Хозирда мазкур сайтнинг янги версияси яратилмокда

Logo

"Ўзавтойўл" АК Бошқарувининг 2016 йил I ярим йиллик якунлари бўйича йиғилиши

8982 27 Июл, 2016 Чоп этиш Юклаб олиш (PDF 287 Kb)


2016 йилнинг 26 июль куни "Ўзавтойўл" АК мажлислар залида компания бошқарувининг 2016 йил I ярим йиллик якунлари бўйича кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда компания тизимидаги ҳудудий бўлинмалар, соҳавий корхона ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди. Йиғилишни компания бошқарув раиси А.Абдувалиев олиб борди.

Дастлаб, жорий йил давомида йўл хўжалиги корхоналари томонидан автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш ишлари Президентимиз ва Ҳукумат томонидан белгилаб берилган дастурлар доирасида олиб борилаётгани хусусида сўз юритилди. 

Сўнг эътиборни жорий йилнинг биринчи ярмида эришилган натижаларга қаратилди. Йиғилишда таъкидланганидек, "Ўзавтойўл" компанияси корхоналари томонидан 2016 йилнинг I ярим йиллиги давомида жами 575,0 млрд.сўмлик йўл қурилиш, таъмирлаш, сақлаш ва ташқи пудрат ишлари бажарилди. Мазкур кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 110,2 % ни ташкил этди.

Инвестиция дастури бўйича жорий йилнинг I ярим йиллигида жами 442,2 млрд.сўм миқдоридаги реконструкция ишлари бажарилиб, 157,6 км узунликдаги автомобиль йўллари тўлиқ реконструкция қилинди. Жумладан, Ўзавтойўл компанияси корхоналари томонидан 182,8 млрд.сўмлик йўл ишлари бажарилиб, 62,1 км узунликдаги автомобиль йўллари реконструкция қилинди. 

Мазкур кўрсаткич шартномавий мажбуриятга нисбатан 103,8%ни ташкил этди. 

Капитал таъмирлаш дастури бўйича халқаро, давлат ва маҳаллий аҳамиятдаги умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида "Ўзавтойўл" компанияси корхона ва ташкилотлари томонидан 44,6 млрд.сўмлик йўлларни мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, 25,0 км узунликдаги автомобиль йўллари таъмирланиб, фойдаланишга топширилди. Мазкур кўрсаткич шартномавий мажбуриятга нисбатан 106,2% ни ташкил этди. 

Шу билан бирга, компания корхоналари томонидан умумий фойдаланувдаги автомобиль йўлларини жорий таъмирлаш ва сақлаш ишлари бўйича жорий йилнинг I ярим йиллигида 324,0 млрд.сўм миқдоридаги йўл ишлари бажарилди. Жумладан, жорий таъмирлаш ишларида – 208,3 млрд.сўмлик, сақлаш, қишки қаров ва кўкаламзорлаштириш ишларида – 115,7 млрд.сўмлик ишлар бажарилди, ҳамда 1040 км дан ортиқ умумий фойдаланувдаги автомобиль йўлларининг ҳолати яхшиланиши таъминланди. 


Шунингдек, ҳисобот даврида компания корхона ва ташкилотлари томонидан жами 132 таянги иш ўринлари (I ярим йиллик прогнозига нисбатан 121,1 %) очилиши таъминланди.

Шу билан бир қаторда, йиғилишда тизим корхоналари томонидан 2016 йилнинг II ярим йиллигида амалга оширилиши лозим бўлган долзарб ва устувор масалаларга тўхталиб ўтилди. 

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 6 мартдаги ПҚ-2313-сонли, ҳамда 2015 йил 25 декабрдаги ПҚ-2458-сонли  қарорлари билан белгиланган дастур доирасида ҳамда соҳага оид бошқа қарорлар ижросини таъминлаш бўйича жорий йилнинг II ярим йиллигида "Ўаавтойўл" компанияси томонидан 375,2 млрд.сўмлик реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари бажарилиши режалаштирилганига алоҳида эътибор қаратилди. Унга кўра жорий йилнинг иккинчи ярмида: 

- Инвестиция дастури бўйича 280,1 млрд.сўмлик,жами 114,2 км  узунликдаги умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари реконструкция қилинади; 

- Капитал таъмирлаш дастури бўйича 95,1млрд.сўмлик, жами 81,9 км узунликдаги автомобиль йўллари тўла таъмирланади. 

- Шунингдек, компания тизимидаги корхоналар томонидан 

154,0 млрд.сўмдан ортиқ жорий таъмирлаш ва 97,4 млрд.сўмлик эксплуатация ишлари бажарилиб, умумий фойдаланувдаги автомобиль йўлларининг техник ҳолати яхшилаб борилади.

Йиғилиш давомида соҳадаги йўл қурилиши ва унинг таъмиридаги сифатга эътибор қаратиш, тизимдаги корхоналар томонидан ишлаб чиқаришни модернизатсиялаш, пудратчи корхоналарга ёнилғи мойлаш маҳсулотларининг етказиб берилиши каби масалаларга танқидий ёндашилиб, мавжуд муаммоларни ижобий ҳал этиш йўллари муҳокама қилинди.

Бошқарув йиғилиши якунида кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

"Ўзавтойўл" АК матбуот хизмати


Интерактив xизматлар

Ягона интерактив давлат xизматлари портали