шундай маҳалла марказларини бунёд этиш ҳақида кўрсатмалар берди. 

Маҳаллалар ўз зиммасидаги вазифаларни самарали бажариши учун ҳуқуқий асослар билан бирга, етарли шарт-шароитларга ҳам эга бўлмоғи лозим, деди Президентимиз. 

Таклиф этилаётган янги маҳалла марказлари лойиҳасида маҳалла раиси, котиб ва маслаҳатчилар, профилактика инспектори учун алоҳида хоналар бўлиши кўзда тутилган. Бу халқимизга хос ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат фазилатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. 

Профилактика инспектори ўзи ишлайдиган маҳалла ҳудудида яшаши лозим. Бу профилактика инспектори маҳалладаги ҳар бир хонадон билан яқин мулоқот ўрнатиши, кўчалар ва жамоат жойларини қатъий назоратга олишида муҳим аҳамиятга эга. 

Профилактика инспекторларини хизмат уйлари, имтиёзли кредитлар ҳисобига машиналар билан таъминлаш, уларнинг яшаши ва самарали ишлаши учун барча шароитларни яратиш бўйича зарур топшириқлар берилди. 

Маҳалла марказларида чойхона, новвойхона, "Гўзаллик салони", дўконлар, спорт ва болалар майдончалари бўлиши одамларнинг зарур эҳтиёжларини қондириш билан бирга, ҳудуддаги маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга ҳам хизмат қилади. 

Маҳалла халқ билан давлат ўртасида кўприк бўлиши керак, деди Шавкат Мирзиёев. Одамларнинг қувончу ташвишидан доимо хабардор бўлиш маҳалланинг асосий вазифасидир. 

Мамлакатимизда, айниқса, пойтахтимизда транспорт воситалари кўпайиб бормоқда. Бу одамларимизнинг турмуш даражаси ошиб, юртимиз фаровонлиги йилдан-йилга юксалаётгани исботидир. Зеро, кенг кўламли ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад ҳам аҳоли турмуш даражасини ошириш, инсон манфаатларини тўла таъминлашдир. 

Шавкат Мирзиёев Чилонзор туманидаги ички йўлларни таъмирлаш лойиҳаси билан танишди. Лойиҳага кўра 2017-2018 йилларда тумандаги барча ички йўллар тўлиқ таъмирланади. Йўлларнинг сифати ва замонавийлигига алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди. 

Катта бино ва иншоотлар, бозорга яқин ҳудудларда автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойлари етишмаслиги муайян ноқулайликлар туғдирмоқда. Президентимизга барпо этиладиган махсус автотураржойлар лойиҳаси ҳақида ахборот берилди. Унга кўра бинолар ёнида автомобиллар учун мўлжалланган уч ва тўрт қаватли автотураржойлар қурилиши режалаштирилган. Бу йўллардаги тирбандликларнинг олдини олиш, ҳайдовчилар ва пиёдалар хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. 

Давлатимиз раҳбари йўлларни яхшилаш билан бирга, автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойларини ҳам замонавий талаблар даражасида бунёд этиш бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Тошкент шаҳри ва туман ҳокимлари, турли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, пойтахт жамоатчилиги вакиллари иштирок этди. 

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг шакл ва сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси, Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлар марказлари, Тошкент шаҳри, туман ва шаҳарларда Халқ қабулхоналари ташкил этилди. Бу барча даражадаги давлат органлари фаолиятида "Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак", деган тамойилни амалда рўёбга чиқариш, аҳоли билан бевосита мулоқотни йўлга қўйиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда алоҳида аҳамият касб этмоқда. 

Бугунги кунда аҳоли мазкур муассасаларга ўзларини қийнаётган масалалар билан мурожаат қилаётир. Жойларда ўтказилаётган сайёр қабуллар фуқаролар ва тадбиркорларга ўзлари дуч келаётган муаммолар юзасидан тегишли соҳаларга масъул бўлган раҳбарларга бевосита мурожаат қилиш, уларга қисқа вақтда ечим топиш, жамиятимизда ижтимоий адолат тамойилларини қарор топтиришда муҳим омил бўлаётир. 

Чилонзор туманидан Президентимизнинг Виртуал қабулхонасига 16 мингдан зиёд мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг атиги 1,5 мингтаси ижобий ҳал қилинган. 

"3-Чарх Камолон" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Баҳодир Султонов, ушбу маҳалла профилактика инспектори Бобомурод Абдуллаев, "1-Чарх Камолон" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Зубайда Тўйчиева, "Навбаҳор" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Исматилла Собиров, Гавҳар маҳалласидаги "Соғлом келажак" хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раиси Руҳия Муҳамедова, 181-умумтаълим мактаби директори Моҳидил Бегматова ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан асос солинган мурожаатлар билан ишлаш бўйича янги тизим халқимизни ҳаётдан рози қилиш, уларнинг адолат ва давлатга бўлган ишончини оширишга хизмат қилаётганини, Халқ қабулхоналари 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган мақсадларга эришишда муҳим воситага айланиб бораётганини таъкидлади. 

Учрашувда аҳолига зарур шароитлар яратиш, коммуникация тизимларини таъмирлаш, ҳудудларни ободонлаштириш, тадбиркорларни қийнаётган тўсиқларни олиб ташлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. 

Президентимиз мазкур соҳалардаги камчиликларни бартараф этиш, истиқболда амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар юзасидан мутасадди раҳбарларга тегишли топшириқлар берди. 

ЎзА

Интерактив xизматлар

Ягона интерактив давлат xизматлари портали