Хозирда мазкур сайтнинг янги версияси яратилмокда

Logo

Янги ташаббус ва кенг имкониятлардан самарали фойдаланиш – барқарор иқтисодиёт ва юқори даромад манбаи

6197 7 Май, 2019 Чоп этиш Юклаб олиш (PDF 138 Kb)


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва аввал берилган топшириқлар ижроси билан танишиш мақсадида 6 май куни Фарғона вилоятига келди.

Давлатимиз раҳбарининг ўтган йили 12-13 июнь кунлари вилоятга ташрифи чоғида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилган эди. Шу давр мобайнида мазкур масалалар ижросига алоҳида эътибор қаратилди.

2018 йилда вилоятга 152,7 миллион АҚШ доллари миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилди. Натижада қўшма корхоналар сони 80 тага кўпайиб, 283 тага етди. Жорий йил январь-март ойларида 66 миллион долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилиб, "Winchemical", "Listem-Fergana" каби қўшма корхоналар ишга туширилди.

Президентимиз дастлаб Фарғона нефтни қайта ишлаш заводига ташриф буюрди.

Мазкур корхона ўз вақтида Фарғона водийсидаги нефть конларини ўзлаштириш ва минтақа давлатларига нефть маҳсулотларини етказиб бериш мақсадида бунёд этилган. У ҳозирги кунда ҳам углеводород хомашёсини қайта ишлаш бўйича мамлакатимиздаги йирик мажмуалардан биридир. 475 гектар ер майдони, 52 та технологик объект унинг улкан салоҳиятидан далолат беради.

Лекин техника ва технологиялар эскиргани, ишлаб чиқариш асосан импортга боғлиқ бўлгани сабабли корхона кейинги ўн йилда ўзини оқламаётган эди. Йиллик лойиҳа қуввати 6 миллион 450 минг тонна бўлгани ҳолда, ишлаб чиқариш бор-йўғи 30 фоизга тушиб қолганди.

Давлатимиз раҳбари жорий йил 21 февраль куни нефть-газ ва кимё саноатини ривожлантириш масалалари бўйича ўтказилган йиғилишда Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини инвесторларнинг ишончли бошқарувига бериш вазифасини қўйган эди. Шунга мувофиқ, 10 апрелда "Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилган ҳолда модернизация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент қарори қабул қилинди.

Модернизация жараёни Индонезиянинг "РТ Trans Asia Resources" компанияси билан ҳамкорликда уч босқичда амалга оширилади. Соҳада катта тажрибага эга жаҳон бозорида ушбу компаниянинг ўз ўрни бор. Бу заводни хомашё билан барқарор таъминлаш, уни жаҳон стандартлари асосида қайта ишлаб, ички ва ташқи бозорга етказиб беришга хизмат қилади. Келгусида етакчи халқаро компаниялардан иборат бўлган консорциум ташкил этиш режалаштирилган.

Заводга жорий йилнинг ўзида камида 300 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестиция жалб этилади. Бу маблағ эвазига икки ой давомида ҳозирда ишламай турган 11 қурилманинг 7 тасидан фойдаланиш тикланади. Бунинг натижасида 7 минг 100 та иш ўрни сақлаб қолинади. Шунингдек, завод икки баробар кўпроқ хомашё билан таъминланади. 2020 йилдан бошлаб "Евро-4", "Евро-5" каби юқори сифатли дизель ёқилғиси ишлаб чиқаришга эришилади. Маҳсулотлар таннархи тушиб, сифати оширилиши натижасида вилоятнинг экспорт салоҳияти янада юксалади.

Умуман, лойиҳа доирасида 2022 йилгача камида 875 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестициялар жалб этилади. Бу 60 йилдан буён ишлаб келаётган Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи ва 110 йиллик тарихга эга Олтиариқ нефтни қайта ишлаш корхонасини замонавий мажмуаларга айлантириш, уларда экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконини беради.

Энг муҳими, яна кўплаб одамлар, айниқса, ёшлар иш билан таъминланади. Солиқ тушуми ойига қўшимча 100 миллиард сўмга ошади.

Шавкат Мирзиёев завод ишчилари ва инвесторлар билан суҳбатлашди.

Асосий мақсад корхонани тўлиқ қувват билан ишлатиш, одамларни иш билан таъминлаш. Бу Фарғона нефтни қайта ишлаш заводининг янги даври бўлади, деди давлатимиз раҳбари.

Заводга хомашё олиб келиш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш бўйича қўшимча топшириқлар берилди.

Президентимиз Қўштепа туманидаги "Ипак гиламлар" корхонасида бўлиб, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Давлатимиз раҳбари илгари сурган бешта муҳим ташаббусдан сўнггиси аёлларнинг бандлигини таъминлаш орқали уларга тўлақонли турмуш шароити яратишга қаратилган. Ушбу ташаббусни амалга ошириш учун ҳар бир туманда енгил конструкцияли тикув-трикотаж корхоналари ташкил этиш кўзда тутилган. Ушбу корхоналарга биринчи навбатда боқувчисини йўқотган, турмуши оғир хотин-қизлар, шунингдек, кўп болали аёллар ишга жалб қилинмоқда.

Ўтган даврда тикув-трикотаж корхоналарига ишга жалб қилинган аёллар қисқа муддатли ўқув курсларида ўқитилди. Уларга ўқиш давомида стипендия берилди, ўқитувчилар ойлик маош билан таъминланди.

Фарғона вилоятида ҳам бешинчи ташаббус доирасидаги ишлар кенг қулоч ёймоқда. "Ўзбекпахтасаноат" АЖ томонидан жорий йилда вилоятда 7 та, 2020 йилда 8 та тикув-трикотаж корхонаси ташкил этилади. Натижада 4,5 мингта янги иш ўрни яратилиб, аёллар бандлиги таъминланади.

"Ўзбекипаксаноат" уюшмаси томонидан ҳам вилоятда мавсумий ва доимий иш ўринлари яратиш мўлжалланган. Уюшма пилла етиштиришдан тайёр маҳсулот чиқаришгача бўлган жараённи кластер усулида ташкил этиш орқали ипак маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришни режалаштирган. Уюшма томонидан 2019 йилда вилоятда хотин-қизларни касаначиликка жалб этиш орқали 30 минг иш ўрни яратиш кўзда тутилган.

Аҳамиятлиси, бир мавсум давомида пиллакорларга бир йиллик меҳнат стажи ёзилади. Илгари уларга на маош тўланган, на меҳнат стажи ёзилган. Ҳозир аёллар буюртма олиб, уйида ишлаш имкониятига эга бўлди. Бундай амалиёт мамлакатимизнинг барча ҳудудларида жорий қилинмоқда.

"Ипак гиламлар" корхонаси Қўштепа туманидаги "Исмоилжон гиламлари" масъулияти чекланган жамиятининг филиали бўлиб, бу ерда 200 нафар, жамият таркибидаги 9 та шундай корхонада жами 2 мингга яқин хотин-қиз меҳнат қилмоқда. Ушбу корхоналарда атлас, адрас ва шойидан 300 га яқин турдаги тайёр маҳсулот, 400 дан ортиқ нусхадаги ипак гиламлар тўқилмоқда.

Президентимиз ипак гиламлар эскизини тайёрлаш ва тўқиш жараёнини кўздан кечирди, маҳсулотлар сифати ва харидоргирлиги билан қизиқди.

Ипакдан тўқилган гиламларнинг ноёблиги шундаки, йиллар ўтса ҳам у хусусиятини йўқотмайди, аксинча, ранги янада очилиб боради. Шунинг учун бундай гиламларнинг ўлчами кичик бўлса-да, жаҳон бозорида жуда қиммат.

Давлатимиз раҳбари қишлоқда хотин-қизлар учун янги корхона ташкил этиб, жаҳон стандартларига мос ипак маҳсулотлар тайёрланаётганига юксак баҳо берди. Пиллачилик кластерларини ташкил этиш бўйича Фарғона тажрибасини оммалаштириш, маҳаллалар ҳузурида 300-400 кишилик корхоналар, уларнинг олдида 1-2 гектарлик пиллахоналар очиш кераклигини таъкидлади.

Бундай корхоналар ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий жиҳатдан жуда зарур. Биринчидан, юзлаб хотин-қизлар иш билан таъминланади. Иккинчидан, юртимизда бу соҳада яхши анъана, кенг имконият мавжуд. Ташқи бозорга эса йўллар очиқ. Шунинг учун Хотин-қизлар қўмитаси тасарруфида ипакдан маҳсулотлар тайёрлаш бўйича кластерлар ташкил этиш керак. Шунда хомашё етказиш ҳам барқарор бўлади, таннарх ҳам тушади. Пилла боқишдан то тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараёнда минглаб хотин-қизлар ишлайди. Ишлаган аёлнинг турмуши, дунёқараши, фарзанд тарбиясига эътибори ҳам бошқача бўлади, деди Шавкат Мирзиёев.

"Исмоилжон гиламлари" масъулияти чекланган жамияти йил охиригача яна 15 та тўқув цехи ташкил этиб, ишчилар сонини 4,5 мингтага етказишни режалаштирмоқда.

Давлатимиз раҳбари корхона фаолиятини янада кенгайтириш, бу ерни Фарғона туризм йўналишига киритиш, Самарқанд, Бухоро, Хива каби шаҳарларда унинг расталарини ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берди.

Ипак маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, уни ташқи бозорга арзон нархларда етказиш, хотин-қизлар учун иш ўринларини кўпайтириш бўйича қарор лойиҳаси ишлаб чиқиш юзасидан мутасаддиларга топшириқ берилди.

Президентимиз Фарғона шаҳридаги замонавий рентген аппаратлари ишлаб чиқарадиган қўшма корхонада бўлди.

Мамлакатимизда электротехника саноати жадал ривожланиб, янги лойиҳалар ишга туширилмоқда. Яқинда фаолият бошлаган Жанубий Корея билан ҳамкорликдаги "Listem-Fergana" масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхона шулардан бири. Бу нафақат юртимиз, балки минтақада юқори технологияли тиббий техника тайёрлайдиган ягона завод ҳисобланади.

Давлатимиз раҳбари ўтган йили вилоятга ташрифи чоғида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш, замонавий диагностика асбоб-ускуналарини ўзимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича топшириқ берган эди. Мазкур қўшма корхона ана шу ишларнинг амалдаги ифодасидир.

Шавкат Мирзиёев корхона ишчи-хизматчилари билан мулоқот қилди.

Ушбу замонавий қўшма корхона лойиҳасининг умумий қиймати 8 миллион доллар бўлиб, йилига икки турдаги 300 дона рентген аппарати ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Биринчи босқич доирасида 35 киши иш билан таъминланган. Айни пайтда кейинги босқични ҳаётга татбиқ этиш устида иш олиб борилмоқда. Йил якунига қадар яна 100 га яқин иш ўрни яратилади.

"Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган" бренди остида экспортбоп маҳсулотлар тайёрлаш, аввало, ички бозор талабларини қондириш мақсадида қўшма корхонада йиллик ишлаб чиқариш қувватини 500 донага етказиш, маҳсулот турини 10 дан ошириш кўзда тутилган. Бу шу пайтгача катта валюта эвазига импорт қилинаётган тиббий ускуналар ўрнини тўлдириш, ички бозорни арзон ва юқори сифатли жиҳозлар билан таъминлаш имконини беради.

Жанубий Кореянинг дунёга машҳур "Listem" корпорацияси 1960 йилда фаолият бошлаган, 12 хил рентген аппарати ишлаб чиқаради, уларни 75 та мамлакатга экспорт қилади. Албатта, мазкур нуфузли корпорация билан ҳамкорликда ташкил этилган "Listem-Fergana" қўшма корхонаси ҳам тез орада дунёда ном қозонади.

Бундай дейишимизга тўлиқ асос бор. "Listem-Fergana"да ишлаб чиқарилаётган рентген ускуналарига ҳозирданоқ талаб юқори. Корхона тўла қувват билан иш бошлагач, маҳсулотнинг асосий қисмини экспортга йўналтириш мўлжалланган. Мазкур маҳсулотлар Ўзбекистон бозори учун ноёб ва инновацион ҳисобланади. Бу нафақат аҳолини диагностика қилишда тиббий ёрдам сифати ва даражасини оширади, балки мамлакатимиз иқтисодий барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.

Фарғона шаҳридаги 5-оилавий поликлиника ушбу қўшма корхонанинг илк мижози бўлди. Бош шифокор Феруза Мадалиеванинг қайд этишича, поликлиникага корхонанинг дастлабки "Смарт-ДР" рақамли рентген аппарати ўрнатилган. У бошқа давлатларда ишлаб чиқарилган шундай ускуналардан уч баробар арзон, энергия тежамкор. Мисол учун, Фарғонада ишлаб чиқарилган "Смарт-ДР" рақамли рентген аппарати 50 минг АҚШ долларига сотилади. "Philips" компаниясининг шундай рентген аппарати 144 минг доллар, "Siemens" концерниники эса 168 минг доллар баҳоланади.

"Смарт-ДР" рақамли рентген аппаратида соатига 12-15 мижозни текширувдан ўтказиш мумкин. Текширувдан ўтиш ва хулосани олиш учун 3-5 дақиқа кифоя. Олинган тасвирлар компьютер хотирасида 5 йилгача сақланади. Бу, ўз навбатида, касаллик динамикасини кузатишда муҳим аҳамиятга эга. Яна бир муҳим жиҳати, нурланиш даражаси 4-5 марта камайтирилган. Олинаётган тасвирни интернет орқали даволовчи шифокорга юбориш мумкин. Бошқа шифокорлар билан масофадан туриб консилиум қилиш имконияти ҳам мавжуд.

Давлатимиз раҳбари аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда, энг аввало, тўғри ташхис қўйиш муҳимлиги, тиббий жиҳозларни юртимизда ишлаб чиқариш ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий жиҳатдан яхши самара беришини таъкидлади. Корхонада маҳаллийлаштириш даражасини ошириш, саноат кооперациясини ривожлантириш, ходимлар малакасини юксалтириш бўйича топшириқлар берди.

Шу ерда Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги элчихонаси билан ҳамкорликда амалга ошириладиган "Фарғонаазот" ва "Қўқонсуперфосфат" акциядорлик жамиятларида азотли ва фосфорли ўғит ишлаб чиқариш жараёнини модернизация қилиш, Водил кўмир конида кўмир қазиб чиқариш, тошдан экологик тоза қоғоз ишлаб чиқаришга оид режалар, Фарғона вилоятида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари тақдимотлари ўтказилди.

Жумладан, Фарғона шаҳрида Жанубий Кореянинг JEI университети филиалини очиш режалаштирилган. Лойиҳанинг умумий қиймати 5,3 миллион доллар. Унинг 3 миллион доллари хорижий инвесторлар ҳиссасига тўғри келади. Бу ерда мактабгача таълим муассасалари, меҳмонхона, туризм ва косметология соҳалари учун мутахассислар тайёрлаш кўзда тутилган. 400 талаба таҳсил оладиган филиални жорий йилда очиш мўлжалланган.

Жанубий Кореялик ҳамкорлар билан "Қўқон" эркин иқтисодий зонасида йилига 10 минг дона "Hyundai" электромобиль ишлаб чиқариш қувватига эга корхона ташкил этиш режалаштирилган. 1000 та иш ўрни яратилади.

Президент Фарғона шаҳридаги "Темурбеклар мактаби"ни бориб кўрди.

Мамлакатимиз Қуролли Кучлари жанговар қудратини ошириш жараёнида ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашни кучайтириш, ҳарбийларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугун армия ва ҳарбий таълим муассасалари ўзликни англаш, миллий ғурур, мустаҳкам ирода мактабига айланди. Ёш аскар ва курсантлар учун ҳарбий қасамёд қабул қилишдан аввал Ўзбекистон тарихи фани ва "Темур тузуклари" китоби бўйича синов ўтказиш йўлга қўйилди.

Президентимизнинг 2017 йил 5 июлдаги "Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида"ги фармони бу борада яна бир муҳим қадам бўлди. Буюк саркарда Амир Темур бобомизнинг мардлиги ва ватанпарварлиги, жасорати ва адолатпарварлигини ёшларимизга ўрнак қилиш мақсадида мамлакатимиздаги барча ҳарбий лицейларга "Темурбеклар мактаби" деб ном берилди.

Чунки ҳар бир йигит-қиз, айниқса, ҳарбийлик касбини танлаган ёшлар жонажон Ватанимиз тарихини, халқ қаҳрамонлари, буюк саркарда ва қўмондонлар ҳаёти ва жасоратини чуқур билиши, улар билан фахрланиши керак. Бу инсонда миллий ғурурни, ватанпарварлик, фидойилик туйғусини тарбиялайди.

Фарғонадаги "Темурбеклар мактаби"да таълим-тарбия ишлари шу асосда йўлга қўйилган. Айни пайтда бу ерда 437 ўқувчи таҳсил олмоқда.

Мактаб ёшларни Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги олий ҳарбий билим юртлари ва бошқа ўқув муассасаларига аниқ фанларга чуқурлаштирилган ҳолда тайёрлашга ихтисослашган. Ўқувчилар дарсдан бўш вақтини фойдали ўтказиши учун турли фан ва спорт тўгараклари фаолияти йўлга қўйилган.

Давлатимиз раҳбари ҳарбий лицейларнинг номи ўзгарганини, энди унинг мазмун-моҳияти, таълим сифати ҳам Темур бобомизга муносиб бўлиши зарурлигини таъкидлади.

"Темурбеклар мактаби" ёшлар ҳам, ота-оналар ҳам ҳавас қиладиган маскан бўлиши керак. Бунинг учун уларнинг мавқеи, савияси, билим бериш даражаси юқори бўлиши зарур, деди Шавкат Мирзиёев.

Президентимиз Темурбеклар мактабларини ривожлантириш бўйича янги тизимни белгилаб берди. Унга кўра, бу мактабларга ёшлар чекланган миқдорда танлаб олинади, ўқувчилар замонавий ахборот технологиялари ва камида иккита хорижий тилни пухта ўрганади, жисмоний тарбия билан мунтазам шуғулланиб, ҳар томонлама баркамол, ёшлар орасида етакчи бўлиб шаклланади. Ушбу мактаблар битирувчилари олий таълим муассасаларига имтиҳонсиз қабул қилинади.

Давлатимиз раҳбари "Темурбеклар мактаби"да яратилган шароитларни кўздан кечирди, ўқувчилар билан суҳбатлашди.

Шу ерда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари билан мулоқот бўлиб ўтди. Президентимиз уларни яқинлашиб келаётган Хотира ва қадрлаш куни билан табриклади. Нуронийлар юртимизга тинчлик-фаровонлик тилаб дуо қилди.

"Темурбеклар мактаби"га автобус совға қилинди.

Шавкат Мирзиёев Фарғона туманидаги "Комилжон ота Мамажонов" фермер хўжалигида бўлиб, бу ерда амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, ишлаб чиқаришга янги технологияларни жорий этиш, аграр соҳани ривожлантиришда илғор тажриба ва инновацияларни, замонавий агротехник тадбирларни қўллаш, мева-сабзавотни қайта ишлаш ва экспортини ташкил қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, кўплаб иш ўринлари яратиш имконини бераётир.

2005 йили ташкил этилган "Комилжон ота Мамажонов" фермер хўжалиги 72 гектарда деҳқончилик қилади. Жорий йилда 31 гектар ердаги ғалладан 70 центнердан ҳосил олиш ва 135 миллион сўм соф фойда кўриш кўзда тутилган. Шунда давлат шартнома режаси 110 фоизга бажарилади, фермер ихтиёрида 80 тонна дон қолади. Бундан хўжаликда меҳнат қилаётган 20 нафардан ортиқ ишчи ҳам манфаатдор. Бундан ташқари, хўжаликда 7 гектар узумзор, 14 гектар боғ ташкил этилган. 9 гектарда чорва учун озуқа экинлари, 11 гектарда эса сабзавотлар экилиб, парваришланмоқда.

Фермер хўжалиги аъзолари ғалладан бўшаган 31 гектар майдонга такрорий экин сифатида мош экишни режалаштирган. Етиштириладиган маҳсулотнинг харидори ҳам бор, сабаби хўжалик экспортёр корхона билан 20 тонна ташқи ҳамда 45 тонна ички бозорга мош сотиш бўйича шартнома тузган. Бундан эса 130 миллион сўм фойда кўрилади.

Шунингдек, хўжалик фаолиятини кенгайтириш, даромадини ошириш, янги иш ўринлари ташкил этиш режалаштирилган. Бунинг учун тижорат банкидан 1,8 миллион доллар кредит олинади ва 5 гектар майдонда лимончилик йўлга қўйилади.

Деҳқончиликда қишлоқ хўжалиги техникаларининг ҳам ўрни катта. Фермер хўжалиги ҳисобидаги "Кейс", "Класс Доминатор" комбайнлари, "Орион" ҳайдов трактори, боғ қатор орасига ишлов берувчи мини-трактор, экскаватор каби техника ва агрегатлар ер унумдорлиги, иш самарадорлигини ошириш, ҳосилдорликни кўпайтиришга хизмат қилмоқда.

Давлатимиз раҳбари шу ерда вилоят фермерлари билан мулоқот қилди. Жорий йилда сувдан омилкорлик билан тежаб фойдаланиш, далага такрорий экинларни тўғри жойлаштириш ва ҳосилдорликни ошириш, уруғ сифатини яхшилаш бўйича долзарб вазифалар турганини таъкидлаб, мутасаддиларга бу борада зарур топшириқлар берди.

Мамлакатимизнинг барча жойларида бўлгани сингари Фарғонада ҳам ҳали фойдаланилмаган имкониятлар кўп. Уларни ишга солиб, қўшимча даромад топиш, халқимиз фаровонлигини янада ошириш мумкин. Бунинг учун самарали ҳаракат қилиш, одамларда тадбиркорлик фаолиятига бўлган қизиқишни кучайтириш, томорқадан унумли фойдаланиш керак, деди Шавкат Мирзиёев.

Шу ернинг ўзида Президентимизга Фарғона вилоятида 2019-2020 йилларда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга ошириладиган лойиҳалар ҳақида маълумот берилди. Унга кўра, боғдорчилик, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик, иссиқхона, мева-сабзавотчиликни ривожлантириш, пахтачилик кластерлари, логистика маркази ташкил этиш, совутгичли омборхоналар қуриш каби 493 лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш кўзда тутилган. Мазкур лойиҳалар амалга оширилгач, 10 мингдан зиёд иш ўрни яратилади.

Шунингдек, Қува ҳамда Олтиариқ туманларида мева-сабзавотчилик соҳасида қишлоқ хўжалиги кооперацияларини ташкил этиш, вилоятда 2019-2020йилларда давлат-хусусий шериклик асосида 2 минг гектар майдонда боғ ва токзорлар барпо этиш, Олтиариқ туманидаги "Агро макс долина" корхонаси томонидан гўшт етиштириш ва қайта ишлаш кластерини ташкил этиш, Қўқон шаҳридаги "Kokand milk quality" МЧЖ томонидан сутни қайта ишлашни кенгайтириш бўйича инвестиция лойиҳалари, жорий йилда инновацион ютуқларни амалиётга жорий этган ҳолда ветеринария хизматини ривожлантириш, Фарғона шаҳрида "UZ-SEGANG" МЧЖ томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва экспорт логистика маркази ташкил этиш, Фарғона водийсида сув ресурсларини бошқариш бўйича "Фаза-2" лойиҳаси, паррандачилик ва туяқуш боқишни, чорвачилик ва наслчилик ишларини ривожлантириш ва аҳоли даромадларини ошириш лойиҳалари тақдимоти ҳам ўтказилди.

2019 йилда Қува тумани ва Қувасой шаҳрида 300 гектар гилос боғи, Олтиариқ ва Ўзбекистон туманларида 200 гектар ўрикзор ва узумзор ташкил этилади. 2020 йилда қўшимча 1500 гектар майдонда боғ барпо қилинади. Бунинг учун 38,6 миллион доллар маблағ сарфланиши режалаштирилган. Умуман, вилоят озиқ-овқат саноатида 2019-2020 йилларда 703,4 миллиард сўм маблағ эвазига 81 та лойиҳа амалга оширилади. 1 минг 500 дан ортиқ иш ўрни яратилади.

ЎзА

Интерактив xизматлар

Ягона интерактив давлат xизматлари портали