Хозирда мазкур сайтнинг янги версияси яратилмокда

Logo

Матбуот анжумани ўтказилди

9750 24 Апрел, 2017 Чоп этиш Юклаб олиш (PDF 1601 Kb)


2017 йилнинг 24 апрель куни Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун "Равон автомобиль йўллари – инсон манфаатларининг муҳим омили" мавзуида матбуот анжумани ўтказилди. 

Республикамиздаги жами автомобиль йўллар тармоғи 184 минг км узунликда бўлиб, ундан 42695 километри – умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларидир (2755 км узунликдаги "Ўзбек миллий автомагистрали" ҳам шу таркибга киради). Бундан ташқари, шаҳар кўчалари (7126 км), туман марказлари кўчалари (12529 км), қишлоқ аҳоли пунктлари кўчалари (64839 км), ички хўжалик йўллари (32066 км) ҳамда корхона ва ташкилотларнинг идоравий йўллари (24745 км) ҳам мавжуд.


2007 йил октябрда қабул қилинган "Автомобиль йўллари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига асосан Автомобиль йўллари давлат қўмитасининг асосий фаолияти махсус ваколатли орган сифатида - умумий фойдаланувдаги автомобиль йўлларини ривожлантириш бўйича давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш вазифаларига қаратилган. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 февралдаги "Йўл хўжалигини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонига асосан Автомобиль йўллари қуриш ва фойдаланиш давлат-акциядорлик компанияси ("Ўзавтойўл" ДАК) тугатилиб, Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитасини ташкил этилди.


Автомобиль йўлларини бошқариш бўйича махсус ваколатларга эга бўлган давлат органи сифатида Давлат қўмитасининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб - автомобиль йўллари соҳасида ягона техник сиёсатни олиб бориш, автомобиль йўллари тармоқларини ривожлантириш ва такомиллаштириш истиқболларини белгилаш, автомобиль йўлларининг халқаро транзит йўлакларини шакллантириш, автомобиль йўллари соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ва бошқа вазифалар белгиланди.

Фармонда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Йўл-қурилиш ишларининг сифати устидан назорат олиб борадиган Давлат инспекциясини ташкил этиш назарда тутилган эди. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 31 мартдаги қарорига биноан бевосита ҳукуматга бўйсунувчи ҳамда Республикадаги йўл қурилишини назорат қилувчи ваколатли давлат органи ҳам ташкил этилди.


Фармонга мувофиқ, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бўйсундирилди.

Минтақавий автомобиль йўлларининг йўл қопламалари ҳолатини зарур даражага келтириш ва уларни эксплуатация қилиш хусусиятларини ошириш орқали йўл-транспорт инфратузилмасини янада такомиллаштириш, аҳолининг ҳаёт фаолияти учун, айниқса, қишлоқ жойларда қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқларини ва ҳудудларини истиқболли ривожлантириш мақсадида 2017 йилнинг 14 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2017-2018 йилларда минтақавий автомобиль йўлларини ривожлантириш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди. 


Мазкур Дастурда 2017-2018 йилларда 5454 километр, жумладан, 2017 йилда – 2700 километр, 2018 йилда – 2754 километр хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўллари, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқ ва овулларнинг кўчаларини капитал ва жорий таъмирлаш, бу ишларни бажариш учун минтақавий йўлларни таъмирлашга ихтисослаштирилган ташкилотларни 330 та йўл техникаси билан таъминлаш, ички йўл ва кўчаларни босқичма-босқич хатловдан ўтказиш ҳамда уларни паспортлаштириш, бу борадаги ишлар натижалари бўйича электрон маълумотлар базасини яратиш вазифалари кўзда тутилган.

Жумладан, икки йил давомида Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 295 километр, Андижон вилояти бўйича – 324 километр, Бухоро вилояти бўйича – 439 километр, Жиззах вилояти бўйича – 222 километр, Қашқадарё вилояти бўйича – 679 километр, Навоий вилояти бўйича – 216 километр, Наманган вилояти бўйича – 309 километр, Самарқанд вилояти бўйича – 479 километр, Сурхондарё вилояти бўйича – 535 километр, Сирдарё вилояти бўйича – 267 километр, Тошкент вилояти бўйича – 516 километр, Фарғона вилояти бўйича – 520 километр, Хоразм вилояти бўйича – 321 километр ва Тошкент шаҳри бўйича – 332 километр йўллар ва кўчаларни таъмирлаш вазифаси қўйилган. 


Бугунги кунда ҳудудлардаги маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда тасдиқланган манзилли дастурлар асосида ушбу вазифалар бажарилмоқда. Хусусан, жорий йил бошидан то шунга қадар - Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 103,6 км, Андижон вилоятида – 128,3 км, Бухоро вилоятида – 94,3 км, Жиззах вилоятида – 77,3 км, Қашқадарё вилоятида – 81,4 км, Навоий вилоятида – 77,4 км, Наманган вилоятида – 70,6 км, Самарқанд вилоятида – 99,5 км, Сурхондарё вилоятида – 85,8 км, Сирдарё вилоятида – 87,7 км, Тошкент вилоятида – 97,6 км, Фарғона вилоятида – 152,6 км, Хоразм вилоятида – 73,6 км ва Тошкент шаҳрида – 25,9 км, Республика бўйича эса жами 1255,6 км ички йўллар ва кўчалар таъмирланди. Ушбу таъмирлаш ишлари бугунги кунда ҳам жадал суръатларда давом этмоқда.

Қўмита ва унинг таркибидаги корхона ва ташкилотлар томонидан, юқорида қайд этилганлардан ташқари, умумий фойдаланувдаги, халқаро, давлат ва маҳаллий аҳамиятда бўлган автомобиль йўлларидаги йўл қурилиш ва таъмирлаш ишлари давом эттириб келинмоқда. 


Жумладан, 2017 йилнинг ўтган 1-чораги давомида Инвестиция дастури бўйича 59,7 млрд. сўмлик реконструкция ишлари, капитал таъмирлаш дастури бўйича 9,4 млрд. сўмлик, жорий таъмирлаш ва сақлаш ишлари бўйича эса 195,3 млрд. сўмлик миқдоридаги бажарилди. 710 километрдан ортиқ умумий фойдаланувдаги автомобиль йўллари ҳолати яхшиланди.

Матбуот анжуманида қўмита раҳбарияти ҳамда бўлинма бошлиқлари журналистларни қизиқтирган барча саволларга жавоб қайтаришди.

Қўмита раиснинг ўринбосари бош-мухандис:О. Адиловнинг маърузаси

Автомобиль йўллари давлат қўмитаси

матбуот хизмати

Интерактив xизматлар

Ягона интерактив давлат xизматлари портали