ОТБ билан ҳамкорлик
Қатор йиллар мобайнида Осиё тараққиёт банкининг инвестициялари Ўзбекистондаги талай соҳалар қатори, автомобиль йўллари қурилиши ва таъмирида ҳам муваффақиятли жорий этиб келинмоқда.
Хусусан, бугунги кунда мазкур халқаро молиявий институтнинг – мамлакатимиздаги А-380 "Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу" автомобиль йўлининг 87 км қисмида (150 млн. АҚШ доллари) ҳамда "Қарши-Шаҳрисабз-Китоб" автомобиль йўлининг 77 км қисмида (198 млн. АҚШ доллари) реконструкция ишлари учун – умумий ҳисобда жами 348 млн. АҚШ доллари миқдоридаги кредит маблағлари жалб этилган. Айни вақтда янги лойиҳалар ҳам кўриб чиқилмоқда.
Пойтахтимиздаги "Miran" меҳмонхонасида, Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси ҳамда Осиё тараққиёт банки ҳамкорлигида ташкил этилган семинар ҳам – ҳамкорлик далили. Семинарнинг биринчи куни – "Йўлларни баҳолаш бўйича халқаро дастурлар"га ҳамда иккинчи куни эса "Интеллектуал транспорт тизимлари" мавзуларига бағишланди.
Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, дунё бўйича йилига 1 миллиондан зиёд инсон – содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳаётдан кўз юммоқда. Ачинарлиси, бу рақам йилдан-йилга камайиб бораётгани йўқ.
Ўтказилган семинарнинг асосий мақсади – йўл ҳаракатларидаги хавфсизликни баҳолаш даражасини ўрганиш ва таҳлил қилиш, йўллардаги хавфсизликни ошириш бўйича инвестицион режаларни ишлаб чиқиш, йўл соҳасига интеллектуал транспорт тизимларини жорий этиш каби масалаларни муҳокама этишдан иборат бўлди.
Автомобиль йўллари давлат қўмитаси
матбуот хизмати