Хозирда мазкур сайтнинг янги версияси яратилмокда

Logo

"Аму-Бухоро" канали устида янги кўприк

17030 2 Феврал, 2017 Чоп этиш Юклаб олиш (PDF 370 Kb)


Халқаро аҳамиятдаги А-380 "Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу" автомобиль йўлининг 184-километрида, "Аму-Бухоро" канали устида қисқа муддатларда янги ва замонавий кўприк бунёд этилмоқда. 

Маълумки, жорий йилнинг июль ойида мазкур ҳудуддаги эски, 1961 йилда қурилган кўприкнинг бир қисми қулаб тушган, бу ҳақда бир қанча ОАВда хабар берилган эди. 

Янги кўприкнинг лойиҳавий жараёнлари ўтган йилнинг июль ойидаёқ бошланган бўлиб, унинг қурилиши Қашқадарё кўприк хўжалигини сақлашга ихтисослашган таъмирлаш-фойдаланиш корхонасига топширилди. Айтиш керакки, умумий узунлиги 72,5 метр бўлган янги кўприк икки томонлама қатнов қисмига эга бўлиб, ҳар бир қисмининг эни 10 метрдан ортиқ бўлади. Бундан ташқари ҳар иккала томонда ҳам эни қарийб бир ярим метрдан иборат 2 та пиёдалар ўтиш йўлаклари қурилмоқда. 


Лойиҳачи ва қурувчилар кўприкнинг замонавий ҳамда ҳар томонлама чидамли бўлишига аҳамият берганлари ҳолда, унинг таянч қирғоқларига 72 дона бетон қозиқлар, ўрта таянч қисмларига эса ҳар бирининг узунлиги 14 метрдан иборат 104 дона металл қувурлар ўрнатишмоқда.

"Бундан ташқари қурилаётган кўприкни мавжуд асосий йўлга боғлаш мақсадида – Бухоро томонидан 247 метр, Қарши томонидан эса 178 метр узунликдаги янги асфальтбетон йўл ҳам қурилмоқда. Қурилиш ишлари учун 40 га яқин ишчи-хизматчилар, ҳайдовчи ва механизаторлар куну тун меҳнат қилишмоқда", - дейди кўприкни қураётган корхона раҳбари Камолиддин Маҳкамов


Янги кўприкнинг умумий лойиҳавий қиймати 11 миллиард 800 миллион сўмдан ортиқ бўлиб, у - Наврўз байрами арафасида фойдаланишга топширилиши мўлжалланмоқда.

"Ўзавтойўл" АК матбуот хизмати

Интерактив xизматлар

Ягона интерактив давлат xизматлари портали