Асосий мақсад – одамларнинг розилиги, юртимиз ободлиги
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев пойтахтимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, ижтимоий-иқтисодий лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 21 апрель куни Олмазор туманида бўлди.
Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили мазмун-моҳияти ҳар жабҳада намоён бўлмоқда. Давлатимиз раҳбари вилоятлар, пойтахтимиз туманларига ташриф буюриб, одамлар билан мулоқот қилмоқда, масалаларни жойида ўрганиб, ижтимоий-иқтисодий тараққиётга доир устувор вазифаларни белгилаб бермоқда.
Мамлакатимизнинг барча ҳудудлари каби Олмазор туманида ҳам ишлаб чиқаришни ривожлантириш, ижтимоий объектлар бунёд этиш, маҳалла ва турар жойларни обод қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев мазкур туманда барпо этиладиган янги савдо маркази ва кўп қаватли уйлар лойиҳалари билан танишди.
Нурафшон ва Форобий кўчалари кесишган жойда уч қаватли "Эски шаҳар" савдо маркази барпо этилади. Бу ерда харидорларга қулайликлар яратиш мақсадида кафе, галерея, болалар ўйин майдончалари, автомобиллар тўхташ жойи ва бошқа объектлар қурилади. Марказ ишга тушгач, 250 киши иш билан таъминланади.
Давлатимиз раҳбари мазкур савдо комплекси қуриладиган жойни кўздан кечирди. Марказнинг учинчи қаватида "Китоб олами" дўкони ва миллий кино санъатимиз хазинасидан ўрин олган фильмлар намойиш қилинадиган кинозал барпо этиш кераклигини таъкидлади. Пойтахтимизда бундай йирик иншоотни барпо этишдан мақсад Эски шаҳар аҳолисининг турмуш фаровонлигини янада оширишдир. Бунинг учун комплексни замонавий архитектура талаблари асосида қуриш, атрофини ободонлаштириш, одамларга қулайликлар яратишга алоҳида эътибор қаратиш зарур.
Мутасадди раҳбарларга 2018 йил Наврўз байрамигача мазкур объектни фойдаланишга топшириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Давлатимиз раҳбари шу йил 3 февраль куни Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва йирик лойиҳалар билан танишиш чоғида аҳолининг эҳтиёжи, талабидан келиб чиқиб, пойтахтимизнинг барча туманларида кўп қаватли замонавий арзон уйлар қуриш режалаштирилаётганини қайд этган эди. Президентимизнинг 2017 йил 13 мартдаги 2017-2021 йилларда Тошкент шаҳрида кўп қаватли арзон уйлар қуриш кўламини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарори бу борадаги ишларни тизимли йўлга қўйишда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Мазкур ҳужжатга мувофиқ Кичик ҳалқа йўли ва Қорасарой кўчаси кесишган ҳудудда 7 қаватли 12 турар жой барпо этиш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилди. 800 хонадонга мўлжалланган ушбу уйлар эҳтиёжманд оилаларнинг яшаш шароитини яхшилаш, уларни арзон, замонавий уй билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Президентимиз Эски шаҳарда яшовчи уй-жойга муҳтож оилаларни ҳисобга олиш, уйлар тақсимотида адолат мезонларига қатъий риоя қилиниши зарурлигини қайд этди.
Уйларни қуриш учун 5 гектардан зиёд ер ажратилади. Турар жойларни лойиҳалаштиришда иқлим шароити, санитария ва хавфсизлик талаблари ҳамда халқимизнинг миллий ҳаёт тарзига хос бошқа жиҳатлар ҳисобга олинган.
Давлатимиз раҳбари Қичқириқ канали бўйида бунёд этиладиган янги маданият ва истироҳат боғи лойиҳаси билан ҳам танишди. Мазкур боғни аҳоли фарзандлари билан сайр қиладиган, ҳордиқ чиқарадиган масканга айлантириш, бунда Тошкентнинг қадимий анъаналарини ҳисобга олиш лозимлиги алоҳида таъкидланди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев "Табассум" маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, маҳалла ҳаёти билан танишди, аҳоли билан мулоқот қилди. Учрашувда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ислоҳотлар, ёшлар маънавиятини юксалтириш, китобхонлик маданиятини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди.
Маҳаллалар том маънода маданият ва маънавият масканига айланмоғи лозим, бунинг учун аҳоли, айниқса, ёшларнинг китобга қизиқишини ошириш зарур, деди Шавкат Мирзиёев. Китоб инсонга билим беради, унинг маънавий оламини бойитади, Ватанни севишга ўргатади.
Табассум маҳалласидаги 27 кўп қаватли уйда 5 минг 300 дан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Маҳалла фуқаролар йиғини маркази биносида қурилиш ишлари амалга оширилмоқда. Бу ерда маҳалла раиси, котиб ва маслаҳатчилар, профилактика инспектори учун алоҳида хизмат хоналари бўлиши кўзда тутилган. Сартарошхона, "Гўзаллик салони", савдо дўкони, новвойхона қуриш режалаштирилган. Бу халқимизга хос ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат фазилатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Яқинда маҳалла ҳудудида болалар майдончаси, мини-футбол майдони қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Ҳар бир раҳбар одамларнинг дардига қулоқ солиши, муаммоларини ҳал қилиши, бир сўз билан айтганда, уларни рози қилиш ташвиши билан ишлаши керак, деди давлатимиз раҳбари. Шунда уларнинг давлатга, келажакка ишончи ортади. Маҳаллаларни обод қилиш, халққа барча қулай шароитларни яратиш бу борада муҳим аҳамиятга эга.
Маҳалладаги кўп қаватли уйлар, мактабгача таълим муассасалари атрофини ободонлаштириш, йўлакларни таъмирлаш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берилди.
Шавкат Мирзиёев Талабалар шаҳарчаси ҳудудида қуриладиган ахборот-ресурс маркази лойиҳаси билан танишди.
Мамлакатимизда таълим тизими изчил такомиллаштирилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 20 апрелдаги "Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори мазкур тизим сифатини янги босқичга кўтаради.
Ушбу қарорда кўплаб чора-тадбирлар қатори янги авлод ўқув адабиётлари яратиш, уларни олий таълим муассасаларининг таълим жараёнига кенг татбиқ этиш, олий таълим муассасаларини замонавий ўқув, ўқув-методик ва илмий адабиётлар билан таъминлаш, жумладан, энг янги хорижий адабиётларни сотиб олиш ва таржима қилиш, ахборот-ресурс марказлари фондларини мунтазам янгилаб бориш бўйича вазифалар белгиланган.
Янги марказ ана шундай замонавий талабларга жавоб беради. Мажмуа электрон-ресурслар, даврий адабиётлар, мутолаа, мультимедиа ва конференция залларини ўз ичига олади. Бу Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети, Абдулла Авлоний номидаги халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказий институти, ўрта махсус таълим масканлари ўқувчи ва талабалари, профессор-ўқитувчиларига катта қулайлик яратади.
Президентимиз марказ лойиҳаси ва концепциясини такомиллаштириш, унинг фаолияти доирасини кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берди. Мажмуани Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон талабаларининг Миллий илмий-маърифий маркази тарзида ташкил этиш зарурлигини таъкидлади. Бу ерда барча фанлар бўйича маълумотлар базаси бўлади. Замонавий технологиялар воситасида ундан мамлакатимиз олий таълим муассасалари фойдаланади. Дунёнинг етакчи университетлари билан ҳамкорлик ўрнатилиб, улардаги маърузаларни онлайн тарзда кузатиш имконияти яратилади. Марказ атрофида боғ барпо этилади, Ўзбекистон ва жаҳон мутафаккирларининг бюстлари ўрнатилади.
Шавкат Мирзиёев "Оникс Тошкент" масъулияти чекланган жамиятига ташриф буюрди.
Корхона Марказий Осиёда ягона бўлиб, бир суткада 20 тонна натрий-кальцийлик замонавий шиша идишлар ишлаб чиқаради. Европанинг етакчи мамлакатларида ишлаб чиқарилган замонавий дастгоҳлар билан жиҳозланган корхонада 200 киши меҳнат қилади.
Президентимиз корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар намуналарини кўздан кечирди.
Шу ерда 2017-2018 йилларда Олмазор туманининг саноат ва хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича лойиҳа тақдимоти бўлди. Унда аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш, бўш турган ва қурилиши тугалланмаган бино ва иншоотлардан самарали фойдаланиш кўзда тутилган.
Шавкат Мирзиёев бўш турган бинолар базасида замонавий ва талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берди.
"Ўзсаноатқурилишбанк", "Асака" банки, Халқ банки, Миллий банк, "Ипотека-банк", "Ипак йўли" банклари томонидан Олмазор туманида ишга туширилаётган янги лойиҳаларга имтиёзли кредитлар ажратилмоқда. "Арт вуд груп" МЧЖ томонидан ёғоч маҳсулотларидан ЛДСП ва ЛМДФ ишлаб чиқариш лойиҳаси шулардан бири. Корхона маҳсулотларидан замонавий мебель ва буюмлар тайёрлашда фойдаланилади. "Ижод-ижод" хусусий корхонаси сопол буюмлар, "Euroasia Аlliance Тeks" МЧЖ дағал ип газлама, "Станко Строитель" МЧЖ металл ва ёғочга ишлов берадиган дастгоҳлар ишлаб чиқаришни йўлга қўяди.
"Интер капитал" МЧЖга қарашли бино ва иншоотларда дори воситалари ишлаб чиқариш, "Галеника" МЧЖда эса йилига 60 дан ортиқ турдаги 225 миллион дона таблетка, капсула, саше ва бошқа импорт ўрнини босувчи дори воситалари ишлаб чиқарилади.
Президентимиз мазкур лойиҳаларни ишга тушириш муддати ва яратиладиган иш ўринлари билан қизиқди.
Лойиҳаларда қурилиш материаллари, ёғоч, металл, полистеролбетон плиталари, ойнани қайта ишлаш, махсус ишчи кийимлари, қандолатчилик маҳсулотлари, тиббиёт буюмлари, нон ва нон маҳсулотлари, озиқ-овқат, енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, тиббий диагностика маркази очиш кўзда тутилган.
Президентимиз тумандаги Имом Термизий жомеъ масжидида бўлди.
Бутун дунёда буюк аждодларимизнинг сўнмас даҳосига ҳурмат-эҳтиром, уларнинг бой илмий меросини ўрганишга қизиқиш ҳамиша юқори бўлган. Хорижий мамлакатларда уларнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида илмий ва бадиий асарлар яратилган.
Биринчи Президентимиз раҳнамолигида буюк олим ва мутафаккирларимиз, қадимий шаҳарларимиз юбилейлари халқаро миқёсда кенг нишонланди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида улуғ алломаларимиз, азиз-авлиёларимиз қадамжоларини обод этиш ишлари изчил давом эттирилмоқда. Миллий маънавий меросимизни тиклаш ва асраб-авайлаш, илм-фан ва таълимни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Буюк боболаримиз тафаккури маҳсули бўлган тарих, адабиёт, санъат, ахлоқ, фалсафа, тиббиёт, математика, кимё, астрономия, меъморлик, дин ва бошқа соҳаларга оид минглаб ноёб асарлар бизнинг бебаҳо бойлигимиздир.
Ислом маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аждодимиз Абу Исо Термизийнинг беназир меросини илмий асосда чуқур ўрганиш бўйича самарали ишлар амалга оширилмоқда.
Биз бахтиёр авлодмиз, бахтли халқмиз, чунки шундай буюк алломаларнинг ворисимиз, деди Президентимиз. Халқимиз фаровонлиги, мамлакатимиз равнақи йўлида қилаётган ишларимиз билан улуғ аждодларимизга муносиб бўлишимиз керак. Бу барчамиздан юксак масъулият талаб қилади.
Ҳазрати Имом (Ҳастимом) мажмуасида Ислом маданияти марказини ташкил қиламиз, деди Шавкат Мирзиёев. Юртдошларимиз, мамлакатимизга келадиган меҳмонлар бу ерда буюк алломаларимизнинг бебаҳо мероси билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлмоғи лозим.
Мутасаддиларга масжидни реконструкция қилиш бўйича топшириқлар берилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Тошкент шаҳри ва туманлар ҳокимлари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, пойтахт жамоатчилиги вакиллари иштирок этди.
Йиғилишда давлатимиз раҳбари асос солган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси, жойлардаги Халқ қабулхоналари халқ билан мулоқотнинг муҳим тизимига айлангани, турли масалаларга ўз вақтида ечим топилиб, одамларни рози қилаётгани таъкидланди. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга кўтаришга хизмат қилиши қайд этилди.
Учрашувда аҳолига зарур шароитлар яратиш, коммуникация тизимларини янгилаш, ҳудудларни ободонлаштириш, тадбиркорликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.