Хозирда мазкур сайтнинг янги версияси яратилмокда

Logo

Янги лойиҳалар одамлар турмуш даражасини янада юксалтиришга хизмат қилади

7803 16 Ноябр, 2018 Чоп этиш Юклаб олиш (PDF 121 Kb)


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар билан танишиш мақсадида 15 ноябрь куни Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрди. 

Давлатимиз раҳбари Қорақалпоғистонга ташрифлари чоғида ҳудуд иқтисодиётини ривожлантириш, ижтимоий шароитларни яхшилаш бўйича тизимли чора-тадбирларни белгилаб берган эди. Ўтган даврда ҳудудда қатор лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилди. "Обод қишлоқ", "Обод маҳалла" дастурлари доирасида кенг кўламли ободонлаштириш ишлари муваффақиятли амалга оширилмоқда. 

Президентимиз дастлаб Нукус халқаро аэропортида амалга оширилган модернизация ишларини кўздан кечирди. 

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил январь ойидаги ташрифи чоғида берилган топшириқлар ижроси доирасида бу ерда қарийб 80 миллиард сўмлик иш бажарилган. Аэропорт биноси реконструкция қилиниб, терминал кенгайтирилган, замонавий жиҳозланган. 

Шавкат Мирзиёев Нукус халқаро аэропорти Қорақалпоғистонни иқтисодий ривожлантириш, бизнес алоқаларни кенгайтириш, туристлар оқимини кўпайтиришга хизмат қилишини таъкидлади. 

Президентимиз Мўйноқ туманига ташриф буюрди. 

Кейинги йилларда ҳудуддаги экологик ҳолатни яхшилаш, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш бўйича бажарилган манзилли чора-тадбирлар натижасида одамлар турмуш даражаси сезиларли ошди. 

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 28 февралдаги "2017-2018 йиллар даврида Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманини иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига мувофиқ тўқимачилик, фармацевтика ва электротехника маҳсулотлари, томчилаб суғориш ускуналари, пластмасса қувурлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди, балиқчилик ва туризмни ривожлантириш бўйича имкониятлар ишга солинди. 

2019 йилда Мўйноқ туманида яна кўплаб – саноат соҳасида 12 та, қишлоқ хўжалигида 5 та, хизмат кўрсатиш бўйича 14 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Ижтимоий соҳа объектлари қуриш ва таъмирлаш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини ривожлантириш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилган. Шавкат Мирзиёев ушбу лойиҳалар билан танишди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази тақдимотида унинг ҳудуд ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги аҳамияти алоҳида таъкидланди. Ушбу инновация маркази Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 24 август куни бўлиб ўтган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгашининг мажлисида билдирган ташаббуси натижасидир. Ўшанда Президентимиз Оролбўйи ҳудудига инновацион ечимлар ва хорижий инвестицияларни жалб этиш, "яшил иқтисодиёт"ни ривожлантириш, илмий-амалий тадқиқотлар олиб бориш ва бошқа масалалар бўйича муҳим таклифларни илгари сурган эди. 

Кўп ўтмай, 2018 йил 16 октябрь куни Ислом тараққиёт банки ва Шўрланиш шароитида биодеҳқончилик халқаро марказининг илмий-техник кўмагида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази ташкил этилди. Орол денгизининг қуриб қолган қисмидаги шўрланган ерларда илмий-тадқиқот ва амалий ишлар кўламини кенгайтириш, экотизимни яхшилашга илғор тажрибалар ва инновацияларни жорий этиш, саҳрони дарахтзорга айлантириш, қурғоқчиликни бошқариш, чорвачиликни ривожлантириш каби вазифалар унинг асосий мақсади этиб белгиланди. 

Ҳозирги кунда бу мақсадлар учун Инновацион ривожланиш вазирлиги, халқаро ташкилотлар, жумладан, Франция тараққиёт агентлиги маблағлари йўналтирилмоқда. 

Ҳудуд ҳаёти учун яна бир аҳамиятли лойиҳа Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан Орол денгизининг қуриган тубида 500 минг гектар ўрмон барпо этиш лойиҳасидир. Шу пайтгача яратилган яйловлар бунинг имкони борлигини кўрсатмоқда. Яқин уч йилда яна 500 минг гектар майдонда ўрмон барпо этилиши Оролбўйидаги экологик ва иқтисодий ҳолатни анча яхшилайди. Туз учиши ва ернинг шўрланиши камайиб, чорвачилик учун улкан озуқа манбаи яратилади. 

Давлатимиз раҳбари мазкур режаларни маъқуллаб, уларни тез вақтларда амалга ошириш ва янада ривожлантириш учун зарур кўмак берилишини таъкидлади. Мўйноқнинг мавжуд салоҳияти, табиий имкониятларидан фойдаланиб, керакли маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича топшириқлар берди. 

Масалан, Мўйноқда қамиш кўп. Уни қайта ишлайдиган корхоналар ташкил этиб, бозорбоп қурилиш материаллари тайёрлаш, ёшларни иш билан таъминлаш мумкин. Ҳудуднинг яна бир имконияти – сув ҳавзалари. Уларда балиқчиликни ривожлантириш, балиқни қайта ишлаб сотиш орқали оилаларга барака киради. 

Мўйноқда чорвачилик, айниқса, эчкичиликни ривожлантириш ҳам мумкин. Эчки ҳар қандай муҳитга яхши мослашади, озуқа танламайди. Унинг жунидан кундалик эҳтиёж товарлари тайёрлаб сотиш хотин-қизлар учун иш ўрни бўлади. 

Орол фожиасидан энг кўп зарар кўрган асли шу – Мўйноқ аҳолиси, деди Шавкат Мирзиёев. Уларнинг сабр-қаноати, ватанпарварлиги, меҳнаткашлиги учун раҳмат айтишимиз, шунга муносиб хизмат қилишимиз керак. 

Шу боис Президентимиз келгуси икки йилда Мўйноқда 20 та кўп қаватли уй қуриш, янги шаҳарча барпо этиш бўйича топшириқ берди. Бу ерда замонавий шаҳарсозликдаги барча янгиликларни жорий этиш, намунавий инфратузилма яратиш зарурлигини таъкидлади. 

Экология музейи залида маҳаллий аҳоли вакиллари билан бўлиб ўтган мулоқотда ана шу улкан режалар ҳақида сўз борди. Шавкат Мирзиёев Мўйноқ ривожида янги давр бошланиши, замонавий уй-жойлар ва корхоналар қурилиши, туман ёшларининг олий ўқув юртларига кириши учун имтиёзлар берилишини таъкидлади. Ўзбекистон Президентининг ташрифи, туманни ҳар томонлама ривожлантиришга қаратаётган эътибори мўйноқликларга катта қувонч бағишлади. 

Давлатимиз раҳбари Қанликўл туманида барпо этилган "Kanteks invest" тўқимачилик корхонаси билан танишди. 

Президентимизнинг 2017 йил январь ва декабрь ойларида Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи чоғида Қанликўл туманида йирик тўқимачилик корхонаси ташкил этиш лойиҳаси тақдим этилган эди. Ўтган вақт мобайнида корхона учун 10 гектар ер ажратилиб, бунёдкорлик ишлари бошлаб юборилди. Корхонани барпо этиш енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда тажрибали бўлган "Kanteks invest" МЧЖ томонидан амалга оширилди. Натижада яйдоқ ерда замонавий тўқимачилик фабрикаси қад ростлади. 

Айни пайтда корхонага Германия, Швейцария, Туркия ва Ҳиндистондан сўнгги русумдаги тўқимачилик дастгоҳлари келтирилиб ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. 

Лойиҳа қиймати 38,7 миллион АҚШ доллари бўлган корхонани келаси йил биринчи чорагида ишга тушириш мўлжалланган. Бу ерда дастлабки босқичда йилига 11 минг тонна сифатли ип-калава ишлаб чиқарилади. 2020 йилда рўёбга чиқариладиган навбатдаги босқичда тўқимачилик матоси тайёрлаш, 2021 йилда амалга ошириладиган учинчи босқичда бўяш ва тайёр кийим-кечак ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. 

Корхона тўла қувват билан ишлай бошлагач, йилига қиймати 25 миллион АҚШ долларидан зиёд маҳсулотни экспорт қилиш имконияти пайдо бўлади. 

Давлатимиз раҳбари корхонанинг ишлаб чиқариш биноси, тўқимачилик дастгоҳларини кўздан кечирди, таъсисчилар билан суҳбатлашди. 

650 га яқин киши иш билан таъминланадиган фабрика учун бугунги кунда ишчилар танлаб олиниб, шу ернинг ўзида ташкил қилинган ўқув марказида ўқитилмоқда, шунингдек, бошқа ҳудудлардаги корхоналарда билим ва малакаси оширилмоқда. 

Шу ерда Қорақалпоғистон Республикасини ривожлантиришга қаратилган иқтисодий лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. 

Қорақалпоғистон Республикасида ип-калава экспортини камайтириш, жинси матоси, момиқ сочиқ ва бошқа тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, экин майдонларини кластерларга бериш, ҳосилдорлик ва рентабеллик даражасини ошириш ҳақида сўз борди. Қизилмия ва бошқа доривор ўсимликлар етиштириш ва қайта ишлаш ташкилотлари уюшмасининг амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари, жумладан, ноябрь ойида фаолият бошлаган "Lanko Miya" МЧЖ қўшма корхонасида қизилмия экстрактидан Европа бозори учун мўлжалланган қандолат маҳсулотлари, шоколад учун ингредентлар ишлаб чиқариш лойиҳаси давлатимиз раҳбарида катта қизиқиш уйғотди. Қорақалпоғистонда қизилмия плантацияларини кўпайтириш, хорижий шериклар билан водород-пероксид заводини ишга тушириш, инвесторлар учун божхона тўлови, маҳсулотни стандартлаштиришни енгиллаштириш, "Нукус-фарм" ЭИЗда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан тавсиялар берилди. 

Ўзбекистоннинг Хитой, Жанубий Корея, Япония, Кувайтдаги элчихоналари томонидан ушбу давлатлар билан амалга оширилаётган лойиҳалар тақдимотнинг эътиборли жиҳати бўлди. Президентимиз топшириғи асосида элчиларимиз томонидан ушбу мамлакатлар билан Қорақалпоғистонда йирик лойиҳаларни амалга оширишга киришилгани, жумладан, жалб қилинаётган инвестициялар ҳисобига замонавий автоматлашган цемент ва лок-буёқ заводлари ишга туширилиши ва бошқа катта ҳажмли лойиҳаларни татбиқ этишга киришилгани қайд этилди. 

Қорақалпоғистон келгуси 2-3 йилда бутунлай ўзгариши керак. Элчилар келиб, бу ерда уй-жой, йўл инфратузилмаси, таълим, ижтимоий соҳа, сув таъминоти каби йўналишлар бўйича инвестиция лойиҳаларига таклифлар бериши зарур. Энг муҳими, ушбу ишларнинг самараси қорақалпоғистонликлар ҳаётида сезилиши керак, деди давлатимиз раҳбари. 

Шавкат Мирзиёев қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, балиқчилик, паррандачилик, чорвачилик, узумчилик кластерлари ташкил этиш ҳисобига ушбу тармоқларни ривожлантириш, хориждан тўғридан-тўғри инвестициялар жалб қилишни кўпайтириб, истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, ҳудуднинг экспорт салоҳиятини юксалтириш юзасидан мутасаддиларга зарур кўрсатмалар берди. 

Қорақалпоғистон Республикасида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилиб, янги замонавий тиббиёт муассасалари бунёд этилмоқда, мавжудлари реконструкция қилинаётир. 

Бу борада Оролбўйи аҳолисига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини янада яхшилаш мақсадида амалга оширилаётган 2017-2018 йилларга мўлжалланган инвестиция дастури муҳим аҳамият касб этмоқда. Жумладан, мазкур дастур асосида 36 объектда 84 миллиард сўмликдан зиёд иш бажарилди, 2,8 миллион долларлик замонавий тиббий асбоб-ускуналар келтирилди. 2 минг 365 шифокор Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида, 53 шифокор хорижда малака оширди. 72 замонавий автотранспорт воситаси келтирилди. 

"Қўнғирот" овул фуқаролар йиғинидаги 23-оилавий поликлиника ҳам жорий йилда реконструкция қилинди. УТТ, ЭКГ, биокимёвий анализатор каби замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланди. 

Шавкат Мирзиёев мазкур оилавий поликлиникада яратилган шароитлар билан танишди. 

Муассаса "Қўнғирот", "Шуманай", "Қангли" овул фуқаролар йиғинлари аҳолисига хизмат кўрсатади. Поликлиникада 5 ўринли стационар ва тез тиббий ёрдам кўрсатиш шохобчаси ташкил этилган. Аёллар маслаҳатхонаси, ижтимоий дорихона, фитобар аҳоли хизматида. 

Президентимизга мобиль офтальмологик клиника фаолияти ҳақида ҳам маълумот берилди. "Isuzu" автобусида ташкил этилган ушбу мобиль клиника кўз касаллигига чалинган беморларни жойларда чуқур текширувдан ўтказиш ва даволашда муҳим аҳамият касб этади. 

Шавкат Мирзиёев аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги ишлар изчил давом эттирилишини, айниқса, хотин-қизлар ва болалар соғлиғи учун барча шароит яратилишини таъкидлади. 

Президентимиз Қўнғирот туманидаги "Wunderkinds in Kungirad" мактабгача таълим муассасасида бўлди. 

Давлатимиз раҳбари фарзандларимиз тарбиясининг биринчи ва муҳим бўғини – мактабгача таълим муассасалари фаолиятини такомиллаштиришга доимий эътибор қаратиб келади. 

Қўнғирот тумани "Қўнғирот" овул фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган "Wunderkinds in Kungirad" давлат-хусусий шериклик асосидаги мактабгача таълим муассасасига 90 дан зиёд бола қамраб олинган. 

Мазкур боғча жорий йил 7 ноябрь куни фаолият бошлаган. Тадбиркор Дилноза Абдуллаева март ойида ҳудуддаги ташландиқ бинони "ноль" қийматда олиб, уни замонавий мактабгача таълим муассасасига айлантирди. Бунинг учун "Ўзсаноатқурилишбанк"дан 1,5 миллиард сўм кредит ажратилди. 500 миллион сўм ўз маблағини сарфлади. Боғчада болаларга рус, инглиз тиллари интерфаол усулларда ўргатилади. Спорт тўгараклари мавжуд. 

Давлатимиз раҳбари боғчада болаларга яратилган шароитлар билан танишди, ходимлар билан мулоқот қилди. 

Фарзандларимизни болалигидан соғлом, ақлли қилиб тарбияласак, эртага мактабга билимли ёшлар келади. Мактабни ўқувчилар ҳар томонлама билимли бўлиб битирса, институтларимизга илм-маърифатли, маънавиятли ёшлар боради, мамлакатимиз учун яхши кадрлар етишиб чиқади. Шунинг учун мактабгача таълим доим диққатимиз марказида бўлиши керак, деди Шавкат Мирзиёев. 

Президентимизга Қорақалпоғистонда мактабгача таълим тизимини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва кўзда тутилаётган лойиҳалар тўғрисида маълумот берилди. 

ЎзА

Интерактив xизматлар

Ягона интерактив давлат xизматлари портали