Хозирда мазкур сайтнинг янги версияси яратилмокда

Logo

Кўмирчилик тармоғини барқарор ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди​

5359 6 Март, 2019 Чоп этиш Юклаб олиш (PDF 109 Kb)


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 5 март куни кўмир қазиб олиш тармоғини барқарор ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди. 

Кўмирчилик ёқилғи-энергетика таъминотининг ажралмас қисми бўлиб, иқтисодиёт тармоқлари, аҳолининг ижтимоий ҳаёти билан боғлиқ муҳим соҳалардан биридир. 

Юртимизда ҳар йили аҳоли хонадонларига 1 миллион тонна, ижтимоий соҳа объектларига 400 минг тонна кўмир етказиб берилади. Янги Ангрен ва Ангрен иссиқлик электр станцияларида энергия ишлаб чиқариш учун 4 миллион тонна кўмир ёқилади. 

Йиғилишда конларнинг салоҳияти юқори бўлса-да, кейинги йилларда кўмир қазиб чиқариш режалари бажарилмаётгани, тармоқдаги тизимли муаммолар бартараф этилмагани кўрсатиб ўтилди. 

Масалан, конлардаги техника ва технологиялар эскирган. Асосий хомашё базаси бўлган Ангрен конида янги шахталар очиш ишлари ортда қолган. Карьерларнинг қиялик бурчаги белгиланган меъёрдан ошиб, қазиш ишлари хавфли даражага етган. 

Шу каби масалаларни тез ва самарали ҳал этиш учун "Ўзбеккўмир" акциядорлик жамиятини профессионал ташқи бошқарувга бериш мўлжалланмоқда. 

Йиғилишда Ангрен конидаги ҳолатни яхшилашга қаратилган ишларни самарали ташкил этиш чора-тадбирлари белгиланди. 

Иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолининг яқин ва узоқ истиқболда кўмирга бўладиган талабини максимал даражада қоплаш учун Ангрен конини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди. 

Президентимиз "Ўзбеккўмир" акциядорлик жамиятининг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Молия ва Энергетика вазирликларига кўмир нархи тарифларини оптималлаштириш, тармоқнинг рентабеллигини ошириш, инвестиция харажатларини қоплаш бўйича топшириқлар берди. 

Кон очиш ишларини самарали ташкил этиш учун транспорт воситалари паркини янгилаш лозимлиги қайд этилди. Мутасаддиларга зарур самосвал ва бошқа махсус техника воситаларини энг мақбул таклифлар асосида харид қилиш вазифаси қўйилди. 

Шунингдек, бугунги кунда қазиб олиш ишларида фойдаланилмаётган техникалардан воз кечиб, ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш чораларини кўриш бўйича кўрсатмалар берилди. 

Ангрен конининг жанубий чегарасига яқин жойда яшаётган аҳоли хавфсизлигини таъминлаш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. 

Вазирлар Маҳкамасига юқорида қайд этилган масалалар, хусусан, "Ўзбеккўмир" акциядорлик жамиятини бошқариш самарадорлигини ошириш, бу борада профессионал ташқи бошқарувчини жалб этиш, тармоққа замонавий технологияларни жорий қилиш ва кўмир сифатини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш юзасидан топшириқлар берилди. 

Муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддилар ахборот берди. 

ЎзА

Интерактив xизматлар

Ягона интерактив давлат xизматлари портали