Хозирда мазкур сайтнинг янги версияси яратилмокда

Logo

Йўлсозликда 2016 йилнинг муҳим ютуқлари

10475 12 Декабр, 2016 Чоп этиш Юклаб олиш (PDF 292 Kb)


Гарчи 2016 йил якунига бироз вақт бор бўлса-да, йўлсозлар учун ўтиб бораётган йилимизнинг муҳим натижаларига назар ташлаб, эришилган натижаларни таҳлил этиш, шу орқали эндиги вазифаларни белгилаб олиш муҳим ҳисобланади. Хўш, якунига етаётган йил соҳа учун қандай натижалар йили бўлди?

Энг аввало шуни айтиш керакки, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти томонидан 2015 йил 6 мартда қабул қилинган, йўлсозлар учун асосий беш йиллик дастуриламал ҳисобланган - "2015-2019 йилларда муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизация қилиш дастури тўғрисида"ги қарорининг ижроси мамлакатдаги йўл инфратузилмаси ривожида улкан аҳамият касб этмоқда. 

Мазкур қарорда ҳар йили қуриладиган ва реконструкция қилинадиган умумфойдаланувдаги йўлларнинг ҳажмидан ташқари 2016 йилда автомобиль йўлларини сақлаш ва жорий таъмирлаш ишлари учун 200 дона йўл техникаларини харид қилиш ҳамда 9 та ишлаб чиқариш ва саноат базалари қувватларини янгилаш ишлари ҳам кўзда тутилган.

Жорий йилдаги Инвестиция дастури ижроси бўйича бевосита "Ўзавтойўл" компанияси тизимига кирувчи корхоналар томонидан 2016 йилнинг шу кунига қадар 145,7 км узунликдаги автомобиль йўллари реконструкция қилинди. Хусусан, қуйидаги йирик объектларни мисол қилиб келтириш мумкин: 

4Р-79 автомобиль йўлининг 4-10 км қисмида жойлашган "Қарши-Шаҳрисабз" йўналишидаги автомобиль йўлида 6 км цементбетон қопламали йўл қурилиш ишлари якунланди; 

М-37 "Самарқанд-Ашхобод-Туркманбоши" автомобиль йўли ва Бухоро шаҳрини айланиб ўтиш автомобиль йўллари кесишмасидаги транспорт ечимини қуриш ишлари якунига етди; 

А-380 автомобиль йўлининг 43-километридаги - Қарши шаҳар янги айланма йўли ва "Қарши-Тошғузор-Қумқўрғон" темир йўли кесишмасидаги йўл ўтказгич ва транспорт ечими қуриш ишлари якуний босқичга етди;

М-37 "Самарқанд-Бухоро-Туркманбоши" автомобиль йўлининг бир томон йўналиши бўйича 24 км асфальтбетон қопламали йўл тўлиқ реконструкция қилинди;  

А-380 автомобиль йўлининг 628-964 км оралиғида 47,4 км узунликдаги автомобиль йўллари бир томон йўналиши бўйича реконструкция қилинди; 

М-39 автомобиль йўлининг 1173-1184 км қисмида, яъни "Қарши-Шаҳрисабз" йўналишидаги автомобиль йўлида 9,2 км узунликдаги бир томон йўналиши бўйича цементбетон қопламаси қурилди;

А-373 "Тошкент-Ўш" автомобиль йўлининг 208-274 км қисмини айланиб ўтишда, мазкур йўлнинг Поп шаҳрига олиб борадиган йўл билан кесишган жойидаги транспорт ечимини қуриш ишлари якунланди. 

Гарчи бу рақамлар бир қарашда, шунчаки, мисол тарзида санаб ўтилса-да, улар ортида минглаб ишчи ва хизматчиларнинг меҳнати, манзили яқин бўлган миллионлаб юртдошларимизнинг дуоси ётибди...

Йўлсозларнинг йил давомида азим пойтахтимизда амалга оширган ишлари ҳам алоҳида эътирофга сазовордир. Жумладан, Мирзо Улуғбек кўчасидан Оҳангарон шоссесигача бўлган, узунлиги 2,9 км ли "Тараққиёт" кўчасининг қурилиши, Беруний кўчасини Чилонзор-Оқтепа майдони билан бойлайдиган, 4 км ли Нурафшон кўчаси қурилишининг якуни, Муқимий кўчасидан Бобур кўчасигача бўлган, 0,86 км узунликдаги Нукус кўчаси давомининг барпо этилиши каби мисолларнинг ўзиёқ - ишлар қай кўламда давом этганидан далолат беради. 


Жорий йилнинг ёзида Тошкентда бўлиб ўтган ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг саммити арафасида буткул қайта таъмирланган пойтахтнинг Амир Темур, "Мустақиллик", "Афросиёб", "Дўрмон йўли", Нукус ва Бобур кўчалари янгича қиёфа касб этди.

Юқорида санаб ўтилган мисолларнинг барчаси – йўлсозлар ўтиб бораётган йилни ёруғ юз билан кузатаётганига мисол бўла олади.

"Ўзавтойўл" АК матбуот хизмати

Интерактив xизматлар

Ягона интерактив давлат xизматлари портали