Хозирда мазкур сайтнинг янги версияси яратилмокда

Logo

Ўзбекистон Президенти "Йўл хўжалигини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонни имзолади

12669 15 Феврал, 2017 Чоп этиш Юклаб олиш (PDF 110 Kb)


Йўл хўжалигини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Автомобиль йўллари ва сунъий иншоотларни лойиҳалаштириш, қуриш ва фойдаланиш жараёнига комплекс ёндашиш асосида йўл хўжалигини бошқаришнинг самарали тизимини шакллантириш, уларни молиялаштириш тизимини такомиллаштириш, лойиҳалаштириш ва йўл-қурилиш ишлари сифатини ошириш имконини берадиган тўлақонли буюртмачи хизматини яратиш мақсадида: 

1. Тугатилаётган Автомобиль йўллари қуриш ва фойдаланиш давлат-акциядорлик компанияси ("Ўзавтойўл" ДАК) негизида Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси ташкил этилсин. 

2. Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси: 

мажбуриятлар ва шартномалар, шу жумладан, халқаро шартномалар бўйича Автомобиль йўллари қуриш ва фойдаланиш давлат-акциядорлик компаниясининг ("Ўзавтойўл" ДАК) ҳуқуқий вориси ҳисобланади; 

автомобиль йўллари соҳасида махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади. 

3. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари этиб белгилансин: 

автомобиль йўллари соҳасида ягона техника сиёсатини олиб бориш; 

автомобиль йўлларини ривожлантириш давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш; 

автомобиль йўллари тармоқларини ривожлантириш ва такомиллаштириш истиқболларини белгилаш; 

автомобиль йўлларининг халқаро транзит йўлакларини шакллантириш; 

замонавий транспорт оқими шароитларида автомобиль йўлларидан фойдаланувчиларнинг манфаатларини ҳисобга олиб, автомобиль йўлларини молиялаштириш, лойиҳалаштириш, қуриш, таъмирлаш ва улардан фойдаланиш масалалари комплекс ҳал этилишини таъминлаш ҳамда буюртмачи хизматининг самарали фаолиятини ташкил этиш; 

автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш сифати устидан назоратни амалга ошириш; 

хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларининг, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқлар ва овуллар кўчаларининг мавжуд тармоғи сақланишини таъминлаш ишларини мувофиқлаштириш, уларнинг юқори транспорт-фойдаланиш даражасида бўлишини таъминлаш; 

илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш соҳасида инновацион технологиялар ва замонавий стандартларни жорий этиш; 

автомобиль йўллари соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни, шу жумладан, чет элларда ўқув-амалиёт курслари ва семинарлар ташкил этиш. 

4. Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитасининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек, хўжалик юритувчи субъектлар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади. 

5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш Давлат инспекцияси ташкил этилсин. 

6. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш Давлат инспекциясининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин: 

юридик ва жисмоний шахслар томонидан йўл қурилиши ишларида, йўл-қурилиш материаллари, маҳсулотлар ва конструкцияларни ишлаб чиқаришда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилишини назорат қилиш; 

қурилиши тугалланган йўл объектларини фойдаланишга қабул қилиш бўйича комиссиялар ишида қатнашиш; 

йўл қурилиши юзасидан шаҳарсозлик қонунчилигига риоя қилиниши устидан назорат қилишни ташкил этиш борасида техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида норматив ҳужжатларни такомиллаштиришга доир таклифлар киритиш ва унда иштирок этиш; 

йўл-қурилиш материаллари, маҳсулотлар ва конструкцияларни стандартлаштириш ва сертификатлаштириш ишларини олиб бориш. 

7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бўйсундирилсин ва қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгилансин: 

Республика йўл жамғармаси маблағлари тушуми ҳамда сарфининг йиллик ва чораклик ҳисоботларини шакллантириш; 

йўл хўжалиги объектларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва жиҳозлашнинг номма-ном рўйхатларини белгиланган тартибда келишиш; 

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларидан фойдаланиш ва уларни сақлаш харажатлари сметасини рўйхатдан ўтказиш; 

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, жиҳозлаш ҳамда улардан фойдаланиш борасидаги тадбирларни тасдиқланган харажатларга мувофиқ молиялаштириш. 

8. Белгилансинки: 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармасига маблағларни йиғиш ва тушумларнинг тўлиқлигини назорат қилиш функцияси Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасига, Давлат божхона қўмитасига ва Ички ишлар вазирлигига юкланади; 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси маблағларидан асосли ва мақсадли фойдаланилиши устидан назорат қилиш функцияси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига юкланади; 

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларига, шу жумладан, инвестиция лойиҳалари ва мукаммал таъмирлаш объектларини техник-иқтисодий асослашни (техник-иқтисодий ҳисоб-китобни), автомобиль йўлларини мукаммал таъмирлаш объектларининг иш ҳужжатларини ва автомобиль йўлларини жиҳозлаш бўйича танлов ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш бўйича буюртмачи функцияси Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитасига юкланади; 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар ва йиғимлар умумдавлат солиқлари ва бошқа мажбурий йиғимлар ҳисобланади, уларнинг миқдори ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тасдиқланиши билан бир вақтда белгиланади. 

9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгиланган тартибда: 

бир ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси фаолиятини ташкил этишни ҳамда 2017-2018 йилларда ҳудудий автомобиль йўлларини ривожлантириш Дастурини амалга ошириш чора-тадбирларини назарда тутадиган Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари лойиҳаларини киритсин; 

бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида Ҳукумат қарорини қабул қилсин. 

10. Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин. 

11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Умумий фойдаланиладиган автомобиль йўллари қуриш ва улардан фойдаланишни бошқариш тизимини такомиллаштириш тўғрисида" 2003 йил 19 августдаги ПФ-3292-сон Фармони ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин. 

12. Ушбу Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин. 


Ўзбекистон Республикаси Президенти                                             Ш.Мирзиёев 


Тошкент шаҳри, 2017 йил 14 февраль

Интерактив xизматлар

Ягона интерактив давлат xизматлари портали