Хозирда мазкур сайтнинг янги версияси яратилмокда

Logo

Йўлсозларнинг Қашқадарёдаги фаолияти

11560 6 Октябр, 2016 Чоп этиш Юклаб олиш (PDF 187 Kb)


Қашқадарё вилоятида автомобиль йўлларини кўнгилдагидек сақлаш, уларни таъмирлаш ва қайта қуриш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада эса "Ўзавтойўл" АКнинг вилоятдаги бўлинмаси жамоаси жонбозлик кўрсатмоқда. 

Вилоят ҳудудидан ўтган 18,4 минг километр узунликдаги автомобиль йўлларининг сифати ва ҳолати - корхона мутахассисларининг доимий эътиборида бўлиб келмоқда. Бу йўлларнинг 15 минг километрдан зиёди – ички хўжалик йўллари бўлса, 3427 км қисми – умумий фойдаланувдаги, шу жумладан, унинг 425 км қисми – халқаро, 890 км қисми – давлат, қолган 2112 км қисми эса – маҳаллий аҳамиятдаги автомобиль йўллари ҳисобланади. 


Қаршидан Шаҳрисабз, Термиз, Самарқанд ёки Бухоро томонларга, яъни вилоятни мамлакатнинг қўшни минтақалари билан боғлайдиган йўллардан ўтсангиз, мустақиллик йилларида автомобиль йўлларимизни халқаро талабларга мослаштириш мақсадида қилинган ишларнинг нечоғли улуғворлигига ўзингиз ҳам гувоҳ бўлишингиз мумкин. 


- Мутахассисларимиз бугунги кунда вилоятдаги автомобиль йўлларини тубдан янгилаш бўйича қизғин иш олиб боришмоқда, - дейди "Қашқадарёавтойўл" корхонаси бош мутахассиси Бўри Файзиев. – Жумладан, жорий йилнинг биринчи ярмида вилоят ҳудудидаги 16,2 км автомобиль йўли қайта қурилди. Автомобиль йўлларини капитал қуриш,  мукаммал таъмирлаш ва реконструкция қилиш дастури доирасида эса худди шу даврда 11 км узунликдаги автомобиль йўли таъмирланиб, йўловчилар учун фойдаланишга топширилди. 

Дарҳақиқат, йўлларимизнинг ҳолати йилдан-йилга яхшиланиб, равонлашиб бормоқда. Бунга сабаблардан бири сифатида – йўл қурилиши соҳасига замонавий усул ва технологияларнинг жорий этилаётганини ҳам киритиш мумкин. 


Йўллар – йилнинг тўрт фаслида ҳам доимий эътибор ва меҳнат талаб қиладиган иқтисоднинг қон томирлари ҳисобланади. Бугунги кунда қишки мавсумда ҳам йўллардаги транспорт қатнови хавфсизлиги ҳамда узлуксизлигини таъминлаш йўлидаги тадбирлар олиб борилмоқда. Бу мақсадда йўлларни текшириш ва уларнинг устки қатламини таъмирлаш ишлари бажарилмоқда. Шунингдек, эскирган йўл белгиларини янгилаш, йўл бўйларини мустаҳкамлаш ва кўприкларни таъмирлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

"Ўзавтойўл" АК матбуот хизмати

Интерактив xизматлар

Ягона интерактив давлат xизматлари портали