Ижтимоий муаммолар ҳал қилинмоқда
"Қамчиқавтойўл" корхонаси жамоаси йўл қурилиши ва ободонлаштириш ишлари билан бир қаторда иш сифати ва унумдорлигига таъсир қиладиган ижтимоий масалаларга ҳам алохида эътибор қаратмоқда.
35-сонли йўл бўлими яқин кунларгача корхонанинг энг оғир участкаси ҳисобланган. Бўлимда хизмат қилувчи 171 нафар ишчи-хизматчиларнинг яшаш ва меҳнат шароити ўта оғирлиги сабабли режадаги ишлар бажарилмай қолиб кетарди. Корхонада бунинг ҳисоби олиниб, ишчилар учун етарли шароит ва имкониятарни яратиб берилди. Контейнер вагонларда яшаб келаётган ишчилар учун замон талабларига жавоб берадиган бино қисқа муддат ичида қуриб битказилди.
Бундан ташқари Ватанимиз мустақиллигининг йигирма етти йиллиги арафасида уч қаватли мутлақо янги ва замонавий ётоқхона биноси ҳам фойдаланишга топширилади.
Шунингдек, бўлим ишчиларининг моддий таъминоти, оилавий шароити ҳам ўрганиб чиқилди ва ёрдам берилмоқда. Ички имкониятлардан келиб чиқиб, ишчиларнинг ойлик маошлари 1,44 бараварга оширилди. Иш бажариш жараёнини енгиллаштириш мақсадида узоқ йўналишга қатновчи 44 нафар ишчига велосипедлар олиб берилди.
1958 йилда қурилиган, 10 гектар майдонда жойлашган "Йўлчи" болалар оромгоҳи ҳам таъмирланди. Ҳозир бу масканда йўлсозларнинг 300 нафар фарзанди ёзги дам олиш таътилларини ўтказмоқда.
Автомобиль йўллари давлат қўмитаси
матбуот хизмати