Хозирда мазкур сайтнинг янги версияси яратилмокда

Logo

Давлатимиз раҳбари иқтисодий лойиҳалар билан танишди

7189 6 Май, 2017 Чоп этиш Юклаб олиш (PDF 115 Kb)


Президентимиз Шавкат Мирзиёев 6 май куни пойтахтимизнинг Ойбек кўчасидаги кўп қаватли уйларда ишга туширилган замонавий, энергиятежамкор локал қозонхоналарни бориб кўрди. 

Мамлакатимизда аҳоли фаровонлигини юксалтириш, хонадонлар ва ижтимоий соҳа объектларини иссиқлик энергияси ва иссиқ сув билан узлуксиз таъминлаш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг шу йил 20 апрелдаги "2018-2022 йилларда иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш дастури тўғрисида"ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришда муҳим омил бўлмоқда. 

Ушбу қарорга мувофиқ Тошкент шаҳрида иссиқлик таъминоти тизимини янгилаш ва модернизация қилиш, энергия самарадорлиги юқори бўлган маҳаллий қозонхоналар қуриш, хонадонларга якка тартибда ички иссиқлик тармоғини ўрнатиш, кўп қаватли уй-жой фонди ва ижтимоий соҳа объектларининг локал иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш бўйича кенг кўламли вазифалар белгиланган. 

Пойтахтимиздаги марказлашган иссиқлик таъминоти тизими ўтган асрнинг 60-70 йилларида барпо қилинган бўлиб, бугунги кунда қозонхона ускуналари ва тармоқлар техник ва маънавий эскиргани, марказий қозонхоналар истеъмолчилардан узоқ масофада жойлашганлиги сабабли иссиқлик етказиб беришда айрим муаммолар юзага келмоқда. 

Юқоридаги қарорга асосан пойтахтимиз туманларида замонавий қозонхоналар қуриш, қуёш энергияси билан сувни иситадиган гелиоқурилмалар негизида уй-жойлар ва ижтимоий объектларни иссиқлик билан таъминлаш тизимини барпо этиш бўйича дастур ишлаб чиқилмоқда. 

Унга кўра жорий йилда пойтахтимизда жами 211, жумладан, кўп қаватли уйлар том қисмида 134, мавзелар ҳудудида 77 маҳаллий қозонхона қурилади. Ушбу мақсадлар учун сарфланадиган 170 миллиард сўм маблағ тижорат банклари кредитлари ҳисобидан молиялаштирилади. 

Ойбек кўчасидаги 40- ва 42-уйларда ишга туширилган қозонхоналар гелио сув иситгичлари билан жиҳозланган. Ушбу қозонхона анъанавий марказлашган иситиш тизимига қараганда бирмунча афзалликларга эга. Аввало, қозонхонада замонавий технология асосида қуёш нуридан иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилиб, хонадонларга керакли миқдорда тақсимланади. Бу ёқиладиган табиий газни тежаш, истеъмолчиларга иссиқлик энергияси етказиб беришда йўқотишлар ва қиш мавсумида авария ҳолатларининг олдини олиш, ортиқча сарф-харажатларни камайтириш имконини беради. 

Қозонхонада соатига 146 киловатт иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилади. Лойиҳанинг қиймати 460 миллион сўм бўлиб, харажатлар "Тошиссиққуввати" ишлаб чиқариш бирлашмаси унитар корхонаси ҳисобидан қопланган. 

Уй юқорисидаги техник қаватда қозонхона, томда қуёш коллекторлари ўрнатилган. Давлатимиз раҳбари ушбу локал қозонхонани кўздан кечирди. 

Қуёш сув иситгичлари экологик тозалиги, кўп хизмат талаб этмаслиги ва узоқ муддат фойдаланиш мумкинлиги билан ажралиб туради. Бундай қурилмалар нафақат қуёшли, балки булутли кунларда ҳам энергия ишлаб чиқара олади. 

Мазкур соҳадаги ишлардан кўзланган асосий мақсад кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли учун қулай шарт-шароит яратишдир, деди Президентимиз. Коммунал соҳани янада такомиллаштириш ва кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш учун қуёш энергияси асосида ишлайдиган иссиқлик энергияси тизимига ўтишни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Шу нуқтаи назардан, Тошкент шаҳрида келгуси уч йилга мўлжалланган алоҳида тизим ишлаб чиқамиз. Бу тизим қуёш энергияси ёрдамида уй-жойлар ва ижтимоий объектларни иссиқ сув ва энергия билан узлуксиз таъминлаш, энергия ресурсларини тежаш ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилади. 

Давлатимиз раҳбари гелиоқурилмалар ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналар маҳсулотлари намуналари билан ҳам танишди. 

Қозонхоналарни қуриш ва улардан фойдаланишда замонавий технологияларни қўллаш, малакали мутахассисларни жалб этиш борасида зарур кўрсатмалар берилди. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Яшнобод туманидаги "Тошкент қоғози" масъулияти чекланган жамиятига ташриф буюрди. 

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг 3.5 бандида белгиланган вазифаларга мувофиқ ҳудудлар иқтисодиётини модернизация ва диверсификация қилиш, халқимизнинг турмуш даражаси ва даромадларини ошириш учун ҳар бир ҳудуднинг табиий, минерал-хомашё, саноат, қишлоқ хўжалиги, туристик ва меҳнат салоҳиятидан самарали фойдаланишга қаратилган изчил ишлар амалга оширилмоқда. 

Давлатимиз раҳбари вилоятлар ва пойтахтимиз туманларига ташрифи чоғида бўш ётган ёки тўла қувват билан ишламаётган объектларда бўлиб, уларнинг негизида янги саноат корхоналари, кичик саноат зоналари ташкил қилиш чора-тадбирларини белгилаб бермоқда. Бу мавжуд бино ва қувватлардан самарали фойдаланиш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги иш ўринлари яратишга хизмат қилмоқда. 

"Тошкент қоғози" масъулияти чекланган жамиятининг умумий ер майдони 12 гектардан зиёд, бино ва иншоотлар майдони 4,5 гектар. Бу ерда ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун зарур инфратузилма, тайёр имконият мавжуд. 

Президентимиз бу ердаги имкониятлардан самарали фойдаланиш, завод биноларини ишбилармон ва тадбиркорларга имтиёзли асосда ижарага бериш, уларда экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади. 

Шу ернинг ўзида Яшнобод туманида амалга ошириладиган ижтимоий-иқтисодий лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. 

Тижорат банклари кўмагида туманда дори ва тиббиёт воситалари, махсус кийимлар, ёғ ва ем маҳсулотлари, травертин ва мармар плиталар, сим ўрамлари ишлаб чиқариш, кўнгилочар масканлар, замонавий бозор ва экспомарказ ташкил этиш режалаштирилган. 

Давлатимиз раҳбари ушбу лойиҳалар билан танишиб, уларнинг ҳар бири бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди. 

ЎзА

Интерактив xизматлар

Ягона интерактив давлат xизматлари портали