Йўл хўжалигида кадрлар тайёрлаш тизимига бўлган эътибор
Мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилган туб ислоҳотлар доирасида – йўлсозлик соҳасидага малакали кадрлар тайёрлашнинг мутлақо янги тизими шакллантирилмоқда.
Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 5 июндаги ПҚ-3775-сонли "Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида ўқув жараёнига юқори малакали хорижий олимлар, ўқитувчи ва мутахассисларни кенг жалб қилиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида етакчи хорижий олий таълим муассасаларининг филиалларини очиш вазифалари қўйилган.
Автомобиль йўллари қўмитаси томонидан молиялаштирилиши ҳисобига Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институти дунёдаги қатор ривожланган давлатлар, жумладан, Германиянинг Дрезден техник университети ва SES (Senior Expert Service) ташкилоти, Польша Гданск технология университети, АҚШ Колифорния университети, Япония JICA ташкилоти, Сингапур миллий университети, Хитой Чаньань университети, Москва автомобиль йўллари давлат техника университети билан тузилган комплекс чора-тадбирлар режалари асосида таълим сифати ва соҳани рақобатбардош кадрлар билан таъминлаш ишларини амалга оширмоқда.
Таълим сифатини оширишда ҳалқаро муносабатларни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида – хорижий ҳамкорлар билан профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини амалга ошириш, қўшма факультет ва хорижий давлатларда талабалар амалиётини ташкил этиш, ўқув жараёнига илғор хорижий мутахассисларни жалб қилиш, адабиётлар чоп этиш ҳамда автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси жараёни, шунингдек, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, автомобиль ҳаракат оқимини самарали бошқаришда халқаро майдонда кенг фойдаланилаётган замонавий дастурий таъминотлар лицензияларини харид қилиш кўзда тутилган.
Автомобиль йўллари қўмитаси ҳомийлиги асосида жорий йилнинг март ойида АҚШ Калифорния университети профессори Ш.М.Тахиров, май ойида Сингапур миллий университети профессори, Сингапур йўл қопламалари Ассоциацияси Президенти, Халқаро Нобель мукофоти лауреати Фуа Тин, март-май ойларида Германия давлатидан Ральф Урбан, Эрвин Фляйшер, Вольф Дитер Кепплер, Дитер Бергеманн ҳамда Кореянинг National Research ташкилоти эксперти Пёнг Ун Че – институт талабаларига маъруза ва амалиёт дарсларини ўташди.
Шу билан бирга, қўмита раҳбарияти ташаббуси билан 2019 йилда институтнинг 50 га яқин профессор-ўқитувчилари Германия, Польша, Италия, Корея ва Россия давлатларига мақсадли малака ошириш ва амалиёт ўташга юборилмоқда. Натижада чет эл тажрибалари асосида ўқув жараёнига замонавий дастурий таъминотларни жорий этилади. Ҳозирда дастурий таъминотларнинг лицензияларини ҳарид қилиш бўйича хорижий давлатлар билан музокаралар олиб борилмоқда.
Шубҳасиз, ўз касбининг етук вакиллари бўлган, юксак интеллектуал салоҳиятга эга, малакали кадрларни тайёрлаш – мамлакатимиз тараққиёти йўлидаги ғоят муҳим ишдир. Бу каби саъй-ҳаракатлардан кўзланган мақсад фарзандларимизнинг сифатли ва самарали билим олишини таъминлаш, олий ўқув юртларини чинакам илм-маърифат масканига айлантиришдир.
Автомобиль йўллари давлат қўмитаси
матбуот хизмати