Кўкаламзорлаштириш бўйича тажриба алмашув
"Ўзйўлкўкаламзорлаштириш" унитар корхонаси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят ҳудудий корхоналаридаги манзарали ўсимликлар питомникниклари раҳбар ва мутахассислари иштирокида ўқув семинари ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 11 сентябрдаги "Автомобиль йўлларининг архитектура-ландшафт қурилиши ва кўкаламзорлаштириш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори бўйича ташкил этилган мазкур корхона зиммасига – Республикамиз автомобиль йўллари бўйларидаги кўкаламзорлаштириш ишларини замонавий талабларига жавоб берган ҳолда, ягона тизимли ва комплекс асосда шакллантириш сифатини тубдан ошириш вазифаси қўйилган.
Иштирокчилар Тошкент Ботаника боғида манзарали ва бута ўсимликлар уруғларини тайёрлаш, сақлаш, стратификация қилиш ва экиш усуллари бўйича тажриба алмашган бўлсалар, М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институтида бир ва кўп йиллик гул кўчатларини уруғидан етиштириш, парвариш қилиш, иссиқхоналар ташкил қилиш ишлари билан таништирилди.
Тадбир қатнашчилари семинар якунида Алишер Навоий номли Ўзбекистон Миллий кутубхонасида бўлиб, китобхонликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишиб, соҳага оид миллий ва чет эл адабиётлари воситасида керакли маълумотлар олишди.
Автомобиль йўллари давлат қўмитаси
матбуот хизмати