Хозирда мазкур сайтнинг янги версияси яратилмокда

Logo

Бухоро вилоятида 85 километр янги замонавий йўл қайтадан қурилди

10981 23 Апрел, 2018 Чоп этиш Юклаб олиш (PDF 2754 Kb)


Яқинда халқаро аҳамиятдаги А-380 "Ғузор-Нукус-Қўнғирот-Бейнеу" автомобиль йўлининг 355-440 км қисмларида – Бухоро вилоятининг Ромитон, Жондор ва Пешку туманлари ҳудудларидан ўтувчи 85 км қисмини 2 тасмали асфальтбетон қопламали йўлдан 4 тасмали цементбетон қопламали автомобиль йўлига ўтказиш лойиҳаси бўйича реконструкция қилиш ишлари тўлиқ якунланди.

Ўзбекистон Республикаси йўл-транспорт соҳасидаги 30 дан ортиқ халқаро конвенциялар, шартномалар ва келишувлар аъзоси ҳисобланади. Мамлакатимиз, шунингдек, халқаро ташкилотлар томонидан ишлаб чиқилган – миллий транспорт коммуникацияларини такомиллаштириш ва халқаро транспорт тизимига интеграция қилиш бўйича бир қатор давлатлараро дастурларнинг фаол иштирокчиси ҳамдир. Республикамиз ҳудудидан 20 дан ортиқ халқаро автотранспорт йўналишлари ўтган.

Мамлакатимиздаги йўл-транспорт соҳалари бўйича олиб борилаётган сиёсатнинг асосий мақсади - халқаро транспорт коммуникацияларига интеграция қилиш, ташқи савдо ва транзит юкларини ташиш учун самарали халқаро йўналишларни ривожлантириш, йўл-транспорт комплексини модернизация қилиш ва транзит потенциалини оширишдир. 

Агар бундан 20 йил аввал экспорт-импорт юкларини ташиш учун фақатгина 2 ёки 3 та йўналишдан фойдаланилган бўлса, бугунги кунда Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида 10-12 та альтернатив йўналишлардан фойдаланиш имкониятига эгамиз. 

А-380 автомобиль йўли халқаро Е-40 Халқаро транспорт йўналишининг Ўзбекистондаги қисми ҳисобланиб, у орқали Марказий ва Шарқий Европа, Россия, Украина ва Қозоғистон мамлакатларига чиқиш таъминланиб, Ўзбекистон орқали транс-афғон транспорт йўналишига боғланади. Ушбу автомагистраль Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро ва Қашқадарё вилоятлари ҳудудидан ўтиб, давлатлараро, вилоятлараро алоқаларни таъминлашда ҳам муҳим бўғин ҳисобланади. Автомагистраль ўз навбатида халқаро аҳамиятдаги М-37 "Самарқанд-Бухоро-Олот" ва М-39 "Олмаота-Тошкент-Термиз" автомобиль йўлларини боғлайдиган муҳим халқаро йўналиш бўлиб, транс-афғон транспорт йўналишининг шимолий таркибий қисми ҳам ҳисобланади. 

Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 175,2 млн. АҚШ долларини ташкил этиб, ушбу ишларни амалга ошириш учун бош пудратчи ташкилот этиб – Корея Республикасининг "POSCO Engineering & Construction Co. Ltd." компанияси белгиланган.

Ушбу ишларни бажаришда 400 донадан ортиқ йўл қурилиш техникалари жалб қилинди. Қурилиш давомида 600 га яқин маҳаллий мутахассислар ва ишчилар тун-у кун меҳнат қилишди. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 16 февралдаги 128-Ф фармойиши билан Давлат қабул комиссияси томонидан имзоланган объектни фойдаланишга топшириш далолатномаси тасдиқланди. Яъни йўлнинг мазкур қисми транспорт ва йўловчилар қатнови учун расман очилди. Бугунги кунда мазкур йўл жаҳон андозаларига тўлиқ жавоб бергани ҳолда, цемент қопламага эга.

Мазкур лойиҳанинг тўлиқ амалга оширилиши натижасида, транспорт харажатлари миқдори пасайтирилади, маҳаллий ва халқаро транзит ташишларнинг вақти қисқартирилади ҳамда хавфсиз автомобиль йўллари тармоғи барпо этилади.

Шунингдек, бу автомобиль йўли бу қисмининг фойдаланишга топширилиши – ички ва ташқи савдонинг ошишига ўз ҳиссасини қўшади, шунингдек, қўшни давлатлар билан иқтисодий алоқаларни таъминлашда муҳим бўғин бўлиб хизмат қилади.

Қуйидаги суратларда автомобил йўлининг реконстукция қилинишидан аввалги ҳолати, шунингдек, қурилиш жараёнлари, бекат ҳамда саксовуллардан барпо қилинган қум кўчиши олдини олиш қурилмалари акс этган:










Автомобиль йўллари давлат қўмитаси

матбуот хизмати

Интерактив xизматлар

Ягона интерактив давлат xизматлари портали