Йўл хўжалигини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш бўйича меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга шарҳ
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев 2017 йилнинг 14 февраль куни "Йўл хўжалигини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармон билан бир қаторда "2017-2018 йилларда минтақавий автомобиль йўлларини ривожлантириш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" ҳамда "Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги қарорларни ҳам имзолади.
Йўл хўжалиги соҳасининг ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан юксак аҳамиятга эга экани унинг муҳим хусусияти ҳисобланади. Иқтисодиётнинг умумий ривожи, аҳоли барча қатламларининг ҳаёт сифати айни шу тизимнинг самарали фаолият кўрсатишига боғлиқ.
Мустақиллик йилларида вилоятлар ва туманларнинг маъмурий марказларини боғловчи кенг тармоқли транспорт алоқалари ҳамда давлатлараро хавфсиз транспорт ташувларини таъминлашга қаратилган йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бўйича катта миқёсдаги ишлар амалга оширилди.
Айни вақтда, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини бошқариш тизими, автомобиль йўлларини сақлаш, таъмирлаш, реконструкция қилиш ва қуриш ишларига йўналтирилаётган маблағлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ҳамда ана шу йўлларнинг бугунги кундаги ҳолати билан боғлиқ бир қатор муаммолар ҳал этилмасдан қолмоқда.
Мамлакатимизда автомобиль йўллари тармоғи бўйича юзага келган ҳақиқий ҳолат ва ривожланиш даражаси йўл хўжалигининг барча йўналишларига доир аниқ ва самарали чора-тадбирларни ишлаб чиқишни, автомобиль йўлларини бошқаришда ҳамда иқтисодиёт ва аҳоли эҳтиёжларига мувофиқ республикамизда йўл тармоғи ҳолатини сифат жиҳатидан ўзгартиришга қаратилган қўшимча чоралар қабул қилишни тақозо этмоқда.
Автомобиль йўллари ва сунъий иншоотларни лойиҳалаштириш, қуриш ва улардан фойдаланиш ишларига комплекс ёндашиш асосида йўл хўжалигини бошқаришнинг самарали тизимини шакллантириш, уларни молиялаштириш тизимини такомиллаштириш, бу борада лойиҳалаштириш ва йўл-қурилиш ишлари сифатини ошириш имконини берадиган тўлақонли буюртмачи хизматини яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Йўл хўжалигини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони қабул қилинди. Фармонда тугатилаётган Автомобиль йўллари қуриш ва фойдаланиш давлат-акциядорлик компанияси ("Ўзавтойўл" ДАК) негизида Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитасини ташкил этиш назарда тутилади.
Автомобиль йўлларини бошқариш бўйича махсус ваколатларга эга бўлган давлат органи сифатида Давлат қўмитасининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:
автомобиль йўллари соҳасида ягона техник сиёсатни олиб бориш;
автомобиль йўллари тармоқларини ривожлантириш ва такомиллаштириш истиқболларини белгилаш;
автомобиль йўлларининг халқаро транзит йўлакларини шакллантириш;
замонавий транспорт оқими шароитида автомобиль йўлларидан фойдаланувчиларнинг манфаатларини ҳисобга олиб, автомобиль йўлларини молиялаштириш, лойиҳалаштириш, қуриш, таъмирлаш ва улардан фойдаланиш масалалари комплекс ҳал этилишини таъминлаш ҳамда буюртмачи хизматининг самарали фаолиятини ташкил этиш;
хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларининг, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқлар ва овуллар кўчаларининг мавжуд тармоғи сақланишини таъминлаш ишларини мувофиқлаштириш, улардан транспортда фойдаланиш даражаси юқори бўлишини таъминлаш;
илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш соҳасида инновацион технологиялар ва замонавий стандартларни жорий этиш;
умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш соҳасидаги шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари, сифат стандартларига риоя этилишини таъминлаш;
автомобиль йўллари соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни, жумладан, чет элларда ўқув-амалиёт курслари ва семинарлар ташкил этиш.
Фармонда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Йўл-қурилиш ишларининг сифати устидан назорат олиб борадиган Давлат инспекциясини ташкил этиш назарда тутилган.
Қуйидагилар Давлат инспекциясининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари ҳисобланади:
юридик ва жисмоний шахслар томонидан йўл қурилиши ишларида, йўл-қурилиш материаллари, маҳсулотлар ва конструкцияларни ишлаб чиқаришда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилишини назорат қилиш;
қурилиши тугалланган йўл объектларини фойдаланишга қабул қилиш бўйича комиссиялар ишида қатнашиш;
йўл қурилиши бўйича шаҳарсозлик қонунчилигига риоя қилиниши устидан назорат қилишни ташкил этиш борасида техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида норматив ҳужжатларни такомиллаштиришга доир таклифлар киритиш ва унда иштирок этиш;
йўл-қурилиш материаллари, маҳсулотлар ва конструкцияларни стандартлаштириш ва сертификатлаштириш ишларини олиб бориш.
Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бўйсундирилиб, унинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:
Республика йўл жамғармаси маблағлари тушуми ва сарф-харажатларининг йиллик ва чораклик балансларини шакллантириш;
йўл хўжалиги объектларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва жиҳозлашнинг манзилли рўйхатларини белгиланган тартибда келишиш;
умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларидан фойдаланиш ва уларни сақлаш харажатлари сметасини рўйхатдан ўтказиш;
умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, жиҳозлаш ҳамда улардан фойдаланиш борасидаги тадбирларни тасдиқланган харажатларга мувофиқ молиялаштириш.
Кенг қамровли автомобиль йўллари тармоғини янада ривожлантириш, юксак халқаро талабларга жавоб берадиган транспорт коммуникациялари тизимининг халқаро транспорт йўлакларига кенг интеграциялашувини таъминлаш, автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, таъмирлаш ва сақлашга йўналтириладиган давлат молиявий ресурсларидан самарали фойдаланиш, шу билан бирга, йўл корхоналари тузилмасини такомиллаштириш ва фаолият самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги қарори қабул қилинди. Қарорда:
– Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси ҳузурида Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш дирекциясини ташкил этиш;
– "Ўзавтойўл" давлат акциядорлик компаниясининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги ҳудудий йўллардан фойдаланиш ташкилотларини Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитасининг ҳудудий бош бошқармалари этиб қайта ташкил этиш;
– Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармалари ҳузурида минтақавий йўлларга буюртмачи хизматини белгиланган тартибда ташкил этиш;
– Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармалари ҳузурида минтақавий автомобиль йўлларини таъмирлаш бўйича ихтисослаштирилган корхоналар ташкил этиш назарда тутилади.
Шунингдек, юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш мақсадида Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш ва фойдаланиш институти ҳамда ихтисослашган касб-ҳунар коллежлари Ўзбекистон Республикаси автомобиль йўллари давлат қўмитаси таркибига берилмоқда.
Айни вақтда қишлоқ автомобиль йўллари, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқлар ва овуллар кўчаларининг ҳолати билан боғлиқ бўлган бир қатор муаммолар ҳал этилмасдан қолмоқда, ушбу автомобиль йўлларининг аксарият қисми белгиланган сифат ва хавфсиз ҳаракатланиш талабларига жавоб бермайди.
Янги турар жой мавзеларининг барпо этилиши, шаҳарларнинг кенгайтирилиши, транспорт воситалари сонининг жиддий кўпайиши минтақавий автомобиль йўллари ҳолатини тубдан яхшилаш юзасидан амалий чора-тадбирлар кўришни талаб қилади.
Туман ва шаҳарларнинг йўл ташкилотлари йўл-таъмирлаш техникаси, моддий-хомашё ресурслари билан етарли даражада таъминланмаган, ҳар йили ажратилаётган маблағлар хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларини, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқлар ва овуллар кўчаларини зарур даражада сақлаш ва таъмирлаш ишларининг сифатли бажарилишини таъминлаш учун етарли эмас.
Шу муносабат билан минтақавий автомобиль йўлларининг йўл қопламалари ҳолатини зарур даражага келтириш ва уларни эксплуатация қилиш хусусиятларини ошириш орқали йўл-транспорт инфратузилмасини янада такомиллаштириш, аҳолининг ҳаёт фаолияти учун, айниқса, қишлоқ жойларда қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқларини ва ҳудудларини истиқболли ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2017-2018 йилларда минтақавий автомобиль йўлларини ривожлантириш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.
Дастурда қуйидаги вазифалар назарда тутилган:
2017-2018 йилларда 5454 километр, жумладан, 2017 йилда – 2700 километр, 2018 йилда – 2754 километр хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўллари, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқ ва овулларнинг кўчаларини капитал ва жорий таъмирлаш;
хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўллари, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқ ва овулларнинг кўчаларини жорий таъмирлаш ишларини бажариш учун минтақавий йўлларни таъмирлашга ихтисослаштирилган ташкилотларни 330 та йўл техникаси билан таъминлаш;
мавжуд республика хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўллари, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқ ва овуллар кўчаларини босқичма-босқич хатловдан ўтказиш ва уларни паспортлаштириш, бу борадаги ишлар натижалари бўйича электрон маълумотлар базасини яратиш.
Шу билан бирга, Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 295 километр, Андижон вилояти бўйича – 324 километр, Бухоро вилояти бўйича – 439 километр, Жиззах вилояти бўйича – 222 километр, Қашқадарё вилояти бўйича – 679 километр, Навоий вилояти бўйича – 216 километр, Наманган вилояти бўйича – 309 километр, Самарқанд вилояти бўйича – 479 километр, Сурхондарё вилояти бўйича – 535 километр, Сирдарё вилояти бўйича – 267 километр, Тошкент вилояти бўйича – 516 километр, Фарғона вилояти бўйича – 520 километр, Хоразм вилояти бўйича – 321 километр ва Тошкент шаҳри бўйича – 332 километр йўллар ва кўчаларни таъмирлаш назарда тутилган.
Юқоридаги қарорларнинг амалга оширилиши қуйидаги масалаларни ҳал қилиш имконини беради:
биринчидан, йўл хўжалигини бошқариш тизимини такомиллаштириш, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларининг замонавий тармоғини янада ривожлантириш;
иккинчидан, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини сақлаш, таъмирлаш, реконструкция қилиш ва қуриш ишларига йўналтирилаётган маблағлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш;
учинчидан, лойиҳалаштириш ва йўл-қурилиш ишлари сифатини ошириш имконини берадиган тўлақонли буюртмачи хизматини ташкил этиш;
тўртинчидан, юридик ва жисмоний шахслар томонидан йўл қурилиши ишларида, йўл-қурилиш материаллари, маҳсулотлар ва конструкцияларни ишлаб чиқаришда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга риоя этилишини назорат қилиш;
бешинчидан, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, жиҳозлаш ҳамда улардан фойдаланиш чора-тадбирларини тасдиқланган харажатларга мувофиқ ўз вақтида молиялаштириш;
олтинчидан, автомобиль йўлларини, айниқса, қишлоқ автомобиль йўлларини реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларини амалга оширишда янги тузилма, яшаш учун қулай ижтимоий-маиший шарт-шароитлар яратиш, мамлакатимиз аҳолисининг турмуш даражасини яхшилаш;
еттинчидан, Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш ва фойдаланиш институти ва касб-ҳунар коллежлари негизида, жумладан, бевосита ишлаб чиқариш корхоналарида, лабораторияларда ва илмий-лойиҳа ташкилотларида амалий машғулотларни тизимли ташкил этиш йўли билан таълим сифатини оширишни таъминлаш ва умуман, соҳа учун профессионал кадрларни тайёрлаш;
саккизинчидан, минтақавий автомобиль йўлларини сақлашга тегишли ходим ва мутахассисларни жалб этган ҳолда, йўлларни эксплуатация қиладиган ташкилотларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш;
тўққизинчидан, автомобиль йўлларини паспортлаштириш ва йўлларнинг жорий ҳолатини акс эттирган ҳолда, электрон маълумотлар базасини яратиш.
Мухтасар қилиб айтганда, ушбу вазифаларнинг амалга оширилиши иқтисодиёт ривожига, шаҳар ва қишлоқларимизни янада обод қилиш, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини юксалтиришга хизмат қилади.