Хозирда мазкур сайтнинг янги версияси яратилмокда

Logo

"Ўзавтойўл"нинг жанубдаги бир корхонаси фаолияти

11018 26 Январ, 2017 Чоп этиш Юклаб олиш (PDF 535 Kb)


"Ўзавтойўл" компаниясининг мамлакатимиз ҳудудларида фақатгина ҳудудий бўлинмалари фаолият кўрсатиб қолмасдан, йўл қурилиши ва таъмирига ихтисослашган корхоналар ҳам талай. Шулардан бири - Жанубий халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобиль йўлларини сақлашга ихтисослаштирилган таъмирлаш-фойдаланиш корхонаси бўлиб, у Қарши шаҳрида фаолият кўрсатади.

Корхона 2006 йилдан буён фаолият кўрсатиб, асосан Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидаги, умумий узунлиги 2655 км бўлган халқаро ва давлат аҳамиятидаги М-39, А378 ва А380 автомобиль йўлларининг соз ҳолатда бўлиши, қурилиши ва таъмири учун жавобгар ҳисобланади. Корхонада жами 555 та ишчи-хизматчи фаолият кўрсатади, шундан 107 таси инженер техник ходимлардир. 

Корхона томонидан ўтган 2016 йилда салмоқли рақамларда қурилиш, реконструкция ва таъмир ишлари амалга оширилди. Улардан айримларини санаб ўтадиган бўлсак:

- М-39 "Алмати–Бишкек–Тошкент–Термиз" автомобиль йўлининг 1240-1265 км қисми қайта қурилди;

- 4Р 90 б "Қарши аэропортига кириш" автомобиль йўлининг 0-3 км қисми тўла таъмирланди;

- 4Р-89 "Қарши–Таллимаржон ИЭС" автомобиль йўлининг Туркманистон билан чегара ҳудудидаги 59-60 км қисми тўла таъмирланди;

- А-380 "Ғузор-Қарши-Бухоро-Нукус-Бейноу" автомобиль йўлининг 58-60 км қисми қайта қурилди, 58-км да жойлашган кўприк ва ер ости пиёдалар ўтиш жойи қуриб битказилди;

- Қарши шаҳридаги Ўзбекистон, Алишер Навоий, Бунёдкорлик, Насаф, Қарлуқобод, Жайҳун, Олимлар, Меҳригиё, Яккабоғ кўчаларидаги реконструкция ва таъмирлаш ишлари давом эттирилди.


Бу ишларда корхона томонидан 10 та оғир юк ташувчи "МАN" русумидаги автосамосвал ва бошқа техникаларнинг харид қилинганлиги, корхона тасарруфидаги асфаль-бетон ва темир-бетон цехларининг мунтазам ишлаб турганлиги ҳам ўзига хос ҳисса қўшди.

Корхона директори Бекмурод Раҳимовнинг айтишича, ишчи ва хизматчиларнинг 2017 йилда ўз олдиларига қўйган мақсадлари ҳам улкан. Жумладан, жорий йилда 5 км автомобиль йўлини реконструкция қилиш, 3 км йўлни капитал таъмирлаш, 23 км автомобиль йўлларида тўла таъмирлаш ишларини олиб бориш, 34 км ички хўжалик йўлларида таъмир ишларини олиб бориш, 17 турдаги техникалари, юк ташувчи машиналар ва автосамосваллар харид қилиниши режалаштирилмоқда.


Компания тизимида бу каби йўл қуришдек савобли ишга бел боғлаган одамлар жамланган корхоналар эса бир неча ўнлаб топилади...

"Ўзавтойўл" АК матбуот хизмати

Интерактив xизматлар

Ягона интерактив давлат xизматлари портали