Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Москвага келди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан 4 апрель куни давлат ташрифи билан Москвага келди.
Икки давлат байроқлари билан безатилган "Внуково-2" аэропортида олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Давлатимиз раҳбарини Россия Федерацияси ҳукумати аъзолари кутиб олди.
Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлаш, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, илмий-техник, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қиладилар, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик муаммолар юзасидан фикр алмашадилар.
Мамлакатимиз Президентининг давлат ташрифи чоғида икки давлат Президентларининг Қўшма баёноти, Ўзбекистон билан Россиянинг турли соҳалардаги ҳамкорлигини янада ривожлантиришга қаратилган 50 дан ортиқ ҳужжат имзоланиши мўлжалланган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россияга давлат ташрифига тайёргарлик доирасида мамлакатимизнинг Москва шаҳридаги элчихонасида 3 апрель куни Ўзбекистон ва Россия ўртасида ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди. Икки давлат ваколатли вакиллари савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларида умумий қиймати 3,5 миллиард АҚШ долларидан ортиқ бўлган 16 та икки томонлама битим, шартнома ва бошқа ҳужжатларни имзолади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 5 апрель куни Москва шаҳридаги "Номаълум аскар" ёдгорлигига гул қўйди.
Мазкур ёдгорлик Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган Ватан ҳимоячилари хотирасига бағишлаб бунёд этилган.
Шавкат Мирзиёев тинчлик, озодлик йўлида жон фидо қилган ватанпарвар инсонлар хотирасига ҳурмат бажо келтирди.
Маълумки, шу йилнинг 3 апрель куни Санкт-Петербург шаҳри метросида террориристик ҳаракати содир этилиб, инсонлар ҳалок бўлди. Давлатимиз раҳбари улар хотирасини ёдга олиб, шу ердаги "Ленинград – қаҳрамон шаҳар" ёдгорлиги пойига гул қўйди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси ҳукумати Раиси Дмитрий Медведев билан учрашди.
Дмитрий Медведев Шавкат Мирзиёевнинг Россия Федерациясига ташрифидан миннатдор эканлигини билдирди.
– Ўзбекистон Россиянинг энг ишончли ҳамкорларидан бири, – деди Дмитрий Медведев. – Икки давлат турли соҳаларда ишончли ҳамкорлик қилиб келмоқда. Сизнинг ташрифингиз давомида жуда катта лойиҳалар бўйича келишувларга эришиш кўзда тутилган. Мен ташрифингиз самарали бўлади ва икки дўст давлатнинг ҳамкорлигида янги саҳифа очилади, деб ишонаман.
– Санкт-Петербургда рўй берган машъум воқеа муносабати билан чуқур ҳамдардлигимни қабул қилгайсиз, – деди Шавкат Мирзиёев. –Терроризм чегара билмайдиган хавфдир, шу боис унга қарши кучларни бирлаштирган ҳолда курашиш лозим.
Президентимиз ушбу ташриф ўзаро алоқаларни янги босқичга кўтариш, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашиш учун қулай имконият эканлигини таъкидлади.
– Бугунги мулоқотларимиз кўп соҳалардаги ҳамкорлигимизда янги даврни бошлаб беришига ишонаман, – деди Шавкат Мирзиёев.