Хозирда мазкур сайтнинг янги версияси яратилмокда

Logo

Янги даврни бошлаб берган тарихий ташриф

9106 25 Сентябр, 2017 Чоп этиш Юклаб олиш (PDF 410 Kb)


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга ташрифини мамлакатимиз ва хорижий давлатлар экспертлари шундай баҳоламоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатларига ташрифи, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқи юртдошларимизга чексиз ғурур-ифтихор бағишлади. Бу мазкур ташриф анчадан буён кутилгани, Президентимизнинг нутқи одамларнинг қалбидан, тафаккуридан чуқур жой олганидан далолат. 

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 193 мамлакатни бирлаштирган энг йирик халқаро тузилма. Бош Ассамблея унинг асосий органи. Бош Ассамблея сессиясида дунё етакчилари йиғилади, иштирокчилар ва тадбирлар кўплигидан ҳар бир сония ҳисобли бўлади. Шу боис унинг кун тартибидан энг муҳим, халқаро аҳамиятга молик масалалар ўрин олади. Бош Ассамблеянинг 72-сессияси кун тартибига 170 дан ортиқ масала киритилди. 

Президентимизнинг нутқи мазмундорлиги ва аҳамияти билан алоҳида ажралиб турди. Қисқа бўлишига қарамай, нутқ замонамизнинг энг долзарб мавзуларини қамраб олди: Ўзбекистондаги ислоҳотлар, демократия, инсон ҳуқуқлари, ёшлар масаласи, диний бағрикенглик, халқаро хавфсизлик, минтақавий ҳамкорлик, экология ва ҳоказо. 

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистонда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фаоллашгани, халқаро алоқалар учун кенг эркинлик яратилгани, мамлакатимизнинг янги қиёфаси шакллантирилаётганини таъкидлади. 

Ўзбекистон ўзининг ташқи сиёсатида Марказий Осиё минтақасига устувор аҳамият қаратаётгани, ўзаро мулоқот, амалий ҳамкорлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлашнинг қатъий тарафдори эканини қайд этди. Шавкат Мирзиёев хорижга чиқиш визаларини "умрини ўтаб бўлган ўтмиш қолдиқлари" деб атади. 

Президентимиз айтган "Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун", "Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак", "Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади" деган шиорлар барчанинг тилига тушди. БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш, Бош Ассамблеянинг "Маърифат ва диний бағрикенглик" деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиши бўйича таклифлари барчада катта қизиқиш уйғотди.

Сессия иштирокчилари Шавкат Мирзиёевнинг нутқини диққат билан тинглади. БМТ каналлари орқали бевосита кузатиб борди. Бош қароргоҳдаги медиа марказда журналистлар ўзларига кўп нарсаларни қайд қилиб борди. Айниқса, Президентимиз Орол денгизи акс эттирилган харитани кўрсатганда ҳамма ўйга толди... 


Шавкат Мирзиёев бутун жаҳон жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа, деб ҳисоблашини таъкидлади. Буюк алломаларимиз, хусусан, Имом Бухорийнинг ғоят бой меросини асраб-авайлаш ва ўрганиш, маърифий ислом тўғрисидаги таълимотини кенг ёйиш мақсадида Самарқандда Имом Бухорий номидаги Халқаро илмий-тадқиқот маркази, Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилаётганини маълум қилди. 

Нутқ якунланганда қарсаклар анча пайтгача тинмади. Сессия раиси, давлат раҳбарлари Президентимизни табриклади, ўз таассуротларини билдиришга ошиқди. 

Масалан, Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғон ҳали ҳеч бир давлат раҳбари БМТ минбаридан туриб ислом дини қадриятларини бу қадар жасорат билан ҳимоя қилмагани, ҳеч қачон Имом Бухорий номини тилга олмаганини таъкидлади. 

Халқаро сиёсий доираларда, оммавий ахборот воситаларида бу тарихий нутққа муносабат билдириш давом этмоқда. 

Сессия доирасида мамлакатимиз, халқимиз учун яна бир аҳамиятли воқеа бўлди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти биносида маҳобатли Регистон майдонининг макети ўрнатилди. 

Шу муносабат билан ўтказилган маросимда Президентимиз Шавкат Мирзиёев иштирок этди ва нутқ сўзлади. 

Ўзбекистоннинг "ташриф қоғози" бўлмиш ушбу экспонат БМТ штаб-квартирасининг энг гавжум жойларидан бирига, БМТ Хавфсизлик Кенгаши ва Бош Ассамблея заллари ўртасидаги фойега ўрнатилганида ўзига хос чуқур рамзий маъно бор, деди давлатимиз раҳбари. Буюк ипак йўлининг марказида жойлашган Самарқандда илм-фан, маданият, савдо, меъморлик, ҳунармандлик азалдан ривожланган, турли ўлкалардан келган инсонлар аҳил-иноқ яшаган. Регистон эса ана шундай қадимий ва умумбашарий шаҳарнинг бетакрор рамзига айланган. 

Регистон майдонининг макети юртимизнинг қўли гул уста ҳунармандлари томонидан ясалган бўлиб, қимматбаҳо металл ва гўзал миллий нақшлар билан безатилган. Энди Бирлашган Миллатлар Ташкилотида ишлайдиган, у ердаги тадбирларда қатнашадиган ҳар бир инсоннинг нигоҳи азалдан тараққиёт ва маданият маскани бўлган "Ўзбекистоннинг бир бўлаги"га тушади. 

Президентимиз аксарият давлатлар раҳбарлари сингари фақат БМТ сессиясида иштирок этиб қайтмади. Ҳар доимгидек вақтдан ўта унумли фойдаланди. Қатор давлатлар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари, ишбилармонлар билан учрашди. 

Ўзбекистон БМТга 1992 йил 2 март куни аъзо бўлган. Бугун мамлакатимизда унинг қатор тузилмалари – Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти, Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти, Болалар жамғармаси, Аҳолишунослик жамғармаси, Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича бошқармаси, Тараққиёт дастури ва бошқа тузилмаларининг ваколатхоналари фаолият кўрсатаётир. 

Жорий йил июнь ойида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Ўзбекистонга ташриф буюрди. 

Шавкат Мирзиёев 19 сентябрь куни БМТнинг Нью-Йорк шаҳридаги бош қароргоҳида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш билан мулоқот ўтказди. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган кенг миқёсли янгиланишлар тўғрисида сўзлаб берди. 

Антониу Гутерриш Президентимизнинг Бош Ассамблеянинг 72-сессиясидаги нутқи ниҳоятда мазмундор бўлгани, унда билдирилган ташаббуслар муҳим ва ўз вақтида илгари сурилганини таъкидлади. Ушбу ташаббусларни халқаро майдонда қўллаб-қувватлашини қайд этди. 

Бош котиб Ўзбекистон томонидан минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, Афғонистонни қайта тиклашга кўмаклашиш бўйича кўрилаётган амалий чора-тадбирларни юқори баҳолади. Амударё ва Сирдарё сув ресурсларидан фойдаланиш тўғрисидаги конвенцияни илгари суриш, Орол денгизи билан боғлиқ экологик фалокат оқибатларини юмшатишга халқаро ҳамжамият диққат-эътиборини қаратишини билдирди. 

Учрашувда Ўзбекистон билан БМТ ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари бўйича атрофлича фикр алмашилди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн, Халқаро валюта жамғармаси фармойиш берувчи директори Кристин Лагард, Жаҳон банки президенти Жим Ёнг Ким билан учрашди. Болгария Республикаси Президенти Румен Радев, Грузия Бош вазири Георгий Квирикашвили билан мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича музокаралар ўтказди. 

Учрашувлар белгиланган вақтдан кўра кўпроқ давом этди. Бу кўрилган масалалар кўплиги, музокаралар мазмунан бой бўлганидан далолат. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШнинг етакчи компаниялари раҳбарларини қабул қилди. Учрашувда Америка – Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм, "Женерал Электрик" компанияси президенти Рон Поллетт, "Ханивелл" компанияси бўлинмаси президенти ва бош директори Ражив Гаутам, "СиЭнЭйч Индастриал" компанияси вице-президенти Стивен Надерни, "Дир энд Компани" компанияси президенти Жеймс Филд иштирок этди. Мамлакатимизда валюта соҳасида бозор механизмлари жорий этилгани, савдодаги турли тўсиқлар олиб ташлангани, ишбилармонлик ва инвестиция муҳити янада яхшиланаётгани таъкидланди. 

Ўзбекистон – АҚШ ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилди. Ўзаро манфаатли йўналишлар таклиф қилинди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи доирасида 20 сентябрь куни Нью-Йоркда Ўзбекистон – АҚШ бизнес форуми бўлиб ўтди. Унда Америка Қўшма Штатларининг 100 дан ортиқ етакчи компанияси раҳбарлари иштирок этди. 


Форум иштирокчилари ўзларини қизиқтирган аниқ инвестиция ва савдо лойиҳаларини муҳокама қилди, уларни амалга ошириш бўйича қўшма тадбирларни белгилаб олди. Тадбир якунида узоқ муддатга мўлжалланган 2,6 миллиард долларлик ҳужжатлар имзоланди. 

Президент Шавкат Мирзиёев Америка Қўшма Штатларида истиқомат қилаётган бир гуруҳ ватандошларимиз билан учрашди. 

Президентимиз 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, Маъмурий ислоҳотлар концепциясининг аҳамияти ҳақида сўз юритди. Суд-ҳуқуқ, молия, кичик бизнес, туризм, тиббиёт соҳаларидаги ўзгаришлар тўғрисида маълум қилди. 

Мамлакатимизда илм-фан ва таълимни ривожлантириш, замонавий кадрлар тайёрлаш бўйича улкан ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Ёшларга оид давлат сиёсатининг мазмун-моҳияти, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ёшлар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасидаги фаолияти ҳақида сўз борди. 

Давлатимиз раҳбари ватандошларимизни Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга дахлдор бўлиш, замонавий билим ва тажрибаларини юртимиз ривожига йўналтиришга даъват этди. 

Айни пайтда сизларнинг ва сиз каби чет элларда юрган минглаб юртдошларимизнинг куч-ғайрат ва салоҳиятидан мамлакатимиз тараққиёти учун тўлақонли фойдаланилмоқда, деб айта олмаймиз. Сизларнинг қалбингизда, юрагингизда юртимизда кечаётган жараёнларга ўз ҳиссасини қўшиш истаги ҳам, бунинг учун зарур салоҳият ҳам бор, бизнинг бу борада ҳам қиладиган ишларимиз кўп, деди Шавкат Мирзиёев. 

Ўзбекистонда амалга оширилаётган тизимли ўзгаришларда юқори натижага эришиш учун янги ёндашувлар талаб этилади. Мен бугунги кунда замонавий фикрлайдиган ва амалга оширилаётган ислоҳотларимиз мақсадини чуқур англайдиган кадрлар билан ишлашга тайёр эканимни таъкидлаб айтмоқчиман. 

Мамлакатимиз тараққиётига ҳисса қўшиш истагида бўлган чет элдаги барча ватандошларимизни Ўзбекистонга таклиф этаман, деди давлатимиз раҳбари. Мен уларни қўллаб-қувватлашга ва ҳар томонлама рағбатлантиришга тайёрман. Ҳаммамиз жонажон Ватанимиз равнақи йўлида бир ёқадан бош чиқариб бирлашсак, олдимизга қўйган ҳар қандай юксак маррага албатта етишимизга ишонаман. 

Учрашув қатнашчилари Президентимиз томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар халқимиз турмуш даражасини янада юксалтиришга хизмат қилишини қайд этди. Мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантиришга ҳисса қўшишга тайёр эканликларини таъкидлади. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев рафиқаси билан Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трамп томонидан уюштирилган расмий қабул маросимида иштирок этди. 

Президентимизнинг АҚШга ташрифи том маънода тарихий воқеа бўлди. Буларнинг барчаси Ўзбекистон манфаати, халқимиз фаровонлигига хизмат қилади. 

ЎзА

Интерактив xизматлар

Ягона интерактив давлат xизматлари портали