Халқимиз даҳосининг буюк тимсоли
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида Амир Темурнинг номи, бой мероси тикланди. 1996 йил мамлакатимизда Амир Темур йили, деб эълон қилинди, Соҳибқирон таваллудининг 660 йиллиги халқаро миқёсда кенг нишонланди. Тошкент, Самарқанд ва Шаҳрисабзда муҳташам ҳайкаллари қад ростлади. Улуғ бобомиз шарафига орден таъсис этилди. 2011 йили давлатимиз раҳбари сўзбошиси билан "Темур тузуклари" мукаммал ҳолда, юксак сифат билан янгидан чоп этилди.
Бу йил улуғ бобокалонимизнинг 680 йиллиги кенг нишонланмоқда.
Анъанага кўра 9 апрель куни пойтахтимиздаги Амир Темур хиёбонида Соҳибқирон таваллуди куни муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда сенаторлар, депутатлар, ҳукумат аъзолари, ёзувчи ва шоирлар, олимлар, талаба-ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди раиси Нозим Ҳабибуллаев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Муҳаммад Али, юридик фанлар доктори, профессор Акмал Саидов, Франциянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Жак-Анри Ольс ва бошқалар Амир Темур шахси, буюк хизматлари, жаҳон тарихидаги ўрни қадр топгани, Соҳибқирон сиймоси Ўзбекистон шаън-шавкати тимсолига айланганини таъкидлади. Бу халқимизни улуғ мақсадларга сафарбар этиш, ёшлар маънавиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этаётир.
Амир Темур мероси шижоат, мардлик ва адолат тимсоли сифатида юксак қадр ва эъзозга лойиқ. Соҳибқирон ўз даврининг энг қудратли давлати асосчиси, илм-фан, маданият ва маънавият ҳомийси, дунё цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшган буюк бунёдкордир.
Мамлакатимизда миллий давлатчиликни шакллантириш, фарзандларимиз учун ҳеч кимдан кам бўлмаган ҳаёт барпо этиш, ёшларни жисмонан, ақлан ва маънан юксалтириш борасидаги барча ислоҳотлар Амир Темур бобомизнинг дунёқараши ва тутумларига моҳиятан уйғун. Зотан, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, Амир Темурни англаш – ўзлигимизни англаш демакдир. Амир Темурни улуғлаш – тарих қаърига чуқур илдиз отган томирларимизга, маданиятимизга, қудратимизга асосланиб, буюк келажагимизни, ишончимизни мустаҳкамлаш демакдир.
Улуғ аждодимиз ўз тузукларида "...амр этдимки, кимки бирон саҳрони обод қилса ёки кориз қурса, ё бирон боғ кўкартирса, ёхуд бирон хароб бўлиб ётган ерни обод қилса, биринчи йили ундан ҳеч нима олмасинлар, иккинчи йили раият ўз розилиги билан берганини олсинлар, учинчи йили (олиқ-солиқ) қонун-қоидасига мувофиқ хирож йиғсинлар", деб ёзади. Бугун мамлакатимизда қулай ишбилармонлик муҳити яратилиб, тадбиркорларга кенг имтиёзлар берилаётгани Соҳибқирон тутуми авлодлари томонидан ҳаётга жорий этилаётганининг ёрқин ифодасидир.
Халққа доим меҳр-мурувватли бўлган Амир Темур адолат ва ҳақиқат учун курашган, салтанатни ҳам ана шу мустаҳкам асосга қурган.
Амир Темур даврида фуқародан бирининг уй-иморати бузилиб, тузатишга қурби етмаса, дарҳол керакли ускуналар етказилиб, ёрдам берилган. Бугун мамлакатимизда кам таъминланган оилаларга ёрдам кўрсатиш, истеъмол кредитлари ажратиш кенг йўлга қўйилган. Бу билан қанчадан-қанча рўзғорлар бутланиб, халқимиз турмуш маданияти, дунёқараши ва диди юксалмоқда.
Бу борадаги ислоҳотлар Соғлом она ва бола йилида янада кенгаймоқда. Соғлом ва мустаҳкам оила қуриш, меҳнат билан турмушини обод этиш, фарзандларининг ёруғ келажагини таъминлаш юртдошларимизнинг олий мақсадига айланган.
Маросимда шоир Сирожиддин Раупов "Соҳибқироним" шеърини ўқиб берди. "Амир Темур таваллудининг 680 йиллигига – 680 минг қадам" шиори остида Шаҳрисабздан Тошкентга қадар пиёда келган 65 ёшли ҳаваскор спортчи Абдужаббор Холбоев Соҳибқирон руҳи унга маънавий куч бағишлагани ҳақида сўзлади.
Ёшлар Амир Темур бобомизнинг ибратли ҳаёти, адолатпарварликка йўғрилган фаолияти ҳақида дунё олимлари томонидан билдирилган фикрларни ўзбек, инглиз, рус, француз, япон ва бошқа тилларда ўқиб берди.
Тадбир қатнашчилари Амир Темур ҳайкали пойига гуллар қўйди.
Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов иштирок этди.
* * *
Шу куни Темурийлар тарихи давлат музейида "Амир Темур ва Темурийлар давридаги илм-фан ва маданият ривожининг жаҳон тамаддунидаги ўрни" мавзуида республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди. Тадбирда Темурийлар тарихига оид энг яхши тасвирий ва публицистик асарлар танлови ғолиблари тақдирланди.
Темурийларга оид дурдоналар, нодир қўлёзмалар, истиқлол йилларида Амир Темур ва темурийлар тарихи ҳақидаги китоблар кўргазмаси ташкил этилди.
Амир Темур таваллудининг 680 йиллигига бағишланган тадбирлар Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда давом этмоқда.