Хозирда мазкур сайтнинг янги версияси яратилмокда

Logo

Ислоҳотлар ва фидокорона меҳнат самаралари

9289 1 Июл, 2016 Чоп этиш Юклаб олиш (PDF 126 Kb)


Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш мақсадида 30 июнь – 1 июль кунлари Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида бўлди. 

Давлатимиз раҳбари Қашқадарё вилоятига сафарининг иккинчи куни Қарши туманидаги "Шукрона" фермер хўжалиги даласига ташриф буюрди. 

Қашқадарёлик деҳқонлар бу йил 145 минг гектар майдонда ғалладан мўл ҳосил етиштирди. Шу кунларда ўрим-йиғим ишлари қизғин давом этмоқда. "Шукрона" фермер хўжалиги ҳам алоҳида фаоллик кўрсатмоқда. Мўлжал 20 гектар ғалланинг ҳар гектаридан 65 центнердан ҳосил олишдир. 

Фермер ва деҳқонларимиз учун масъулиятли бўлган шу кунларда сизларнинг ёнингизга келиб, дилдан суҳбатлашиш, ҳол-аҳвол сўраш, ҳорманг, дейиш менга катта мамнуният бағишлайди, деди Юртбошимиз. 

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда аграр соҳада туб ислоҳотлар амалга оширилгани, ерга, меҳнатга муносабат ўзгаргани, деҳқончилик маданияти юксалгани самарасида қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ҳосил етиштирилаётир. 

Бугунги кунда Қашқадарё ҳар томонлама ривожланган вилоятлардан бирига айланди. Мамлакатимиз ғалла хирмонининг 12 фоизи, пахтанинг қарийб 15 фоизи шу вилоятда етиштирилмоқда. Бу йил ғалла ҳосилдорлиги гектарига ўртача 62 центнерни ташкил этаётгани ҳам қашқадарёлик миришкорларнинг фидокорона меҳнати ва омилкорлиги самарасидир. 

Президентимиз раҳнамолигида Қашқадарё вилоятида улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Қарши шаҳрида янги йўл ва кўприклар, кўп қаватли уй-жойлар, боғ ва хиёбонлар, хизмат кўрсатиш объектлари бунёд этилди ва бу борадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда. Аҳолининг мазмунли ҳордиқ чиқариши учун барча шароит ва қулайликлар яратилмоқда. 

Шаҳрисабзда ҳам кенг кўламли қурилиш-ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Оқсарой мажмуаси атрофидаги майдон кенгайтирилиб, Чорсу бозори, Кўкгумбаз, Дорут-тиловат, Дорус-саодат обидаларини боғловчи сўлим хиёбон барпо этилди. Шаҳарнинг сайёҳлик салоҳиятини янада ошириш мақсадида Қарши шаҳрига борадиган 129 километрлик замонавий йўл қурилмоқда. 

Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларини ҳар томонлама обод қилиш учун катта маблағ ва ресурслар ажратилган, деди Ислом Каримов. Шаҳарлар қиёфаси, инфратузилмаси шунга мос бўлиши керак. Мақсадимиз – аҳолимиз учун барча замонавий шароитларни яратиш, халқимиз турмуш фаровонлигини янада юксалтиришдир. Шу билан бирга, бугун амалга ошираётган ишларимиз келажак авлодларимизга ҳам хизмат қилсин. 

– Мустақиллигимизнинг ҳар бир йили, айтиш мумкинки, ҳар бир ойи тарихий воқеаларга, улкан муваффақиятларга бой бўлмоқда, – деди "Нуроний" жамғармаси вилоят бўлими раиси Январ Иноятов. – Буни ҳар қадамда ҳис этяпмиз, барча вилоятлар мисолида кўряпмиз. Яқинда Ангрен – Поп электрлаштирилган темир йўли ишга туширилганини телевизор орқали кўриб, ҳаммамиз астойдил қувондик. Уни аср мўъжизаларидан бири деганларича бор. Ниҳоятда қисқа муддатда – атиги 32 ойда 123,1 километрлик темир йўл ва 19 километрдан зиёд туннель қуриш ҳазилакам ишми! Бундай улкан лойиҳаларни иқтисодий ва маънавий жиҳатдан қудратли давлатгина амалга ошира олади. 

Президентимиз фермер ва ишчиларнинг меҳнат қилиши ҳамда дам олиши учун яратилган имкониятлар, оилавий шароитлари билан қизиқди. Намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган уй-жойлар халқимиз турмуш даражасини, дунёқарашини, маданиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда. 

"Шукрона" фермер хўжалиги раҳбари Ҳотам Жумаев, "Абдиев Мажид" фермер хўжалиги раҳбари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Суюн Абдиев, Ғузор туманидаги "Зарбдор" қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Раъно Жонқувватова, Шаҳрисабз педагогика коллежи ўқитувчиси, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори Шаҳноза Холмаҳматова, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси Эсон Ражабов ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида бутун мамлакатимизда бўлгани каби Қашқадарё вилоятидаги тараққиёт, ўзгаришлар одамларнинг ҳаёт даражасини ошираётгани, ўз мустақил фикрига, замонавий билим ва касб-ҳунарларга эга ёшлар катта ютуқларга эришаётганини алоҳида таъкидлади. 

Президентимиз Ислом Каримовнинг Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларига сафари давомидаги учрашув ва мулоқотлар, уларда билдирилган фикрлар амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юксак самаралар бераётганини, Ватанимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигини муттасил юксалтиришга хизмат қилаётганини яна бир бор намоён этди. 

 ЎзА

Ҳавола:http://www.uza.uz/oz/politics/islo-otlar-va-fidokorona-me-nat-samaralari-01-07-2016

Интерактив xизматлар

Ягона интерактив давлат xизматлари портали