Йўлсозларнинг матбуот анжумани
2015 йилнинг 1 июл куни Миллий матбуот марказида "Ўзавтойўл" давлат-аксиядорлик компанияси томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун "Ўзбек Миллий автомагистрали қурилиши: 2015 йилнинг ярим йиллик натижалари ва истиқболлар" мавзуида матбуот анжумани ўтказилди.
Республикадаги телевидение ва радио, босма ОАВ ва ахборот агентликлари мухбирлари қатнашган анжуманда Компания номидан Бошқарув раиси ўринбосари Ш.Назаров, шунингдек, барча бошқарма ва бўлинмалар раҳбарлари иштирок этишди.
Республикамиздаги жами автомобил йўллар тармоғи 184 минг км узунликда бўлиб, ундан 42654 километри – умумий фойдаланишдаги автомобил йўллари ("Ўзбек миллий автомагистрали" деган алоҳида таснифга кирувчи 2755 км йўл ҳам шу таркибда)дир. Бундан ташқари, ички хўжалик қишлоқ автомобил йўллари (67274 км), қишлоқ ва шаҳар кўчалари (61664 км), корхоналарга қарашли йўллар (5462 км) ҳамда идоравий инспекторлик йўллари (6631 км) ҳам мавжуд.
2007 йил октябрда қабул қилинган "Автомобил йўллари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига асосан "Ўзавтойўл" ДАКнинг асосий фаолияти махсус ваколатли орган сифатида айнан - умумий фойдаланувдаги автомобил йўлларини ривожлантириш бўйича давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, автомобил йўллари тармоқларини ривожлантириб, такомиллаштириш истиқболларини белгилаш ҳамда автомобил йўллари соҳасида ягона техника сиёсатини олиб бориш каби вазифаларга қаратилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 14 ноябрдаги 511-сонли Қарорига асосан компания таркибида 13 та ҳудудий йўллардан фойдаланиш ташкилотлари, халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобил йўлларини сақлашга ихтисослаштирилган 7 та минтақавий таъмирлаш-фойдаланиш корхоналари, 161 та туман йўл хўжалиги пудрат таъмирлаш-фойдаланиш корхоналари фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, компания таркибида Автомобил йўллари илмий-тадқиқот институти, қатор ўқув марказлари, бошқа йўл қурилиш, махсус бурғулаш-портлатиш ҳамда саноат корхоналари фаолият кўрсатиб келмоқда.
Компаниянинг асосий вазифаси - юк ва йўловчиларни йил давомида, кеча-ю кундуз, ҳар қандай об-ҳаво шароитида автомобил йўли орқали узлуксиз ва хавф-хатарсиз транспорт қатновини таъминлаш, автомобил йўллари ва унинг элементларини техник соз ҳолатда сақлашдан иборат.
Автомобил йўлларини таъмирлаш, янгиларини қуриш ва уларни жаҳон андозаларига мослаштириш бўйича компания олдига қўйилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш учун ҳар беш йилда мамлакат миқёсида қабул қилинаётган Инвеститсион дастурларнинг аҳамияти улкан бўлмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 6 мартда қабул қилинган "2015-2019 йилларда муҳандислик-коммуникатсия ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизатсия қилиш дастури тўғрисида"ги ПҚ-2313-сонли қарори мамлакатимиздаги йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш учун дастуриламалдир.
Бу Қарор билан 2015-2019 йилларда "Ўзбек миллий автомагистрали" таркибига кирувчи республикадаги автомобил йўллари қисмлари ва умумий фойдаланишдаги автомобил йўлларини қуриш ҳамда реконструктсия қилиш, шунингдек, йўл ташкилотларининг ишлаб чиқариш базаларини техник ривожлантириш чора-тадбирларининг манзилли рўйхати тасдиқланган. Унга кўра, 2015-2019 йиллар давомида умумий ҳисобда – 2699,8 км узунликдаги йўлларда қуриш ва реконструктсия қилиш ишлари кўзда тутилган.
Шунингдек, қарорда 4 минг километрдан зиёд хўжаликлараро йўллар, қарийб 2 минг километр шаҳар, қишлоқ ва туман марказлари кўчалари таъмирланиши, умумий фойдаланишдаги автомобил йўлларини жорий таъмирлаш ва сақлаш мақсадлари учун жами 993 дона жихозлар ва йўл-қурилиш техникаларини харид қилиш ҳам белгилаб берилган.
Инвеститсия дастурларига асосан жорий – 2015 йилда 376,1 км узунликдаги автомобил йўлларини қуриш ва тўлиқ таъмирлаш кўзда тутилган бўлиб, ўтган ярим йил мобайнида 116,7 км йўллар янгидан қурилди ва реконструктсия қилинди, 34,9 км автомобил йўллари тўла таъмирланди. Жумладан, Сурхондарё вилоятида 31 км, Бухоро вилоятида 26 км, Қашқадарё вилоятида 22,7, Қорақалпоғистон Республикасида 15,5, Тошкент вилоятида 10 км автомобил йўллари қайта қурилиб, реконструктсия қилингани ҳақидаги ва бошқа ҳудудлардаги кўрсаткичларни мисол тарзида келтириш мумкин.
"Ўзавтойўл" ДАК олдига қўйилган асосий вазифалардан яна бири – автомобил йўлларини соз ҳолатда сақлаш ва уларни жорий таъмир қилишдир. Жорий йилнинг ўтган ярим йили мобайнида мамлакатимиздаги 670 км автомобил йўлида жорий таъмир ва сақлаш ишлари олиб борилди. Яъни бошқача айтганда, йўлларда ҳосил бўлган чуқурларни ямаш, темир-бетон тўсиқларни янгилаш, ободонлаштириш, эскирган йўл белгилари ва кўрсаткичларини янгисига алмаштириш каби ва бошқа ишлар амалга оширилди. Мисол тариқасида Самарқанд вилоятидаги М-39 "Алмати-Бишкек-Тошкент-Термиз" автомобил йўлининг 1037-1135 километрлари, М-37 "Самарқанд-Бухоро-Туркманбоши" автомобил йўлининг 0-147 километрлари оралиғида, Тошкент вилоятидаги 4К-700 "Тошкент-Ўнқўрғон-Ёнариқ" автомобил йўлининг 2-6 километрлари ва 4Р6 "Тошкент шаҳри-Чирчиқ шаҳри-Чимён қишлоғи" йўналишидаги автомобил йўлининг 56-66 ва 76-92 километрлари оралиғида, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Бухоро вилоятлари ва Урганч шаҳридаги ишларни айтиб ўтиш мумкин. Хусусан, компания тизимидаги корхоналар томонидан Урганч шаҳридаги умумий узунлиги 14,1 км га тенг бўлган 11 та кўча қайтадан қурилди.
Қўшимча тарзда шуни айтиш керакки, эришилаётган натижаларда компания тизимидаги корхоналарнинг моддий-техника базасини ривожлантириш доирасида ўтган 2014-2015 йиллар давомида харид қилинган - жами 536 дона турли русумдаги замонавий йўл қурилиш техникаларининг ҳам ўрни сезиларли даражада бўлмоқда.
Матбуот анжуманида юқоридаги маълумотлардан ташқари оммавий ахборот воситалари вакилларини қизиқтирган бошқа талай саволларга жавоб берилди.
"Ўзавтойўл" АК матбуот хизмати