Германия компанияси раҳбари билан учрашув
Автомобиль йўллари давлат қўмитасида – қўмита раиси А.Абдувалиев ҳамда Германиянинг "GP Papenburg AG" компанияси бошқаруви раиси Гюнтер Папенбург ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув мамлакатимиз Президентининг 2017 йил 30 ноябрдаги "Ўзбекистон Республикасининг Германия Федератив Республикаси билан икки томонлама ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш ва кенгайтириш чора-тадбирлари тўғриси"ги қарори ижроси доирасида ташкил этилди. Мазкур қарорда – асфальт қориштирувчи ускуналар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхона ташкил этиш, шунингдек, "GP Papenburg AG" компаниясининг Ўзбекистон автомобиль йўллари қурилишида давлат-хусусий шерикчилиги шартлари асосида иштироки имкониятларини ўрганиш каби вазифалар кўзда тутилган эди.
Музокарада "Тельтомат" асфальт қориштирув заводларини ишлаб чиқариш ва таъмирлаш ҳамда асфальт-бетон қопламаларни регенерация қилиш билан шуғулланувчи қўшма корхона ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув давомида Германия компанияси раҳбари – унинг корхонаси "Тельтомат" заводларини модернизация қилишга ихтисослашган махсус дастурларга эга эканлигини ҳамда асфальт қориштирувчи завод мажмуаларини йиғиш бўйича ўзбекистонлик мутахассисларни Германияда қайта ўқитишга тайёр эканликларини таъкидлади.
Музокаралар констуктив ва дўстона руҳда ўтди.
Автомобиль йўллари давлат қўмитаси
матбуот хизмати