Хозирда мазкур сайтнинг янги версияси яратилмокда

Logo

Оила чароғбони, жамият кўрки

10670 8 Март, 2017 Чоп этиш Юклаб олиш (PDF 114 Kb)


Баҳорнинг илк кунларида хотин-қизлар байрамининг нишонланишида ҳам ажиб бир рамзий маъно борга ўхшайди. Зеро, баҳор ҳам, аёл ҳам гўзаллик, нафосат ифодасидир. 

Шу кунларда бутун мамлакатимиз бўйлаб 8 март – Хотин-қизлар куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланмоқда. 

Пойтахтимизда ўтган байрам тадбирига Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳридан турли соҳаларда меҳнат қилаётган илғор аёллар таклиф этилди. 

Байрам иштирокчилари Мустақиллик ва эзгулик монументи – Бахтиёр она ҳайкали пойига гуллар қўйди. Пойтахтимизда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишди. Ўзбек Миллий академик драма театрида "Иймон" спектаклини томоша қилди. 

"Наврўз" давлат қабуллар уйида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев тадбирда иштирок этиб, мамлакатимиз хотин-қизларини ушбу айём билан табриклади. 

Давлатимиз раҳбари адабиёт, санъат, фан, таълим, маданият, спорт соҳаларида эришган алоҳида ютуқлари учун Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланган 15 қизга ана шу юксак мукофотларни тантанали равишда топширди. 

Зулфия номидаги Давлат мукофотининг бу йилги соҳибалари – Тошкент шаҳри Миробод енгил саноат ва сервис касб-ҳунар коллежи ўқувчиси, 2016 йилги Олимпия ўйинлари иштирокчиси Нигора Турсунқулова, Қорақалпоқ давлат университети қошидаги 1-академик лицей ўқувчиси Айжамал Караматдинова хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини янада ошириш борасида кўрсатаётган эътибори учун Президентимизга самимий миннатдорлик билдирди. 

Тадбирда қатнашган онахонлар, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар, хотин-қизлар ташкилотлари, турли вазирлик ва идоралар вакилалари, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари тўкин дастурхон атрофида суҳбат қурди. 

Ўзбекистон халқ шоирлари Иқбол Мирзо, Маҳмуд Тоир, Сирожиддин Саййид оналарга, аёлларга бағишланган шеърларидан  ўқиди.  

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева мамлакатимизда инсон манфаатларини таъминлаш, аёлларнинг турмуш шароитларини яхшилаш, саломатлигини мустаҳкамлаш, қобилият ва интилишларини рўёбга чиқариш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар юксак самаралар бераётганини таъкидлади. 

Биринчи Президентимизнинг 2004 йил 25 майда қабул қилинган "Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони ушбу тузилма ишини такомиллаштириш, аёллар ҳаётидаги ролини ошириш, маҳаллалардаги маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, соғлом оилаларни шакллантиришда муҳим омил бўлди. 

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, давлат ва жамият бошқарувидаги ўрнини кучайтириш, хотин-қизлар, касб-ҳунар коллежлари битирувчи қизларининг бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш, оила асосларини янада мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар белгиланган. "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" Давлат дастурида ҳам хотин-қизлар масаласига алоҳида эътибор қаратилган. 

Байрам санъат усталари ва ёш ижрочиларнинг концерт дастури билан якунланди. 

ЎзА

Интерактив xизматлар

Ягона интерактив давлат xизматлари портали