Хозирда мазкур сайтнинг янги версияси яратилмокда

Logo

Барча саъй-ҳаракатларимиз замирида халқимиз манфаатлари мужассам

7927 3 Июн, 2017 Чоп этиш Юклаб олиш (PDF 117 Kb)


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, инвестиция лойиҳалари ижросининг бориши билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 2 июнь куни Андижон вилоятига ташриф буюрди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 21 октябрдаги "2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида"ги қарорига мувофиқ барча жойларда шинам турар жойлар бунёд этилмоқда. 

Давлатимиз раҳбари Бўз тумани "Чорвадор" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида қурилган ана шундай уйларни бориб кўрди. Акмал ва Зилолахон Раҳмоновлар хонадонида бўлиб, яратилган шароитлар, оиланинг турмуши, фарзандлар тарбияси билан қизиқди. 

Ушбу маҳаллада майдони 2 сотихли, уч хонали 10 замонавий уй бунёд этилган. Уйлар табиий газ, тоза ичимлик суви ва электр энергияси билан таъминланган. 

Шавкат Мирзиёев бундай турар жойларни кўпроқ қуриб, одамларга муносиб шароитлар яратиш доимо эътиборда бўлмоғи зарурлигини таъкидлади. Мутасаддиларга уй-жойларни аҳоли истаги ва замон талаблари асосида лойиҳалаштириш ва бунёд этиш юзасидан тавсиялар берди. 

Президентимиз Бўз туманида енгил саноат соҳасидаги лойиҳалар билан танишди. 

Андижон вилоятида 20 йирик енгил саноат корхонаси фаолият кўрсатмоқда. 

"Ўзбекенгилсаноат" акциядорлик жамияти ва тижорат банклари ҳамкорлигида Андижон вилоятида 2017-2018 йилларда 19 лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Уларнинг самарасида тармоқнинг экспорт салоҳияти 2,8 баробар ошади, қарийб 9 минг 850 иш ўрни яратилади. 

Ушбу лойиҳаларнинг 8 таси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг молиявий кўмагида Андижон шаҳри, Андижон, Пахтаобод, Шаҳрихон, Бўз, Балиқчи туманларида амалга оширилади. Мазкур лойиҳалар 4,3 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш, 1 минг 325 кишини иш билан таъминлаш имконини беради. 

Хўжаобод туманидаги "Нил Гранит" масъулияти чекланган жамияти "Samo" бренди остида йилига 5 миллион дона тайёр кийим ишлаб чиқармоқда. 480 киши меҳнат қилаётган корхона маҳсулотлари Россия, Украина, Молдова, Қозоғистон, Қирғизистон каби мамлакатларга экспорт қилинмоқда. 

Корхонада ип-калава ва мато бўяш, тайёр мато ишлаб чиқариш ва уларга безак беришни йўлга қўйиш режалаштирилган. Бунинг самарасида экспорт ҳажмини йилига 25 миллион долларга етказиш, қўшимча 1 минг 180 иш ўрни яратиш мўлжалланган. 

"Олтин мато текс" масъулияти чекланган жамияти томонидан Андижон шаҳрида ташкил этиладиган корхона ҳам соҳадаги истиқболли лойиҳалардан биридир. Корхонада Япония, Бельгия, Туркиядан келтириладиган ускуналар асосида тайёр кийим-кечаклар, трикотаж мато, ип-калава ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. 

"Водий саноат фахри" ва "Сайёра фаввораси" масъулияти чекланган жамиятларида ҳам ишлаб чиқаришни кенгайтириш, маҳсулотларни жаҳон бозорига чиқариш, аҳолини иш билан таъминлашга қаратилган истиқболли лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган. 

Президентимиз мазкур лойиҳаларнинг ташаббускори бўлган тадбиркорлар билан суҳбатлашди. Бозор талабларидан келиб чиққан ҳолда маҳсулот тайёрлаш, замонавий технология ва тенденциялардан кенг фойдаланиш, аниқ ҳисоб-китоб билан иш юритиш бўйича тавсиялар берди. 

Президентимиз Олтинкўл туманидаги "Бахт имкон ривож чорваси" кўп тармоқли фермер хўжалиги фаолияти билан танишди. 

Хўжаликда 2 минг бошга яқин зотли қорамол, 300 бош наслли эчки боқилмоқда. Илғор технологиялар асосида иш ташкил этилган хўжаликда маҳсулдорлик юқори. Ҳар бир сигирдан кунига 25-28 литр, эчкидан 3-3,5 литр сут соғиб олинмоқда. Умуман, хўжалик томонидан сутни қайта ишлаш корхоналарига бир кеча-кундузда қарийб 20 тонна сут етказиб берилмоқда. 

Давлатимиз раҳбари Германиядан келтирилган зотдор эчкиларни боқиш жараёни, юртимиз иқлимига мослашиши билан қизиқди. 

Эчки сутининг сифати юқорилиги кўпчиликка маълум. Эчки сути тиббий хусусиятларга эга бўлиб, ошқозон касалликлари, камқонлик, кўз нури пасайишининг олдини олиш ва диатезда фойдалидир. 

Эчки сути узоқ вақт яхши сақланади. Хона ҳароратида уч кун, музлатгичда бир ҳафтадан кўп вақт давомида ўз хусусиятини йўқотмайди. Эчки сутида кўп миқдорда калий бўлиб, юрак-нафас олиш тизими фаолиятини яхшилайди. 

Фермер хўжалигида қўшимча иш ўринлари яратиш мақсадида янги лойиҳалар амалиётга татбиқ қилинмоқда. 

Давлатимиз раҳбарига кўрсатилган лойиҳага кўра, 700 бош наслли эчки олиб келиш орқали янги тармоқ йўлга қўйилади. Истиқболи юқори баҳоланаётган мазкур лойиҳани жорий йилда ишга тушириш мўлжалланмоқда. 

Чорвачилик сердаромад соҳа ҳисобланади, буни унутмайлик, деди Президентимиз. Шифобахш бўлган эчки сутига нафақат юртимизда, балки чет элда ҳам талаб юқори. Шунинг учун бу соҳани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш лозим. 

Вилоятнинг Улуғнор туманидан фермер хўжалигига 300 гектар ер ажратилган. Бу ернинг 200 гектарига ёнғоқ, 100 гектарига унаби экилиб, томчилатиб суғориш технологияси йўлга қўйилади. 

Фермер хўжалигининг яна бир истиқболли лойиҳаси биогаз ишлаб чиқариш тармоғидир. Хитойда ишлаб чиқарилган замонавий технологиялар ёрдамида йилига 600 минг куб метр биогаз ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга тушгач, 40 янги иш ўрни яратилади. 

Президентимиз лойиҳалар доирасида олиб борилаётган ишлар юзасидан тегишли тавсиялар берди. 

Шавкат Мирзиёев вилоятда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга ошириладиган лойиҳалар билан танишди. 

Улуғнор туманида ташкил этиладиган 2000 бош қорамол ва 10 000 бош наслли эчки боқишга мўлжалланган чорвачилик комплекси ва сутни қайта ишлаш лойиҳасининг тақдимоти бўлиб ўтди. Лойиҳа ҳақида батафсил маълумот берилди. Давлатимиз раҳбари аҳолини сифатли сут ва сут маҳсулотлари билан таъминлаш муҳим вазифалардан бири эканини таъкидлади. 

Бўз туманидаги "Evro Ekfin" масъулияти чекланган жамияти жаҳон бозори талабларидан келиб чиқиб, энг сўнгги технологиялар асосида сутни қайта ишлаш ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширмоқда. 

Бугунги кунда қурилиш ишлари олиб борилаётган чорвачилик комплексида 2 минг бош наслли қорамол боқиш кўзда тутилган. 200 кишининг бандлиги таъминланадиган комплекс ишга тушгач, йилига 13 минг тонна сут етказиб берилади. 

Асака туманидаги "Умид" хусусий корхонасининг парранда боқишга ихтисослашган комплекси лойиҳаси ҳам кўрилди. Ҳозирги кунда корхонада 80 минг парранда боқилмоқда. Янги лойиҳага кўра, 80 миллион дона тухум ва 150 тонна парранда гўшти етказиб берилади. Мажмуа ишга тушгач, 100 киши доимий иш жойига эга бўлади. 

Олтинкўл туманида томорқалардан унумли фойдаланиш борасида илғор тажриба тўпланган. Айниқса, "Кўмакай", "Чўнтак" маҳалла фуқаролар йиғинларида иш намунали йўлга қўйилган. Давлатимиз раҳбари тижорат банклари ва тадбиркорлар томонидан аҳоли хонадонларига лимон, унаби ва ёнғоқ кўчатлари ва парранда етказиб бериш дастурининг ушбу туман мисолидаги тақдимоти билан танишди. Лойиҳаларни янада такомиллаштириш, уларни белгиланган муддатларда ишга тушириш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берди. 

Давлатимиз раҳбари раислигида Андижон вилояти ҳокимлигида ўтган йиғилишда вилоят иқтисодиётини янада ривожлантириш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини яхшилаш, аҳоли турмуш даражасини ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, Ҳаракатлар стратегиясининг ижроси каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. 

ЎзА

Интерактив xизматлар

Ягона интерактив давлат xизматлари портали